Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Япония: қўшимча иш соатлари қисқаради, чет эллик ишчилар учун иккита виза жорий этилмоқда

Япония: қўшимча иш соатлари қисқаради, чет эллик ишчилар учун иккита виза жорий этилмоқда

Фото: «Zagran.guru»

Японияда бугун, 1 апрелдан мамлакат учун жуда муҳим икки ислоҳотга киришилди.

Биринчидан, ҳукумат қўшимча иш соатларини қонун билан чеклаб қўйди (ойига 100, йилига 720 соатгача). Иккинчидан, юқори малакали чет эллик ишчилар учун иккита янги тоифадаги виза жорий этилмоқда. Ҳар икки ислоҳот бир-бирига чамбарчас боғлиқ.

Қўшимча иш соатлари чекланиши — японлар орасида ҳаддан зиёд ишлаш оқибатидаги ўлимлар сонини камайтиришга қаратилган Синдзо Абэ ҳукумати ислоҳотининг бир қисми. «Кўп ишлаш» оқибатидаги ўлимлар Японияда шунчалик кўпки, бу ҳодиса учун махсус ном ўйлаб топилган — «кароси» (кароши). Айниқса, 2015 йили Янги йил байрами арафасида ишга кўмилиб, охири ўз жонига қасд қилган реклама хизмати ёш ходимининг ўлими бутун Японияни ларзага келтирганди.

Қўшимча иш соатлари чекланади

Японияда қўшимча иш соатлари чекланиши 1 апрелдан йирик компаниялар учун амалга кирди: ойига 100, йилига 720 соатгача — бундан ортиғи мумкинмас. Кейинги йилгача бу қоида ўрта ва кичик корхоналар учун ҳам татбиқ этилади.

Шу йўл билан меҳнат маҳсулдорлигини оширишга умид қилинмоқда. Ҳукумат кўп ишлаш оқибатидаги чарчоқ унумдорликка салбий таъсир кўрсатади, деган тўхтамга келди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг маълумотига кўра, японлар йилига 1724 соат, немислар 1298 соат ишлашади.

Хорижликлар учун виза

«Кунчиқар юрт» амалга ошираётган яна бир ислоҳот чет элдан келаётган ишчилар учун дастурдир. Унинг доирасида яқин беш йилда мамлакат иқтисодиётининг муайян йўналишларига 345 минг нафар хорижлик мутахассис жалб этилади.

Аҳолиси 2008 йилдан бери қисқариб келаётган Япония расман ўзининг қурилиш ва кемасозлик соҳалари эшикларини юқори малакали чет эллик мутахассисларга очмоқда. Бу мутахассислар ва уларнинг оилаларига Японияда беш йилгача яшаш имконини берувчи ишчи визалар тақдим этилади.

Олдинги иммиграцион дастурлардан олинган тажрибалар кўрсатишича, бугунги кунгача иш куни жуда узоқ чўзилиши сабабли япон компаниялари чет эллик мутахассисларни унчалик ҳам қизиқтира олмаган. Иш соатларининг қисқартирилиши хорижий малакали ишчи кучини Японияга жалб этишда муҳим қадам бўлишига Синдзо Абэ ҳукуматининг ишончи комил.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг