Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Трамп уч давлатни АҚШга қарши фитнада айблади

Трамп уч давлатни АҚШга қарши фитнада айблади

АҚШ президенти Доналд Трамп бугун Хитойда йигирмадан зиёд давлат раҳбари иштирокида ўтаётган ҳарбий парадга муносабат билдираркан, Хитой, Россия ва Шимолий Корея раҳбарларини Қўшма Штатларга қарши фитна ҳозирлашда айблади.

«Кун тартибидаги асосий савол шундан иборат: Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин Америка Қўшма Штатлари Хитойни дўст бўлмаган ажнабий босқинчидан ҳимоя қилиш, ЭРКИНЛИКни қўлга киритишда улкан кўмак кўрсатгани, кўп қон тўкканини эсга олармикан? Хитойнинг ғалаба ва шон-шуҳратга эришиш йўлида кўплаб америкаликлар ҳалок бўлди. Умид қиламанки, уларнинг жасорати ва жонфидолиги муносиб тарзда хотирланади ва эъзозланади», — деб ёзди Трамп «Truth Social» платформасидаги расмий саҳифасида.

Хитой раҳбари ва халқига байрамни аъло тарзда ўтказишни тилаган АҚШ президенти, айни чоқда, уч давлат Вашингтонга қарши бирлашаётганига эътибор қаратган.

«Илтимос, биргаликда АҚШга қарши фитна тўрини тўқиётганингизда Владимир Путин ва Ким Чен Инга менинг энг қайноқ тилакларимни етказиб қўйинг», — дея «коса тагида нимкоса» қабилида ҳамкасбларига салом йўллаган Трамп.

Маълумот ўрнида: бугун, 3 сентябр куни Хитой пойтахти Пекин шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида Япония таслим бўлганининг 80 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмоқда. Ушбу тадбирда Россия президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ҳам қатнашмоқда.

Хитой раҳбари Си Цзинпин 2 сентябр куни Путинни қабул қилар экан, уни «қадрдон дўст» деб атаган

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин эса ўзининг эҳтимолий вориси — қизи Ким Жу Ае билан Пекинга келган.

Уч давлат раҳбарининг ҳарбий парадда биргаликда ҳозир бўлиши Пекин, Москва ва Пхенян ўртасида ҳарбий-мудофаа ҳамкорлиги кучайиб бораётган паллага тўғри келмоқда. Бу эса Осиё-Тинч океани ҳудудида, умуман, дунёда ҳарбий таранглик ортишига олиб келиши, АҚШга янги чақириқ бўлиши мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, Си Цзинпин, Владимир Путин ва Ким Чен Ин ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши мазкур уч сиёсатчи билан дўстона муносабатда экани ҳақида мақтаниб келган ва дунёда тинчлик ўрнатиш борасида ўзини тенгсиз деб атаётган Трампга кучли сиёсий зарба бўлиши мумкин.

Пекиндаги ҳарбий парад Хитой раҳбарияти Ғарб томонидан амалга татбиқ этилган глобал бошқарувга муқобил моделни таклиф этаётган паллада ўтаётгани ҳам диққатга моликдир.

Хитой ҳарбий параддан жанговар салоҳиятини кўрсатиш мақсадида фойдаланаётгани айтилмоқда. Жаҳон ахборот агентликлари хабарига кўра, парадда Пекин ядро учлиги — қуруқлик, денгиз ва ҳаводаги стратегик кучларини ҳамда бутун Ер курраси бўйлаб нишонларга зарба бера оладиган DF-5C қитъалараро ядро ракетасини ҳам намойиш этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг