“Ёритгич нуридаги қуён”дан “Манчестер Сити” ҳимояси устунигача... BBC нашри Абдуқодир Ҳусанов ҳақида
BBC нашри Абдуқодир Ҳусанов ҳақида мақола эълон қилди. Унда ёш ҳимоячининг “Манчестер Сити” сафидаги фаолияти, дебютидаги қийинчиликлар, тезлиги ва ақлли ўйин услуби ҳақида ҳикоя қилинади.
Премьер-лигада тўп сурган илк ўзбекистонлик футболчи
Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” сафидаги дебютини даҳшатли тушдек бошдан кечирди, тўртинчи дақиқадаёқ қатор хатоларга йўл қўйди.
2025 йил январь ойида “Челси”га қарши ўйинда 33 миллион фунт стерлингга харид қилинган ҳимоячининг жиддий хатоси рақибнинг биринчи голига сабаб бўлди. Кўп ўтмай, у сариқ карточка ҳам олади.
Ўша нохуш стартдан кейин “Манчестер Юнайтед”нинг собиқ ҳимоячиси Гари Невилл “йигит учун йиғлагим келди”, дея фикр билдирди. Кейинчалик “Сити”нинг “Реал Мадрид”га қарши Чемпионлар лигасидаги мағлубиятидан сўнг Англия терма жамоасининг собиқ дарвозабони Пол Робинсон Ҳусановни “ёритгич нурида қотиб қолган қуёнга ўхшарди”, деб таърифлади.
Бироқ жорий мавсумда “Сити” барча тўрт мусобақада чемпионлик учун курашаётган бир пайтда марказий ҳимоячи дастлабки муваффақиятсизликларни унутиб, жамоа ҳимоя чизиғининг асосий устунларидан бирига айланди. Бош мураббий Пеп Гвардиола уни “юқори савиядаги футболчи” деб атади.
21 ёшли ҳимоячи уч йил ичида Беларусь лигасидан Англия Премьер-лигасигача бўлган ҳайратланарли йўлни босиб ўтди.
У Англия элита дивизионида ўйнаган илк ўзбекистонлик футболчи бўлди ва ёзда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида мамлакат шарафини ҳимоя қилади.
Ҳусанов “жуда ақлли” футболчи
Бу мавсумда у “Сити” сафида барча мусобақаларда 22 марта майдонга тушди. “Манчестер Юнайтед” (биринчи даврада) ва “Ньюкасл” мағлуб этилган баҳсларда, шунингдек, ўтган якшанба куни “Энфилд”да амалдаги чемпион “Ливерпуль” устидан қозонилган иродавий ғалабада қатнашди.

Гвардиола ўйиндан кейин унинг Муҳаммад Салоҳ ва Уго Экитике каби номдор ҳужумчиларга қарши ажойиб ўйин кўрсатганини таъкидлади. Бироқ иккинчи бўлимда Ҳусанов “Сити” дарвозабони Жанлуижи Доннарумма билан тўқнашиб кетганидан сўнг алмаштирилди.
Ҳусановнинг энг катта устунлиги унинг тезлиги. У жорий мавсумда соатига 22 мил (тахминан 35 км/соат) тезликка чиққан — бу Премьер-лигадаги ҳимоячилар орасида олтинчи кўрсаткич. “Вулверхэмптон” футболчиси Жексон Чатчуа 23,2 миллик натижа билан етакчилик қилмоқда.
Бу мавсумда Ҳусанов 17 бор тўпни олиб қўйиш ва 18 бор тўсиб қолини амалга оширди. Ҳар икки кўрсаткич бўйича у “Сити” футболчилари орасида иккинчи ўринда. У Рубен Диаш, Йошко Гвардиол ва Жон Стоунз сафдан чиққан паллада жамоа ҳимоясида муҳим вазифани бажарди.
Ҳусанов Манчестерга келганида инглиз тилини деярли билмасди. Сешанба куни тил масаласи ҳақида сўралганда, Гвардиола шундай жавоб берди: “У ҳали Уильям Шекспирдек гапирмайди, аммо кун сайин яхшиланяпти. Нимани исташимизни тушунади ва ҳар сафар яхшироқ ўйнаяпти. У жуда ақлли.”
Табиатан камгап Ҳусанов одатда ўз сўзини майдонда айтади: ортиқча безаксиз, қатъий ва ишончли услубда.
Мавсум давомидаги ўсиши шу даражада бўлдики, у январь ойида “Сити”нинг энг яхши футболчиси совринига сазовор бўлди.
Албатта, тўп билан муомала қилганда айрим мухлисларда ҳали ҳам бироз хавотир уйғотади, балки бунга дебютдаги ўша ўйин хотираси сабабдир. У ҳали ёш ва тажриба жиҳатидан пишиб етилиши керак, аммо Гвардиола унинг ёруғ келажагига шубҳа қилмайди.
“Одатда жисмоний кучли футболчи кўп ўйлаб ўтирмайди, дейишади. Аммо у ҳар иккала сифатга ҳам эга. Шунинг учун тўп билан ўйнаши ҳам яхшиланиб бормоқда. Бу мени унинг яна ўсишига ишонтиряпти.
Менимча, у янада ривожланади. Қайта такрорлайман ‘Манчестер Сити’ кўп йиллар учун ишончли марказий ҳимоячига эга бўлди”, дейди клуб устози.
Замонавий футбол учун бебаҳо тезлик
Футбол тактикаси бўйича таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Ҳусановнинг энг ажралиб турадиган жиҳати бу унинг тезлиги. Замонавий футболда бу сифат беқиёс аҳамиятга эга.
“Сити” мураббийлар штабида Пеп Лейндерс каби мутахассислар юқори босим (прессинг) ва офсайд тузоғига асосланган агрессив тактикани қўлламоқда. Бундай хавфли услуб Ҳусанов каби тезкор ҳимоячи билан анча ишончли кўриниш олади.
Бу имконсиз кўринган позициядан туриб ҳам Ҳусанов МЮ ярим ҳимоячиси Бруну Фернандешнинг Мбемога узатган тўпини қайтара олганди.
У рақибни офсайдга тушириш учун олдинга чиқиб улгуради ёки узун узатмаларда орқага югуриб, хавфни бартараф этади. У ҳар 90 дақиқада ўртача 17,85 марта спринт амалга оширади — бу лигадаги марказий ҳимоячилар орасида энг юқори кўрсаткич.
Энг яхши жамоалар орқа чизиқдан ҳужум қуришда техник маҳоратга суянади. Аммо бу ҳимоя учун қийин танлов яратади: қўшимча ҳимоячини ортда қолдириш ёки прессингни кучайтириш. Ҳусановнинг тезлиги ва ўйинни ўқиш қобилияти “Сити”га камроқ футболчи билан ҳам самарали босим ўтказиш имконини беради.
"Бўрилар" "Сити"нинг прессингини четлаб ўтмоқчи бўлади, аммо Хусанов марказдан қанотга чиқиб, узатмани тўхтатади.
Ҳимоячиларга қарши рақиблар одатда югуриб ўтишга уринади. Бироқ Ҳусановнинг зеҳни ва вазиятни тўғри баҳолаш қобилияти дуэлга кириш ёки орқага чекиниш кераклигини аниқ белгилашга ёрдам беради.
Унинг агрессив услуби баҳсларга сабаб бўлса-да, айнан шу хусусият уни юқори ҳимоя чизиғида самарали футболчига айлантиради. Айрим ҳолларда у рақибни тўхтатиш учун олдинга чиқади, бошқа пайтда эса хавфли зонага югураётган иккинчи ҳужумчини ҳисобга олиб, орқага чекинади ва жамоасига зарур суғуртани таъминлайди.
Ҳусанов тўпни қабул қилиб олган Экитике билан дуэлга чиқишдан ақлли равишда воз кечди, чунки у Гакпонинг ёриб киришини пайқади. Ортга югуриш орқали у Гакпонинг дарвозабон билан бирга-бир чиқиб кетишини тўхтата олди.
Қисқаси, “фара нуридаги қуён” деб таърифланган йигит қисқа фурсатда Англия футболида ўз сўзини айтаётган, Ўзбекистон футболи учун эса янги саҳифа очган марказий ҳимоячига айланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter