Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хўжа Илғор: қайта кашф қилинган тарих — янги сайёҳлик йўналиши

Хўжа Илғор: қайта кашф қилинган тарих — янги сайёҳлик йўналиши

Фото: Халқаро Пресс-клуб

9 апрель куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги Хўжа Илғор қишлоғида соҳибқирон Амир Темурнинг 682 йиллигига бағишланган «Хўжа Илғор: қайта кашф қилинган тарих — янги сайёҳлик йўналиши» мавзусида катта тадбир ва танатаналар бўлиб ўтди.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, мустабид тузум даврида халқимиздан бекитилиб келинган юртимиз тарихи, буюк империя асосчиси бўлган Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ёлғон ва бўҳтонларга қориштириб ташланган шонли тарихи Мустақиллигимиз шарофати билан халқимизга қайтарилди. Амир Темур тарихи мактаб дарсликларига киритилди. Буюк бобомизга муносиб ҳайкаллар мамлакатимиз пойтахти Тошкент, бобомиз пойтахт тутган Самарқанд ва бобомиз алоҳида эъзозлаган Шаҳрисабз шаҳарларида қад кўтарди. Ҳар йили бобомиз таваллуд топган кунлар Республика миқёсида кенг нишонланди. Аммо бобомиз таваллуд топган Хўжа Илғор қишлоғи салгина эътибордан четда қолиб кетаётган эди. Бугун ана шу хато тўғриланди. Бобомизнинг киндик қони томга гўшада у зотнинг таваллуд куни катта тантана қилинди. Улкан саҳнада Қашқадарё вилоятининг санъаткорлари ўз маҳоратларини намойиш этишди, эрталабдан халқ бахшилари шу ернинг ўзида тўқилган термаларини айтиб туришди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков бошчилигида Тошкентдан ташриф буюрган санъаткорлар тантанага ўзгача руҳ бағишлашди.

Халқаро пресс-клуб ташаббуси билан ўтказилган бу тадбирнинг аҳамияти, ёш авлод тарбиясидаги ўрни, моҳияти ҳақида тадбир қатнашчилари тўлқинланиб гапирдилар.

— Бундай танатана Қашқадарё тарихида бўлмаган, бугун қашқадарёликлар уйларида Қуръон ўқиб, Амир Темур бобомизни ёдга олишади, фарзандлар даврасида «Темур тузуклари» ўқилади, — деди вилоят ҳокими Зафар Рўзиев. – Бугун Хўжа Илғор қишлоғига 30.000 дан ортиқ одам тўпланди. Бир томонда дор ўйинлари, бир томонда кураш, бир томонда чавандозлар мубобақалари бир томонда сет элдан келган меҳмонларга лутфу-карам. Амир Темур бобомиз даврида тайёрланган таомлар тўққизта дошқозонда тайёрланди ва меҳмонларга тарқатилди. Бу тадбир ёшларимиз қалбида ватанпарварлик ҳисларини жўш урдиради, юракларига шижоат бағишлайди. Хўжа Илғор қишлоғи эътибордан четда қолиб келаётган эди. Энди бу қишлоқ обод бўлади. Ҳазрат Амир Темур билан боғлиқ ўнлаб қадамжолар бор бу қишлоқда. У киши таваллуд топганда сув олинган булоқдан ҳали ҳам шифобахш сув чиқиб турибди, бу ерда бобомиз ёшликларида кўтариб машқ қилган 100 килолик тош сақланиб қолган. Йигитлари билан машқ қилган ғорлар бор. Хуллас, сайёҳларни жалб қиладиган манбалар талайгина. Энди бу анжуманни ҳар йили ўтказишни анъанага айлантирамиз.

Тадбир давомида Қашқадарё вилоят драма театри актёрлари томонидан тайёрланган лавҳалар ҳам жуда таъсирли чиқди. Қамишзорлар орасидан янги туғилган чақалоқни кўтариб келган Тегинабегим, Темурбекнинг бувиси ва холаси неча асрлардан бери суви тинмаган булоқдан гўдакка сув ичириши саҳнаси, гўдакнинг бешикка беланиши, ёшгина гўдак отга талпиниши ва отга миниб, уни чоптириб кетиши тадбир сўнгида оппоқ отда буюк саркарда, император бўлиб кириб келиши, тўпланганларга гумбурлаган овозда мурожаат қилиши саҳналари томошабинларнинг юракларини тўлқинлантириб юборди.

Полвон йигитлар Амир Темур машқ қилган тош билан машқ қилишлари, Соҳибқирон бобомизнинг чет эллик элчиларни қабул қилиш саҳналари ҳам томошабинлар дилида завқ, ғурур туйғуларини жўш урдирди.

— Мен Темур ҳақида кўп ўқидим, аммо у туғилган жойга келганимда, ўқиганларим ҳеч нарса бўлмай қолди, — деди Туркиядан ташриф буюрган тарихчи Бурак Эржиас. – Амир Темур ҳақида билишни у туғилган жойдан бошлаш керак экан.

— Биз Темур ғорида бўлдик, — дейди яна бир туркиялик тадқиқотчи Баҳор Ўздемир. – Биласизми, бихз тарихнинг ичида бўлдик. Ният қилдик, бу жойларга келиб, алоҳида тадқиқотлар олиб борамиз. Бу ерлар сирнинг, синоатнинг кони экан.

— Мен Шаҳрисабзга саёҳ бўлиб келган эдим, меҳмонхонада менга Хўжа илғор қишлоғида катта тантана бўлаётганини айтишди ва биз аёлим билан бу ерга келдик. Агар бу ерга келмаганимда бир умр ўзимни кечирмаган бўлардим, — деди Швейцариядан ташриф буюрган сайёҳ Эрнст Фогел. – Биласизми, мамлакатингизда сайёҳлар учун, саёҳларни жалб қилиш учун кўп ишлар қилинаяпти, аммо мана бу байрам халқ учун. Бу ерда халқ яйраяпти. Мен ўзбекларнинг меҳмондўстлигини билардим, аммо бу ерда буюк Амир Темур даврида тайёрланган турли таомлар билан меҳмон қилишгани таърифга сиғмайди. Мен айрим таомларни умримда кўрмаганман. Ҳаммаси ғаройиб! Бугун ҳамма бир-бирига меҳрибон, бир-бирига кўмакчи. Бизга ҳам ҳамма хайрихоҳлик билан қарашаяпти, ҳамма бизни меҳмон қилгиси келади. Бундай одамларни дунёнинг бирор мамлакатида кўрмаганман.

Тадбир кечга яқин Озодбек Назарбековнинг қўшиқлари ва халқнинг оммавий ўйин-кулгулари, рақслари билан ниҳоясига етди.

Каримберди Тўрамурод,
«Xabar.uz»нинг махсус мухбири.
Қашқадарё вилояти Хўжа Илғор қишлоғи.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг