Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Гулнора Каримовани ҳибсга олишга санкция берган Тошкентнинг «темир прокурор»и қўлга олинди

Гулнора Каримовани ҳибсга олишга санкция берган Тошкентнинг «темир прокурор»и қўлга олинди

Фото: «Rferl.org»

«Xabar.uz»га маълум қилишларича, Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси Мираълам Мирзаев қўлга олинган. Ҳозирча бу хабар расман тасдиқлангани йўқ.

Мираълам Мирзаев ўз лавозимида узоқ йиллар давомида ишлаб келган ва қизиқ жиҳати унинг бевосита раҳбарлари алмашинуви ҳам Мирзаевга дахл қилмаган. У Президент Шавкат Мирзиëев 2017 йилнинг 9 февраль кунги селектор йиғилишида ички ишлар ҳамда прокуратура тизимларини танқид қилганидан бир неча кун ўтиб ишдан олинган эди.

Шунингдек, у Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари лавозимида ишласа-да, Тошкент шаҳрига янги прокурор тайинланиши жараёнида қатнашмагани, ўзи ва унга содиқ бир қатор туман прокурорлари билан бирга янги тайинловга шу тарзда «бойкот» эълон қилгани, Гулнора Каримовани ҳибсга олиш ҳақидаги санкцияга айнан Мираълам Мирзаев имзо чеккани хусусида ҳам маълумотлар бор.

Мазкур ҳибсга олишлар собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳибсга олинишининг узвий занжири дея баҳоланмоқда. Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача мазкур жиноят иши юзасидан собиқ Бош прокурор Рашид Қодировнинг куёви, Миллий хавфсизлик хизмати терговчиси  Нодир Тўрақулов, Президентнинг собиқ давлат маслаҳатчиси, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Жамшид Файзиев, Ўзбекистон Бош прокурорининг собиқ ўринбосари, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Суннатов қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик. Ҳозирча бу маълумотлар расман тасдиқланганича йўқ.

Ҳозирча собиқ прокурор қаерда сўроқ қилинаётгани, у нимада айбланаётгани маълум эмас. Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бу маълумотни тасдиқламади ҳам, инкор ҳам этмади. «Xabar.uz» воқеалар ривожини кузатиб боради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг