Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёшлар иттифоқи билан боғлиқ янги можаро. Ходимнинг талабида шахсий манфаат бормиди?

Ёшлар иттифоқи билан боғлиқ янги можаро. Ходимнинг талабида шахсий манфаат бормиди?

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаш аппарати ходими, Жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи Умед Раджабов шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг хориж сафари учун пул ажратиш эвазига делегация раҳбарлигини талаб қилди. Ёшлар иттифоқи мутасаддиси аксинча бўлган ҳолатда пул ажратилмаслигини билдирган. Бу ҳақда Ўзбекистон Шахмат федерацияси матбуот хизмати «Xabar.uz»га маълумот берди.

«Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаш аппарати ходими, Жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи Умед Раджабовнинг ёлғон маълумот тарқатгани ҳақида расмий муносабат:

Ўзбекистон Шахмат Федерацияси халқаро майдонда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган шахматчиларнинг манфаатини доимо ҳимоя қилиб келган ва шундай бўлиб қолади.

Биринчидан, шахмат Олимпиада ўйинлари дастурига кирмаслиги ҳамда шахмат федерацияси нодавлат нотижорат ташкилот экани назарда тутилган ҳолда, асосан, ҳомийлар ва бошқа тақиқланмаган манбалар орқали молиявий таъминланади. Халқаро сафарлар, турнирларда қатнашиш учун шахматчиларни тўлиқ молиялаштиришнинг ҳар доим ҳам иложи бўлавермайди.

Иккинчидан, Умед Раджабовнинг «Спорт» телеканалига берган интервьюси юзасидан шуни маълум қиладики, Ўзбекистон Шахмат федерацияси Ёшлар иттифоқидан расман ёрдам сўрамаган ва жаҳон чемпионатига жўнатилаётган шахматчилар ҳаражати мутлақо Ёшлар иттифоқи томонидан қопланмаяпти. Ушбу харажатлар Ўзбекистон Шахмат федерацияси Ижроия қўмитасининг 2019 йил 8 июлдаги 9-сон йиғилиш қарори асосида ижобий ҳал этилган.

Учинчидан, Ёшлар иттифоқи республикада ёшлар сиёсати билан шуғулланадиган етакчи нодавлат-нотижорат ташкилот бўлишига қарамай, бажарилмаган иш юзасидан ҳисобот ҳамда ёлғон маълумот тарқатганини Ўзбекистон Шахмат федерацияси ўта нопрофессионал ёндашув деб баҳолайди.

Тўртинчидан, Умед Раджабов шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоасини сафарга олиб боришда фақат ўзи делегация раҳбари бўлишини бот-бот таъкидлади, бу шарт амалга ошмаса, у молиялаштиришдан бош тортишини маълум қилди. Шахматнинг бошқа оммавий спорт турларидан фарқли жиҳати шундаки, терма жамоани олиб борувчи масъул шахс турнир қоидаларидан яхши хабардор бўлиши, мусобақалар олдидан ўтказиладиган «Техник йиғилиш»да қатнашиши ва керак вазиятда шахматчилар манфаатини ҳимоя қила олиши керак. Вейфанда (ХХР) ўтказиладиган чемпионат бўйича ҳам Ўзбекистон Шахмат федерацияси Ижроия қўмитаси томонидан ана шундай нормалар қабул қилинган.

Ўзбекистон Шахмат федерацияси бу қоидага доим риоя қилиб келган ва шу боисдан Ёшлар иттифоқи ходими Умед Раджабов юқоридаги тартиб-қоидалар бўйича ҳеч қандай кўникма ҳамда ваколатга эга эмаслиги сабабли, қўйилган талаб қабул қилинмаган.

Бешинчидан, юзага келган вазиятга аниқлик киритиш ва масалани икки томонлама англаб олиш учун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев билан учрашув белгилаш мақсадида раис қабулхонасига бир неча бор қўнғироқ қилинди ва раис ёрдамчиси айтганидек, раис хизмат сафарида бўлгани важи билан учрашув ташкил этилмади. Шундан сўнг федерация томонидан 2019 йил 18 июль куни 417-сон хат билан расмий мурожаат қилинди ва бу мурожаатга ҳам юқоридагидек важ асосида жавоб берилди. Турли сабаб ва важлар билан учрашув пайсалга солинди ва муаммони ҳал қилиш учун яна Умед Раджабовга йўналтирилди.

Ўзбекистонлик шахматчилар сўнгги йилларда улкан натижаларни қўлга киритмоқда. Улар халқаро мусобақаларда молиявий муаммоларсиз қатнашиши учун Ўзбекистон Шахмат федерацияси бор имкониятларни ишга солади. Аммо Ёшлар иттифоқидаги Умед Раджабовга ўхшаган «раҳбар»ларнинг бу соҳада қилаётган «инжиқлик»лари республикада олиб борилаётган ёшлар сиёсатига ҳам, Ёшлар иттифоқи имижига ҳам тўғри келмайди».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг