Хитойнинг олти автобренди Европани забт этишни кўзлаяпти

Хитойнинг камида олтита йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси йиғиш корхоналарини қуриш ёки сотиб олиш орқали Европани забт этишни мақсад қилган. Бу ҳақда «Автостат» директори Сергей Селиков ўз телеграм-каналида Франциянинг Inovev таҳлил маркази маълумотларига асосланиб хабар берди.
«BYD Венгриянинг Сегед шаҳридаги заводини қуришни якунлаяпти, у ерда келгуси йилнинг кузида биринчи моделлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. 2026-2027 йилларда ушбу заводда Европа бозори учун тўрт хил модел, жумладан, Dolphin Surf (B сегменти) йиғилиши мумкин. Компаниянинг иккинчи заводи Туркияда, учинчиси Италияда қурилиши мумкин», — деди эксперт.
Шунингдек, Chery автомобил бренди 2024 йил охиридан Барселонадаги собиқ Nissan заводи қувватларидан фойдаланишни бошлаган. Ҳозир у ерда Ebro ва Omoda моделлари йиғилмоқда.
SAIC Group таркибига кирувчи MG бренди Хитой автокомпаниялари орасида Европадаги етакчи сотувчи ҳисобланади, деди Селиков. Бу компания ҳам ишлаб чиқариш майдончасини фаол қидиряпти.
«Geely ўзининг Smart ва Polestar моделларини Европада айнан шу бозор учун йиғишни режалаштирган. Inovev маълумотларига кўра, Венгрия, Чехия ёки Словакиядан бири танланиши мумкин. Бу Словакия бўлиши эҳтимоли каттароқ, деган хабарлар бор. Завод 2028 йилда очилиши кутиляпти», — деди мутахассис.
Шунингдек, Dongfeng ва Xpeng брендлари ҳам Европа бозорини забт этишга жиддий шайланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter