Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

“Марказий Осиё – Германия” формати кучаймоқда

“Марказий Осиё – Германия” формати кучаймоқда

11 февраль куни Берлин шаҳрида “Марказий Осиё – Германия” форматидаги илк вазирлар даражасидаги учрашув ташкил этилди. Унда Германия федерал ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль ва Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон ташқи ишлар вазирлари қатнашди.

“Бугунги кунда Марказий Осиё Евросиё юрагида жойлашган, ўз бирлигини, иқтисодий салоҳиятини ва глобал ролини изчил мустаҳкамлаб бораётган динамик минтақадир. Биз инвестиция, технология ва савдо соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, муҳим хомашёлар, “яшил” энергетика, иқлим, транспорт боғлиқлиги ва логистика йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ишбилармонлик мулоқотини чуқурлаштириш зарурлигини таъкидладик. Бугунги учрашув стратегик ҳамкорлигимизга янги суръат бағишлаб, “Марказий Осиё – Германия” саммитининг навбатдаги йиғилиши учун мазмунли натижалар олиб келишига ишонч билдирамиз”, – деб  ёзди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов.

Қайд этилишича, Ўзбекистон “Марказий Осиё – Германия” механизми ишга туширилишини ҳамкорликка янада тизимли ва амалий тус берадиган муҳим босқич деб баҳолайди.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам Берлиндаги учрашувни Германия ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик учун муҳим қадам деб атаган.

“Германия ва Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан иқтисодий ҳамкорликни, айниқса, муҳим хомашё, қайта тикланадиган энергия ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда кенгайтириш ниятида. Биз барқарор, хавфсиз ва фаровон минтақа равнақи учун биргаликда ҳаракат қиламиз!” – дейилади элчихона хабарномасида.

Таъкидланишича, музокаралар марказида Россияга қарши санкцияларга риоя қилиш ва ушбу санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш зарурати бўлди.

Ташқи ишлар вазирлари томонидан маъқулланган Берлин декларациясида халқаро ҳуқуқ, жумладан, БМТ Низоми ҳамда барча давлатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, тинчлик, хавфсизлик ва демократия йўлидаги ҳамкорликка садоқат изҳор этилган.   

Вазирлар Украинада БМТ Низоми тамойиллари асосида адолатли ва мустаҳкам тинчликка тез муддатда эришиш муҳимлигини ҳам таъкидлаганлар.

Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан ҳам учрашган ва алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.

Ўзбекистон ТИВга кўра, Германиянинг минтақамизга нисбатан Европа Иттифоқи сиёсатини шакллантиришдаги роли муҳим аҳамиятга эга бўлиб, айниқса бу Марказий Осиё бўйича ЕИ стратегияси каби ташаббусларда яққол кўринади.

Икки томонлама муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда ва яшил тараққиёт, энергетика ҳамда таълим каби соҳаларда аниқ ҳамкорлик режалари мавжуд.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Б.Саидов Берлинда Z5+1 учрашуви доирасида ҳамкасби Йоханн Вадефуль ҳамда федерал иқтисодиёт ва энергетика вазири Катарина Райхе билан ҳам музокара ўтказган.

Сўнгги йилларда “Марказий Осиё – Германия” форматидаги мулоқот фаоллашди.

2023 йил 29 сентябрь куни Берлинда ГФР федерал канцлери раислигида Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия етакчиларининг биринчи саммити бўлиб ўтган эди. Ўшанда Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шерикликни йўлга қўйиш, ушбу форматда мунтазам учрашув ва маслаҳатлашувлар ўтказиб бориш таклифи илгари сурилган эди.

2024 йил 17 сентябрь куни Остона шаҳрида иккинчи “Марказий Осиё – Германия” саммити бўлиб ўтди.

Саммит арафасида Германия федерал канцлери Олаф Шольц юртимизга ташриф буюрганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг