Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қамчибек Ташиевнинг ишдан олиниши сабаби айтилди

Қамчибек Ташиевнинг ишдан олиниши сабаби айтилди

Фото: АКИpress

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиевнинг кутилмаганда лавозимдан озод этилиши турли тахминларни юзага чиқарди. Марказий Осиё бўйича таҳлилчилар, сиёсатшунослар Қирғизистон махсус хизматининг қудратли раиси нега ишдан олингани борасида ўз нуқтаи назарини илгари сурмоқда.

“Қамчибек Ташиевнинг истеъфоси ва ундан кейин хавфсизлик тизимининг тўлиқ қайта ташкил этилиши – чегара хизматининг МХДҚдан чиқарилиши, президентга тўғридан-тўғри бўйсунувчи давлат қўриқлаш хизмати яратилиши, қудратли раҳбарларнинг алмаштирилиши ё ишдан олиниши – ҳокимият тепасида жиддий ишонч инқирози юзага келганини кўрсатади. Расмий изоҳларда гап “жамиятда бўлинишни олдини олиш” ҳақида кетмоқда. Аммо воқеалар мантиғи бошқача: хавфсизлик элитасининг ортиқча мустақиллашуви президент учун стратегик таҳдид сифатида қабул қилинган. Ташиевга яқин шахслар депутатлар ва таъсирли доиралар билан алоҳида алоқага чиқиб, президентлик сайловлари масаласини кўтариши ҳокимият учун хавфли сигнал эди”,деб ёзди сиёсатшунос Отабек Акромов.

Унинг фикрича, ҳозирги вазиятда Қирғизистонда асосий муаммо – президентлик муддати.

“2021 йилда Конституцияга киритилган ўзгартиришлар Жапаровга муддатларни қайта ноллаштириш имконини беради, айнан шу мавзунинг очиқ муҳокамага чиқиши эса режим учун беқарорлик манбаи бўлиб кўринди. Натижада тандем изчил равишда бузилди, хавфсизлик тизими эса президент қўлига янада қаттиқроқ жамланди”, – деб ҳисоблайди у.

Минтақа бўйича эксперт Аркадий Дубнов президент Жапаров сафдоши Ташиев билан бир вақтда унинг уч ўринбосарини ҳам ишдан олгани, бу эса собиқ раиснинг ўз мавқеини тиклашга уринишини йўққа чиқаришига эътибор қаратган.  

“Ташиев ўз истеъфосидан Мюнхендаги шифохонада хабар топган. У бир неча йил олдин юраги операция қилингани сабабли икки йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтади. Бишкекдаги вазиятдан воқиф манбаларга кўра, президент Жапаров томонидан истеъфо қарори қабул қилинишига бир муддат олдин унинг МХДҚ раиси билан баланд овозда қилган телефон суҳбати сабаб бўлган. Қирғизистон Қаҳрамони, 57 ёшли Қамчибек Ташиев тенгдоши, садоқатли сафдоши, дўсти ва Қирғизистонни идора этиш борасидаги ҳамкори, давлат раҳбари Садир Жапаров олдида нима густоҳлик қилди? Президент матбуот хизмати дастлаб раҳбар “жамиятда, жумладан, давлат тузилмаларида парокандаликни юзага келтирмаслик, бирликни мустаҳкамлаш” мақсадида ана шундай қарор қабул қилгани ҳақида хабар берди. Лекин бир неча соат ўтиб, матбуот котиби Аскат Алагозовнинг ўзи вазиятга ойдинлик киритди. Маълум бўлишича, Қирғизистоннинг бош чекисти эмас, балки унинг номидан фойдаланган айрим яқинлари жамиятда парокандаликни юзага келтирган. Жапаровнинг айтишича, улар парламент депутатлари ва бошқа муҳим арбобларга турли ҳаракатларга ундаган ҳолда қўнғироқ қилишган”,деб ёзди А.Дубнов.

Қайд этилишича, Ташиевга яқин бўлган шахслар амалдорларга қўнғироқ қилар экан, уларни генерал томонига ўтишга ундаган.

“Қирғизистонда кўпчилик генерал мамлакатда биринчи шахс бўлиши, амалдаги биринчи шахс эса унга ўз ўрнини бўшатишига шубҳа қилмаётган эди. Ахир, у (Жапаров назарда тутилмоқда – таҳр.) иккинчи (Ташиев назарда тутилмоқда – таҳр.) олдида қарздор эди, зеро, унинг ёрдамисиз 2020 йилда биринчи раҳбар бўла олмасди. Ўша пайтда улар Қирғизистоннинг аввалги, яъни бешинчи президенти Сооронбай Жээнбековни осонлик билан, қон тўкишларсиз ҳокимиятдан кетказишганди”, – дея олти йил аввалги ҳодисаларни ёдга олган А.Дубнов.

Таҳлилчи Темур Умаров эса МХДҚ собиқ раиси Ташиев Германияда шифохонада экани сабабли истеъфо юзасида баёнот бермаётир, деб ҳисоблайди.

“Шу боис воқеалар қандай ривожланиши ҳозирча мавҳум қолмоқда. Аммо Ташиевнинг янги воқеликка кўникишидан бошқасини тасаввур қилиш қийин. Зотан, унинг таъсири норасмий ришталарга эмас, балки президент билан дўстона муносабатлар ва аппаратнинг кучига асосланган эди. Ушбу икки унсурсиз таъсир ҳам йўққа чиқади. Бошқача айтганда, айни пайтда тизимда кимдир Жапаровнинг қарорига қарши чиқиши ва собиқ бош чекистга садоқат намойиш этишини тасаввур қила олмайман. (Истеъфо ортидан) тозалашлар бўлмади. Тўғри, Бишкек МХДҚ раҳбари қамалгани ҳақида овоза тарқалди, аммо у дарҳол рад этилди. Жапаров ҳам у ва унинг сафдоши/дўсти/биродари ўртасида ихтилоф мавжудлигини инкор қилди. Шу тариқа (Жапаров Ташиевга) хайрихоҳлик қўлини чўзмоқда ва масалани яхшиликча ҳал этишга ундамоқда. Ташиевга хотиржам қайтиш ва жамоатчилик эътиборини тортмайдиган бирор соҳада фаолиятни давом эттириш таклиф этилмоқда. Ташиев даволаниш учун тез-тез Европага қатнаши инобатга олинса, эҳтимол, бу унинг саломатлиги учун ҳам яхшидир. Қирғизистонда янги Ташиев майдонга чиқмайди. Жапаров Ташиевни ишдан олган заҳоти МХДҚдек суперидорани заифлаштириш учун уни бўлишга киришди. Гап ҳокимиятни рисоладагидек қўлда тутиш ҳақида кетар экан, у тизимда президентдан бошқа шахс катта таъсирга эга бўлиши мумкин эмаслигини яхши билади”, – деб хулоса қилади Т.Умаров.

Аввал хабар берганимиздек, кеча президент Садир Жапаров 2020 йил 16 октябридан буён Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига раислик қилиб келаётган Қамчибек Ташиевни ишдан бўшатди.

Жапаров ушбу қарорини “давлат манфаатларини кўзлаб” қабул қилганини айтган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг