Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Трамп – демократияга хавфдир...» Президент ва номзод ўртасидаги баҳс авжига чиқмоқда

«Трамп – демократияга хавфдир...» Президент ва номзод ўртасидаги баҳс авжига чиқмоқда

Фото: «news.yahoo.com»

АҚШнинг 46-президенти бўлиш учун кураш тобора қизимоқда. Барча номзодлар аллақачон 2 миллиард доллар маблағни сарфлаб бўлишди. Сайловлар 2020 йил 3 ноябрда бўлиб ўтади. Бироқ унгача партиялар ичида ягона номзодни аниқлаш бўйича рақобат кечмоқда. 25 нафар демократ номзод орасида ҳозирча етакчилик Жо Байден қўлига ўтган.

Жозеф Байден, ҳозирда 76 ёшда. Унинг ота-онаси аждодлари асли келиб чиқиши Англия ва Ирландиялик бўлишган. Делавэр ва Сиракуз университетларида таҳсил олди. Санъат бўйича бакалавр, ҳуқуқ бўйича фан доктори даражасига эга бўлди.

Делавэр штатининг сенатори сифатида оз эмас-кўп эмас, 36 йил ишлади (1973-2009) фаолият кўрсатди. Энг эътиборлиси, сенатор этиб сайланишнинг энг минимал ёшида у ғалаба қозонган эди. Бу орқали у АҚШнинг энг ёш сенатори номини олди.

«Тime» журнали уни 1974 йилдаёқ «келажакда тарихни ярата оладиган 200 нафар шахс» рўйхатига киритган эди.

1987-1995 йилларда Сенатнинг суд қўмитасига раҳбарлик қилди. 1988 йилда бош мияси икки қон томирида аневризм ташхиси қўйилган эди. Шундан кейин у касалхонага олиб келинади ва шошилинч операция ўтказилади. 7 ой ўтиб, тўлиқ соғайди ва яна сенатдаги ишига чиқди. 2001-2003 ва 2007-2009 йилларда Сенатнинг ташқи сиёсат қўмитаси раиси сифатида ишлаши халқаро муносабатлар соҳасини чуқурроқ тушунишига хизмат қилди.

У баъзан арман лоббиси манфаатларини ҳимоя қилган. 1995-2007 йилларда Конгрессда арман ишлари бўйича гуруҳ таркибига кирар эди. У Озарбайжонга қарши меъёрий ҳужжат қабул қилиниши, Арманистон ва Тоғли Қорабоғга молиявий ёрдам кўрсатилиши учун овоз берган.

1987 йилда АҚШ президентлиги учун номзодини илгари сурди. Бироқ талабалик йилларидаги оммавий маърузаларни кўчириб олганликда (плагиатликда) айбланди ва бошланаётган катта можаро туфайли ўз номзодини қайтариб олади.

2008 йилга келиб президентлик сайловларида ўз номзодини қайта илгари сурди. Бироқ бу гал ҳам яхши баҳона топилди. Сенатнинг янги муддатидаги сайловларга эътибор қаратиш баҳонасида ўз номзодини чақириб олди.

Яна бир номзод Барак Обама эса 2008 йил 23 августда Байденни АҚШ вице-президентлигига номзод этиб кўрсатганди. Бу икки сиёсатчи ўртасида албатта, катта келишув бўлгани аниқ ва Байден мамлакатда иккинчи одам бўлиш имкониятини қўлдан бермаслик учун ҳам ўзи ўйиндан чиқди.

Фото: «24tv.ua»

Хуллас, 2009-2017 йилларда Барак Обамага вице-президентлик даврида катта сиёсат қозонида обдон пишди. 2017 йилда Пенсильвания университетида халқаро дипломатиядан талабаларга сабоқлар беришга қарор қилди. Шу билан бирга Вашингтондаги дипломатия, ташқи сиёсат ва миллий хавфсизлик бўйича янги марказга раҳбарлик қила бошлади.

Шу йил 1 январда демократларнинг норасмий етакчиси Хиллари Клинтон бу галги президентлик сайловларида иштирок этиш режаси йўқлигини билдиргач, Байден 25 апрелдан ўзининг навбатдаги сайловларда иштирокини бошлади. 

У икки бор турмуш қурган. 4 нафар фарзанди бор. Биринчи рафиқаси Нелия ва бир ёшли қизи 1972 йилда автоҳалокат чоғида оламдан ўтган. Бу пайтда автомобилда бўлган Бо ва Хантер исмли ўғиллари оғир жароҳат олса-да, тирик қолишди. Аммо Бо 2015 йилда бошидаги саратон хасталиги туфайли оламдан ўтди. У бир неча йил ўтгач, инглиз тили ўқитувчиси Жилл Трейси Жекобс билан турмуш қурди ва уларнинг Эшли исмли қизи дунёга келди.

Байден сенаторлик йилларида камтарлиги, электорати ишончини қозонгани, мулоқотга тайёрлиги билан шуҳрат қозонган. Узоқ вақтлар жамоат транспортидан фойдаланди, шаҳар электричкасида ишга етиб оларди.

У иқтисодий жиҳатдан доим мустақил бўлиб, биргина 2007 йилда Сенатдаги лавозимида 300 минг доллар маош олган.

Байденнинг меҳнат фаолияти шуҳрат, жасорат, қатъий иродага тўла. Лекин бу сифатлар унинг президент бўлиши учун етарлими?

Асосий рақиблар ҳозирча Сандерс ва Элизабет Уоррен

Демократлар партияси ўз таркибидан ягона номзодни 2020 йил 13-16 июл кунлари Висконсин штатидаги Милуоки шаҳрида бўлиб ўтадиган қурултойда эълон қилиши керак. Ҳозир номзодлар ўртасида қизғин дебатлар бошланган. 

Республикачилардан фарқли равишда демократлар ҳанузгача ўз орасидан яққол фаворитни аниқлаб олишгани йўқ. Байден ўз номзодини эълон қилган биринчи кундаёқ унинг штаби 6,3 миллион доллар ишлаган эди. У бу жиҳатдан ҳам шубҳасиз етакчи. Августда ўтказилган сўровларга кўра сайловчиларнинг 23 фоизи унга овоз беришга тайёр.

Байден демократлар орасида ўз позициясини анча мустаҳкамлаб олганига қарамай, партиядошлари Берни Сандерс ва Элизабет Уоррен ортидан таъқиб қилиб келмоқда. Сандерс АҚШ сиёсатининг ҳақиқий «отахони» бўлиб, демократларнинг тараққийпарвар қаноти етакчисидир. У ёши анча улуғ, 80 ёшга қараб кетаётган бўлса-да, куч ва ғайратга тўла, АҚШ жамиятини радикал тарзда ўзгартириш тарафдоридир.

Президент Дональд Трамп эса борган сари Байденга танқидлар ёмғирини кучайтирмоқда.

«Байден демократлар курашида сенат аъзоси Элизабет Уорренга тўлиқ ютқазиши мумкин. Покахонтас «Уйқудаги Жо»ни қувиб ўтишга қодир», деб уларни калака қилди.

У Байденни ҳар доим уйқучи деб атайди. Чунки турли дебатлар ва оммавий тадбирларда ўзини эринчоқдай тутади. Яқинда эса айрим саналар ва шаҳар номини адаштириб қўйгани учун «Байден ақлдан озган» деб ҳақорат қилишдан ҳам тоймади.

«У шунчаки президентликка номзод», деб баҳо берди. 

Кичик Бушни ақлсизликда айблаган

Ташқи сиёсат Байденнинг чуқур тушунган ва дастурида устувор йўналишлардан. У халқаро майдондаги энг қийин ва муҳим сиёсий муаммоларини ҳал қилишга қодир шахс.

Собиқ президент, кичик Жорж Бушнинг 2001 йил декабрда Россия билан имзоланган Ракетага қарши мудофаа бўйича шартномадан чиқиб кетиш бўйича кампания бошлаганида Байден унинг мухолифига айланганди.

Мамлакат хавфсизлигига жавоб бермайдиган бу ғояни «назарий миссия» ва тўлиқ ақлсизликка олиб боради», деганди.  

Ироқнинг федератив давлат қурилишини яъни курдлар, суннийлар ва шиаларга ажралиб чиқишини қўллаб-қувватлаш бўйича 2007 йилдаги қонун лойиҳаси муаллифи бўлган.

У ўз ташқи сиёсатда асосий ўйинчи сифатида Украинани илгари сурмоқда. Ушбу мамлакатни қурол-яроқ билан таъминлаш, ҳарбий ўқитиш дастурларини кенгайтириш, энергетик жиҳатдан Россияга қарамлигини камайтиришга интилишини маълум қилди.

АҚШ учун Украина Россияга қарши турувчи қудратли воситадир. У Украинага ёрдам бериш орқали Россиянинг глобал таҳдидини тийиб туриш ниятида. Лекин айрим фикрлари Украинани АҚШ бошқарармикан, деган тасаввур ўйғотади.

Масалан, Украинадаги коррупцияга қарши кураш Байденнинг асосий мавзулардан бири бўлмоқда. Яъни президент бўлса, коррупцияга қарши кураш доирасида Украинада мустақил прокурор ва судяларни тайинлашини билдирган.

Булардан кўринадики, Россия билан зиддият унинг ташқи сиёсатида устувор йўналиш бўлиб, расмий Москвага қўлланаётган санкцияларнинг олиб ташланишига умид қилмаса ҳам бўлади.

У билагимдан тутиб, сўнг ўпди...

Бироқ консерватив матбуот уни ва ўғли Хантернинг Украинанинг собиқ экология вазири, газ компанияси хўжайини Николай Злочевский билан шубҳали алоқалари борлик, у қамалиши чоғида прокурорни истеъфога чиқаришда айбламоқда. У ўшанда вице-президентлигинидан фойдаланиб, украиналик прокурорни ишдан олиш бўйича расмий Киевга кучли босим ўтказган экан.

Унинг ўғли ҳисоб рақамига Украинадан 3 миллион доллар келиб тушгани ҳам фош бўлган. Қолаверса, Хантер сўнгги 5 йил давомида Украинадаги энг йирик хусусий газ компанияси – «Burisma Holdings» директорлар кенгаши аъзоси сифатида ишлаган ва отаси сайловда иштирокини эълон қилгач, ундан кетган эди.

Трамп шов-шув кўтарилгани сари бу қонунга зид иш бўйича тергов олиб борилса, яхши бўлишини айтиб бош прокурорга тавсия берди.

Байденнинг сайлов штаби вакиллари раддиясига кўра, «Байден ҳар доим ҳокимият бўлишининг этика талабларига қатъий амал қилиб келмоқда. У президент Обама билан биргаликда қандайдир бошқа манфаатларга ён босмасдан ишлаган. Ўғлининг хусусий бизнесига ҳеч қандай тарзда иштирок этмаган ва буни ҳатто муҳокама ҳам қилмаган».

Аммо ўғилтой «Нью Йоркер» журналига яқинда берган интервьюсида гиёҳванд моддалар ва алькогол маҳсулотларни кўп миқдорда истеъмол қилиши ҳақида очиқ сўзлагани янги можаролар тўлқинини келтириб чиқармоқда. Йигитча 2014 йил февралда кокаин истеъмол қилгани учун ҳарбий денгиз кучлари захирасидан бўшатилган эди.

Трамп «Байденнинг уйида ҳаммаси жойида эмас, қандай қилиб бутун мамлакатни бошқариши мумкин», дея луқма ташлади.

Бу ҳали ҳолваси эсак. Сиёсатчининг 2019 йил баҳорида сайловда иштирок этишини худди кутиб тургандай, бирданига бир неча аёл Байден томонидан уларга нисбатан ахлоқсиз муомала бўлганини эслаб қолди.

Демократик партиядан Невада штати губернаторлиги ўринбосарлигига номзодини илгари сурган Люси Флорес хоним шундай дейди: «Бу воқеа 2014 йил ноябрда сайловолди чиқишларида бўлган эди. У орқа томонимдан менга жуда яқинлашиб келди. Нима бўлаётганини англашга ақлим ожиз эди. Жуда қаттиқ ҳаяжонда эдим. Бирдан билагимни ушлади ва сочларимни силади, сўнг бошимдан ўпиб турди».

Демократик партиянинг девони ходимаси Эми Лаппос эса Байден уни уялмай-нетмай қучиб олгани ҳақида интервью берди.

Байден эса аёлларга ҳурматсиз ва таҳқирловчи ҳаракатларга йўл қўя олмасликларини айтди. Агар шундай қилган бўлса нега улар ўша вақтда тегишли жойларга мурожаат қилмай, айнан энди бу мавзуни кўтаришаётгани заминида сиёсий масхарабозлик борлигини таъкидлади.

«Қолаверса, мен узоқ йиллар мен сайлов кампанияларимда сон-саноқсиз инсонларнинг қўлини қисганман, уларни дўстона қучоқлаганман, қўллаб-қувватлаганман, оғир вазиятда хотиржамликка чақирганман. Лекин ҳеч қачон ўзимни ахлоқсиз кишидай тутмаганман», дейди Байден.

Бу бўйича Трамп фикр билдирмади. Чунки унинг ўзини ҳам аёлларга шилқимлик ва суюқлик қилганликда айлаб, анча қийнашган эди.

Айрим шарҳловчилар ҳозир америкача социализм учун курашаётганини, Байден эса либерал Америка тарафдори эканлигини, у бу орқали эски анъаналар тарафдори эканлигини айтишмоқда. Бу билан у келажакни кўра олишга қодир эмас, деб ҳисоблашади.

Трамп демократияга хавфдир...

«Трампнинг президентлик йилларида Американи Америка қилган барча нарсалар – миллатимиз асосий қадриятлари, жаҳондаги ўрнимиз, демократиямиз хавф остида қолди. Бизнинг жамият ва унинг бутун институтлари бўлинмасдир», деди АҚШнинг амалдаги президентини тўғридан тўғри танқид қилар экан.

У Трамп маъмуриятининг адлия тизимини, айниқса Федерал тергов бюросини тизим сифатида тўлиқ камситаётганини жиддий танқид қилмоқда ва вазиятни фожиавий даражада деб атаган.

Шунингдек, Трампни АҚШда экстремистик ғояларни тарқатиш, экстремизмга қарши курашни молиялаштириш бўйича давлат харажатларини қисқартиришда айбламоқда.  

«Трамп жаноблари ўзининг иммигрантларга қарши қаратилган чиқишлари билан оқ танлиларнинг устунлигини, тенгсизлик ҳақидаги ғояларини оловлантирмоқда. У зиддият, ирқчилик ва бўлиб ташлаш тамойилларига асосланган сиёсий стратегияни ҳеч иккиланмай юритмоқда. Камбағал болалар ҳам оқ танлилар ва бойларнинг болалари каби истеъдодли ва қобилиятлидир», дейди у куюниб.

Трампнинг экстремистик ғоялари салбий оқибати сифатида шу йил 3 августда Техас штатининг Эл-Пасо шаҳридаги савдо маркази ҳудудида 21 ёшли оқ танли йигитнинг қуролдан ўт очиши оқибатида 22 нафар киши қурбон бўлганини танқид қилди.

Қотил ҳатто интернетда мексикалик иммигрантларни Техасга кириб келишига йўл қўймаслик чағириғи баён этилган манифестни ҳам жойлаштиришга улгурган.

Байден бу чиқишлари орқали АҚШда яшаётган қора танли ва лотин америкаликларни, ўрта ва қуйи қатлам вакиллари овозини жамғаришни кўзлаётгани ҳам эътиборга молик. Чунки ҳозир АҚШда ижтимоий тенгсизлик шу қадар кучаймоқдаки, бу социализм ғояларининг баравж куртак ёзишига олиб келмоқда.

Ёш масаласи ҳам унга панд бериб қўйиши мумкин. «NBC News» ва «The Wall Street Journal» нашри ўтказган сўровларга кўра, 62 фоиз америкаликлар 75 ёшдан катта номзодларга овоз беришни умуман истамаслигини билдирган.

Байденнинг донишманд сиймоси ўзидан уч ёш катта Сандерс, уч ёш кичик Трамп каби жўшқин ва ғайратли кўринмайди. Шу билан бирга АҚШда ёш бироқ ўта тажрибали ва кучли сиёсатчилар ниҳоятда камлигини ҳисобга олсак, ёшларга таянишга ҳали жуда умид қилмаса бўлади.

У демократлар орасидан ягона номзод қилиб кўрсатилса ҳам Трампнинг катта молиявий маблағларга эгалиги, ўзининг барқарор сиёсий элитаси шакллангани Байденни мушкул аҳволга солиши мумкин.

Аммо, федерал тергов бюроси каби АҚШ адлия тизимининг мустаҳкам устунлари билан ҳамкорликни ўрната олса, ҳали тергов амалиётлари узил-кесил тўхтамаган Трампни бурчакка қисиб қўйиши ҳам мумкин.

Л.Ҳасан ўғли

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг