Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Яқин қариндошларнинг ишончномасиз автомашина бошқаришига қачондан рухсат берилади?

Яқин қариндошларнинг ишончномасиз автомашина бошқаришига қачондан рухсат берилади?

Фото: «Xabar.uz»

Ёдингизда бўлса, 10 кунча олдин эндиликда яқин қариндошлар ишончномасиз автомашина бошқариши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Яъни агар транспорт воситаси эгасининг суғурта полисида яқин қариндошлар кўрсатилган бўлса, унда улар транспорт воситасини нотариал тасдиқланган ишончномасиз бошқара олади.

Худди шу ўзгаришни белгилаб берган Ҳукумат қарори (18.11.2019/915-сон) билан янги суғурта полиси бланкаси намунаси тасдиқланганди.

Яъни, мантиқан олганда, эски намунадаги суғурта полислари бланки билан ишончномасиз юриб бўлмайди, сабаби уларда қариндошлик даражасини кўрсатувчи бандлар йўқ.

Энди бир муаммо келиб чиқяпти. Олинган узунқулоқ маълумотларга қараганда, янги кўринишдаги суғурта полислари бланклари 2020 йил март ойига борганда амалга киритилар эмиш. Унгача молия вазирлиги янги бланклар чоп этишга пул ажратмас экан (суғурта компаниясидагилар мижозга шунақа дейишибди негадир, ҳайронман).

Ҳозирда суғурта компанияларига бориб, яқин қариндоршларини кўрсатишни сўраётган фуқароларга рад жавоблари берилмоқда. Чунки янги бланк йўқ...

Йўл-патрул инспекторлари эса ҳайдовчилардан ёки янги бланкдаги суғурта полисини, ёки ишончномани сўрашмоқда.

Ҳурматли билимдонлар, диққат савол:

2020 йил март ойигача яқин қариндошлар ишончномасиз ҳаракатлана оладими ёки йўқми? Янги кўринишдаги бланклар ҳали тайёр бўлмаса, унда Ҳукумат қарори билан ўзгариш киритилганининг мазмуни қаерда қолади? Ҳаммаёқда жар солиб, «енгиллик бўлди» деб хабар бериб қўйдикку ахир. Амалда ҳам ўзгариш бўладими?

Ушбу саволга ким биринчи бўлиб жавоб бераркин: ички ишлар вазирлигими, молия вазирлигими ёки адлия?

Балки куни кеча ИИВ ЙҲХББ бошлиғи лавозимига тайинланган Олим Саидов ушбу чигал вазиятга ойдинлик киритиш учун жонбозлик кўрсатар?

Масъуллардан ижобий жавоб кутиб қоламиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг