Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Корея президентларининг саммити бўлиб ўтди

Ўзбекистон ва Корея президентларининг саммити бўлиб ўтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу саммитни ўтказиш тўғрисидаги келишув давлат раҳбарларининг ўтган йил октябрь ойидаги мулоқотлари давомида эришилган эди.

Бугунги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик ришталарини ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ўрин олди.

Давлат раҳбарлари тадбирни очиб, бир-бирларини самимий қутлар эканлар, ушбу саммит кириб келган янги йилда иккала томон учун ҳам биринчи учрашув эканини алоҳида қайд этдилар. Бу икки томонлама ҳамкорликда жуда юксак даражага эришилганидан яна бир бор далолат беради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланганидек, кўп қиррали Ўзбекистон-Корея муносабатлари, пандемияга қарамасдан, изчил ривожланишда давом этди. Ўтган йили давлат раҳбарлари телефон орқали икки марта мулоқот қилдилар ҳамда Шимолий иқтисодий ҳамкорлик иккинчи халқаро форумида биргаликда иштирок этдилар.

Мураккаб шароитларда йирик инвестиция ва савдо лойиҳаларининг амалга оширилиши таъминланди, янги кооперация объектлари ишга туширилди. Жанубий кореялик шерикларнинг кўмаги ва иштирокида Тошкент шаҳрида ташкил этилган, минтақамиз учун ноёб бўлган замонавий болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шулар жумласидан.

Ўзбекистон Президенти корейс томони янги коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларга салмоқли ҳисса қўшаётганини юксак баҳолади ҳамда ушбу хавфли касалликнинг олдини олиш, унга чалинганларни самарали даволаш ва реабилитация қилишда мамлакатимизга кўрсатилаётган катта амалий кўмак учун миннатдорчилик билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг