Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халқаро инновациялар ярмаркасида аллергияга қарши тест ўтказилди

Халқаро инновациялар ярмаркасида аллергияга қарши тест ўтказилди

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган «InnoWeek» халқаро инновацион ҳафталиги доирасида кўплаб янгиликлар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ажойиботлар намойиш этиляпти. Ҳафталик доирасидаги Инновациялар ярмаркасида эса мана шу янгиликларни наинки кўриш, балки уларни ўзингизда синаб кўриш имконияти ҳам бор. Рулсиз, ҳайдовчисиз автомобилда юриш, муҳаббат ҳақида суҳбат қуришни яхши кўрадиган робот билан диллашув, виртуал реалликда ҳали фақат хаёлингизда бўлган, дейлик, уч қаватли уйингизда айланиб юриш…

Мана шундай инновацион тақдимотлар қаторида кўргазмага келганлар ўз саломатликларига доир юртимизда қўлланилмаган энг замонавий тестдан ўтиш имконига эга бўлишди. Бу аллергия диагностикасининг янги тизими бўлиб, унда текширувдан ўтиш истагидаги ҳафталикка келган меҳмонларнинг аллергияга мойиллиги молекуляр даражада текширилди.

Одатда ҳар қандай йирик шаҳар аҳолисининг 30 фоизи аллергиядан азият чекади. Улар нима учун бу касалликка чалингани-ю, айнан нимадан аллергияси борлигини аниқлагунча анчагина вақт, пул сарфлайди, асабийлашади, қичишиш, ачишиш, кўз ёшланиши каби ўнлаб аллергияга хос ноқулайликлардан қандай қутулишни билмай сарсон бўлади.

Австриянинг «Macro Array Diagnostics» GmbH илмий-тадқиқот компанияси томонидан тақдим этилган «ALEX» тести оз миқдордаги қондан аллергия ривожланишининг 282 та потенциал триггер факторини бир марталик текширув натижасида аниқлаш имконини беради. «ALEX» тестини оддийгина тиббиёт лабораторияларида ўтказиш мумкин, лабораторияларни қимматбаҳо ускуналар билан жиҳозлаш ҳам талаб қилинмайди. Бу тестдан бугунги кунда кўплаб мамлакатларда самарали фойдаланиб келинаётгани ҳам эътиборга лойиқдир.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

— Шахсан мени ва компаниямизни «InnoWeek» инновациялар ҳафталигида иштирок этиш учун таклиф қилишганидан бағоят хурсандман. Аллергиянинг бошланғич босқичидаёқ уни даволаш имконини берадиган тестимиз, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистоннинг инновацион ривожланишига хизмат қилади деб ҳисоблайман, — деди «Macro Array Diagnostics» компанияси бош директори Кристиан Харванегг.

«ALEX» бир марталик ишлатишга мўлжалланган картриж асосидаги тест тизимидир. Картриж ўсимлик чанги, уй чанги, ёнғоқ, мевалар ва ҳоказоларнинг 282 аллергик манбаларининг оқсилларига эга. Муолажа давомида мижоз зардобидаги аллерген-специфик IgE-антижисмлар тегишли оқсилларга боғланиб, кимёвий реакция ҳосил бўлади. Мана шу реакция «Macro Array Diagnostics» компанияси томонидан ишлаб чиқилган таҳлилий асбоб ёрдамида ўлчанади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мана шу инновацион технология асосида аҳолининг аллергик паспортини жорий қилиш, бунинг оқибатида касалликни осон ва тез даволаш ёки уни олдини олишга эришишни режалаштирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг