Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қотил қўли қилич солди маст…» Яна ўша машъум «Пахта иши»

«Қотил қўли қилич солди маст…» Яна ўша машъум «Пахта иши»

Гдлян (чапдаги доирада) ва Иванов (ўнгдаги доирада).

Фото: «zagadki-istorii.ru»

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ зиёлиларнинг 1983 – 1989 йилларда Ўзбекистонда фаолият олиб борган Т.Гдлян раҳбарлигидаги тергов гуруҳининг ғайриинсоний, ғайриахлоқий ва ғайриқонуний хатти-ҳаракатини халқаро миқёсда холис кўриб чиқиш бўйича адолатли таклифи қизғин қўллаб-қувватланмоқда.

Хўш, бундан ўттиз йил бурунги матбуот нимани ёзган эди?!

Мустақиллик арафасидаги Ўзбекистон ҳаёти ҳақида гапириш масъулияти оғир. Чунки сўз исботи билан бўлмоғи керак. Шу маънода, жафокаш элнинг бир фарзанди сифатида виждон амри билан кечаги ўтмишни кечаги матбуот орқали ўрганишга ҳаракат қилдим. Ҳақрост, жуда-жуда мураккаб, долғали ва ҳақоратли турмуш уфуриб турган газета саҳифаларини варақлаб дилим хуфтон бўлди.

«Совет Ўзбекистони» газетасининг 1988 йил 23-24 январ сонларида «Правда» газетасидан таржима қилинган «Сирли салтанат» ва «Олтинга ҳирс қўйган газандалар» мақолалари кетма-кет чоп этилади. «Правда»нинг махсус мухбирлари Г.Овчаренко ва А.Черненко газетанинг 1988 йил 17 июл сонида «Колонна», 30 август сонида эса «Куёв ва унинг ҳамтовоқлари» мақолаларини эълон қилади. Г.Овчаренко «Правда» газетасининг 1988 йил 3 ноябр сонида «Қонун мантиқи қатъийдир» мақоласи билан чиқади. В.Артеменконинг «Правда» газетасида 1988 йил 12 сентябр сонида чиққан «Ўзгаришлар – ҳашар йўли билан» мақоласи «Қишлоқ ҳақиқати» газетасида ҳам эълон қилинган. «Правда»чи ҳамкасбимиз эски ўйинни такрорлайди – Ш.Рашидов мухолифларини мадҳ этиб чиқади. 

Бу мисоллар – денгиздан томчи. Бир сўз билан айтганда, Марказий матбуот, хусусан, «Правда» Гдлянбошлиқ гуруҳнинг минбари бўлган дейишга асосларимиз бисёр. Умуман, 1984 – 1990 йилларда Ўзбекистон ва ўзбек халқи ҳақида марказий матбуотда чоп этилган ҳақоратомуз мақолаларнинг фақат номини санаб чиқиш учун бир тадқиқотчи камида олти ой тер тўкиши керак.

Г.Овчаренко «Олтинга ҳирс қўйган газандалар» мақоласида ёзишича, «СССР Бош прокурори ҳузуридаги ўта муҳим ишлар бўйича терговчи Т.Гдлянга 1983 йил ёзида группани йиғиш ва Бухорога учиш топширилди. Бу ерда минглаб сўм порани олаётганда област ички ишлар бошқармаси ОБХСС бошлиғи, милиция подполковниги А.Музаффаров Давлат хавфсизлик комитети ходимлари томонидан ушланган эди».

Мақолада Ўзбекистонда тармоқ отиб кетган мафия, рекет, ёлланма қотиллар мавжудлиги, уларнинг «маънавий раҳбарлари» борлиги ҳақида сўз юритилади. Ростини айтганда, мақола руҳи ва ундаги сўзлар ўзбек ўқувчисига таниш эмас эди. Бунинг устига, ростми-ёлғонми, мухбир Гдлянга Ўзбекистонда суиқасд қилмоқчи бўлишди, деган даъвони ҳам илгари суради. КПСС Марказий Комитетининг нашри бўлган «Правда» газетасида чиққан бу гапларга ишонмай бўладими ўша пайтда? Бунинг устига, СССРнинг барча теле ва радио каналларида «ўзбек мафияси» акс этган лавҳалар тинимсиз айланиб ётган бўлса. Мавжланиб-мавжланиб, тўлқинланиб-тўлқинланиб келаётган фитнанинг охири беш ой эмас, бир йил эмас, беш йил давомида ҳам кўринмаса…

Бу бағрикенг халқ қутурган ҳайвонни, дарё ва сойни кўп кўрган ва корини қилиб улардан қутилган. Аммо суянган ҳукуматию унинг раҳбарлари қутурса нима ҳам қилиши мумкин? Кимга бош уриб боради? Ким уни юпатиб, қўлтиғидан кўтаради?!

Кўчирма:

«Айни пайтда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетидан группа беш йилдан бери нима билан шуғулланяпти, у ўз ишини тугаллайдиган пайт келмадими, ахир халқни «террор» қилиш етар, деган садолар чиқа бошлади. Телман Хоренович республикадаги вазиятни, маънавий микромуҳитни жиноятчиликнинг япроқларини эмас, унинг илдизларини юлиб ташлагандагина ўнглаб олиш мумкин деб исботлай-исботлай чарчади».

1988 йил саврнинг 9-куни (давлатчилигимиз ва миллий адабиётимиз тарихидаги қутлуғ сана – О.Т.) Ўзбекистон ССР Олий Совети сессияси иш бошлайди. Анжуман билан боғлиқ материаллар «Совет Ўзбекистони» газетасининг 1988 йилги 84-85-сонларида чоп этилган. Сессияда сўзга чиққан ЎзФА вице-президенти Э.Юсупов ҳамма салбий ҳодисаларни миллий ва маҳаллий хусусиятларга боғлаш мутлақо хато тушунча эканини айтиб, қуйидаги маълумотни келтиради:

«70 – 80-йилларда Ўзбекистонда порахўрлик авж олиб кетганлигини фақат маҳаллий, миллий хусусиятлар, феодал, патриархал ўтмиш қолдиқларининг мавжудлигидан деб тушунтириш, менимча, тўғри бўлмаса керак. Фактлар ва партия ветеранларининг хотиралари шундан далолат берадики, урушдан илгари Ўрта Осиё ва Қозоғистонда ўтмиш сарқитлари ҳали кишилар турмушида ва омма онгида ҳозиргига қараганда янада чуқурроқ бўлган бир даврда порахўрлик тўғрисида камдан-кам кишилар тасаввур қилар эдилар».

Э.Юсуповнинг бу чиқиши ўша даврга нисбатан жасорат, яна ҳам аниқроғи, Ўзбекистон ва ўзбек халқи шаънига кунда-кунора такрорланиб турган разолатга қаратилган зарба эди. Ҳолбуки, у даврда қаттол сиёсат қиличи ҳавода ўйнаб турар, Марказ кўрсатмасига жиндай ола қараган одам «ҳақ»ини олмасдан қолмас эди. Афсуски, бу каби чиқиш «десантчи»лар ва уларнинг раҳнамоларига чивин чаққанчалик ҳам таъсир кўрсатмайди. Тошкентдаги сессиядан йигирма кун ўтиб, Москвада СССР прокуратураси жиноятчиликка қарши кураш мавзусида учрашув ўтказади. Риёкорлик намойиши бўлган мазкур тадбир якунида Ўзбекистонда порахўрлардан кейинги икки ой ичидагина тортиб олинган 8 миллион сўм қоғоз пул, тилла танга, қимматбаҳо тош ва безаклар кўргазмага қўйилади. Камига, «жиноятчи» халқ вакилларидан бойликларни тортиб олишга бағишланган ҳужжатли филм ҳам намойиш қилинади.

« – Аминманки, бизга жуда қаттиқ қаршилик кўрсатилмаганида бундан ҳам кўпроқ бойликларни тортиб олишимиз мумкин бўлур эди», – дейди кекирдагини чўзган СССР Бош прокурори ҳузуридаги алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи Телман Гдлян.

Бу жиноий гуруҳ кирдикорлари ва улардан азият чекканлар ҳақида мустақиллик йилларида ҳуқуқшунос Виктор Илюхиннинг «Қабоҳат ёхуд… «Ўзбеклар иши» деган уйдирма хусусида» ҳужжатли эссеси, ёзувчи Исфандиёрнинг «Инқироз ёхуд генераллар ўйини» романи, ҳуқуқшунос, жабрдийда Тоштемир Қаҳрамонов «Иблис исканжасида 1643 кун» номли ҳужжатли романи, Аббосхон Усмонов муҳаррирлик қилган «Қабоҳат салтанати» рисоласи ва бошқа ўнлаб мақола ва суҳбатлар эълон қилинган. Биз бу ўринда номлари санаб ўтилган асарлар ва уларда айтилган фикрларни такрорламоқчи эмасмиз. Аммо тўпламларга кирмаган ёки кейинчалик эълон қилинган айрим мақола ва материалларга қисқача тўхталиб ўтамиз. Чунки бу мавзуни бутунлай четлаб ўтиш мумкин эмас: даврнинг сиёсий-маънавий манзараси кемтик бўлиб қолади. 

Интернетдаги Проза.ру сайтида асли тожикистонлик, юридик фанлари номзоди Абдужаббор Абдужалиловнинг «Гдлян – Иванов коррупсиядан риёкорликка» («Гдлян – Иванов фарисеи от коррупсии») сарлавҳали мақоласини ўқиб қолдим. Муаллифнинг айтишича, Гдлян – Иванов гуруҳида терговчи сифатида Ўзбекистонда бир муддат фаолият олиб борган. Мақоланинг ёзилишига Николай Иванов сабаб бўлибди. Қандай қилиб дейсизми? 

Кўчирма:

«Кеча бешинчи каналда давлат Думасининг собиқ депутати Николай Ивановнинг коррупсия муаммоси ҳақидаги узундан-узоқ интервюсини кўрдим. Ивановнинг серзавқ, танқидий нутқи шу қадар таъсирли эдики, эшитиб туриб, уни таниёлмай қолдим. Ўтган ишларни кавлаш тарафдори эмасман, аммо Николай Ивановнинг ўтмиш ҳаётидаги айрим лавҳаларни, шу билан бир қаторда, унинг собиқ устози ва ҳозирда дўсти – Телман Гдлян ҳақида ўқувчиларга сўзлаб беришга аҳд қилдим. Гдлян ва Иванов – бу ҳаётимнинг бир саҳифаси. Мен одамларнинг кунлардан бирида «Э, Абдужалиловми? Уям анавилардан бири-да…» деган таънасини эшитишни истамайман». (Таржима бизники – О.Т.)

А.Абдужалилов Телман Гдляннинг «Ўзбек иши»ига раҳбарликни СССР Бош прокуратураси тергов бўлимининг бошлиғи, ҳамюрти Герман Каракозов орқали қўлга киритганини ёзади. Маълум бўлишича, Каракозов Гдлянни доимо қўллаб-қўлтиқлаб юрган, Иванов эса, Мурманск вилояти прокуратурасининг бор-йўғи оддий ходими бўлиб, тергов гуруҳига азбаройи Гдлянга танишлиги туфайли қўшилиб қолган экан.

Кўчирма:

«1983 йилнинг декабрида Гдлян гуруҳида ишлаш учун юборилдим. Тошкентга келганимда кун кеч бўлганди. Тергов гуруҳи Ўзбекистон ССР ДХҚ (КГБ) биносида жойлашган экан. Ўшанда бу гуруҳ 12 кишидан иборат эди. Гдлян Ивановни «жасур ўринбосарим» деб таништирди. Эсимда, кўриб ҳайрон қолганман. Ўта муҳим ишлар бўйича терговчи иш юзасидан СССР прокуратурасидан бошқа ҳеч кимга бўйсунмас эди. Прокуратуранинг оддий ходими бўлган Иванов эса «жасур ўринбосар» сифатида менга ҳам топшириқлар берарди.

Иванов ўша куни кечқурун хонасидаги сейфдан бир шиша ароқ олиб очди. Учовлон ичдик. Гдлян (унинг лақаби «Хренович» эди) қиладиган ишларимни тушунтирди ва бир нечта қамоққа олинганлар ишини менга топширди. Ўшанда билдимки, Николай Вениаминович Иванов (лақаби «Соқол», «Супурги», «Югурдак») гуруҳда ҳеч қандай иш қилмайди. У ҳам «раҳбарият кўрсатмаларини бериш» билан шуғулланади. Тергов фаолиятида бундай ҳоллар одатий бўлгани учун кўпам эътибор қилмадим. 

Мен «Ўзбек иши» бўйича барча икир-чикирларни тавсифлаш ниятим йўқ. Бу ҳеч кимга қизиқ эмас. Фақат бир нарсани айтиб ўтишни шарт деб биламан. Мен гуруҳга келиб қўшилишим билан, Грузия прокуратурасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси Мошиашвили фаолиятини тугатиб, ортга қайтди. Мен у билан бирга Ленинградда малака ошириш курсида ўқиганман. Аеропортда ёлғиз қолганимизда у қулоғимга секин шивирлади: «Абдужалилов, бу иш бизга тўғри келмайди. Хреновичдан узоқлашиш йўлини топ. Бунинг охири вой». 

Гдляннинг «Буларнинг ҳаммасининг орқаси нотоза. Дуч келганини обориб тиқиб қўявер. Хато қилмайсан», деган гапи машҳур иборага айланиб кетганди. Ҳар қандай жиноий ишни тергов қилишнинг ўз қонун-қоидаси бор. Аммо бу ерда ҳеч қандай қонун-қоида йўқ эди. Ўзбекистон прокурори Бўрихўжаев имзо чеккан қамоққа олиш тўғрисидаги санксияда ҳатто айбдорларнинг исм-фамилияси ҳам кўрсатилмасди. Гуруҳ аъзоси, Гдляннинг юртдоши Алберт Карташян бўлса, гумондорлардан ўзига керакли исталган маълумотни ола билишидан фахрланиб юрарди. 

У вақтларда тинтув вақтида озиқ-овқат маҳсулотларини олиб қўйиш мумкин эмас, дўконлар ҳам мусодара қилинган маҳсулотларни қабул қилмас эди. Лекин, ҳеч қандай назорат йўқлиги туфайли, тинтув чоғида қўлга киритилган ўнлаб қути ароқ ва коняк тергов гуруҳи аъзоларининг ҳар кунги кечки зиёфат дастурхонида «йўқ қилиб» ташланарди.

Тергов гуруҳи иш услубига бир мисол: айбдорлардан бирининг иши бўйича тинтув далолатномасида амир даврида зарб қилинган, икки банкага жойланган 812 дона тилла танга олингани қайд этилган эди. Бу иш бўйича тинтув ва мусодарани Гдлян ва Иванов ўтказган. Аммо кейинчалик қўлга олинган шахс билан суҳбат ўтказганимда, у менга: «Абдужаббор, биламан, сен уларга ўхшамайсан. Лекин айтиб қўяй, тилла тангалар 1000 дона эди. Ҳар бир банкага 500 тадан солинган. Улар далолатномада камайтириб кўрсатди. Менга энди фарқи йўқ. Лекин билиб қўй. Улар ўмаришяпти. Белкурак билан ўмаришяпти», – деди». (Таржима бизники – О.Т.)

А.Абдужалиловнинг мақоласи ғафлатда қолган эл бошига дўниб келган ғаюр тўда – Гдлян – Иванов гуруҳининг асл қиёфасини кўрсатувчи муҳим бир ҳужжат ҳисобланади. 

Ҳалима Худойбердиева «ЎзАС»нинг 1989 йил 14 апрел сонида чоп этилган «Кўнгил кўзи» мақоласида изтироб билан «Матбуотда республикада пахта масаласи бўйича қамалган юзлаб одамларнинг бегуноҳлиги… аниқланганлиги ва қамоқдан бўшатилганлигини эшитганимда юрагим орқага тортиб кетди. Суюнайми, куюнайми?! 

Бу руҳий азоб, йўқотишларнинг хунини ким тўлайди? Демак яна газеталар ёзганидай «хато қилдик». Бу хатони кимлар қилди, мақсадлари нима эди уларнинг? Йўл қўйган хатолари учун қандай жазо чоралари кўриляпти? Мана шу саволлар жавобсиз қолаверар экан, биз навбатдаги хатоларга йўл қўяверамиз» деб ёзди.

Ҳафталикнинг 1989 йил 9 июн сонида «Совецкая Россия» газетасида босилган «Далолат» мақоласини Ёқубжон Хўжамбердиев таржимасида эълон қилинган. Мақолада Т.Гдлян бошлиқ тергов гуруҳининг қонунга зид хатти-ҳаракатлари ва иш услублари билан келишишни истамаган тергов ходимларининг гувоҳликлари берилган.

Ўзкомпартиянинг ИВ пленумида республиканинг собиқ раҳбари И.Усмонхўжаев (Аллоҳ раҳмат қилсин!) «1986 йилда раҳбар ходимлардан салкам 750 киши, шу жумладан 8 обком секретари, шаҳар, раён партия комитетларининг 100 секретари, шаҳар ва раён ижроия комитетларининг қирқ раиси, министликлар ва идораларнинг 18 раҳбари алмаштирилди», дейди. Бу – бир йиллик «натижа». Беш йиллик умумий манзара эса жуда ҳам аянчли эди. «Ёш ленинчи» газетасининг 1991 йил 11 июн сонида фирқа, уруш ва меҳнат фахрийси Нуриддин Муҳитдиновнинг (Аллоҳ раҳмат қилсин!) «У кунлар қайтмасин» деган ўйлари босилган. Собиқ биринчи котиб келтирган маълумотларга кўра, Марказқўмнинг ХВИ пленумидан сўнг, яъни 1984 йилдан 1989 йилгача Ўзбекистонда 57,5 минг ёки фирқа органлари номенклатурасига кирувчи ходимларнинг 74 фоизи ўзгартирилган. Компартиядан 19 минг нафар коммунист ўчирилган, 300 киши сайлаб қўйиладиган партия органлари таркибидан чиқарилган. Олий ҳамда маҳаллий Кенгашлардан 250 нафар депутат чақириб олинган.

Кўчирма:

«Биргина «Пахта иши» (бошқа ишлар ҳам бор эди) бўйича 22 мингга яқин киши ҳибсга олинган. Пахта тозалаш саноати вазири Усмонов отилди. Бухоро вилоят фирқа қўмитасининг собиқ биринчи котиби Каримов олий жазога ҳукм қилинди, аммо кейинчалик узоқ қамоқ жазоси билан алмаштирилди. Қашқадарё вилоят фирқа қўмитасининг собиқ биринчи котиби Ғоипов, Ички ишлар вазири Эргашев, унинг ўринбосари Давидов, жумҳурият, вилоят, ноҳия даражасидаги яна бир неча раҳбар ходим ўз-ўзини ўлдирди. Жиноий жавобгарликка тортилганлар орасида 442 нафар жамоа хўжалиги раиси, давлат хўжалиги директори, 94 нафар пахта заводи директори, 37 нафар фирқа ва шўро ходими бор эди. Ҳаммаси бўлиб 70 минг киши ҳибсга олинган». 

Муҳаммад Юсуф «Гдлян» шеърида бу гуруҳ кирдикорини 38-йилдаги Берия бошчилигидаги қатағончиларга менгзаган эди:

«Алпомиш Чамбилда,

Гўрўғли гўрда,

Ҳақиқат бешикда ухларди қотиб.

Бир жом олтин сўраб,

Қилич ўйнатиб,

Кириб келди қашшоқ ўзбек ерига – 

Телман Хоренович… Берия!..»

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Комил Икромов (Акмал Икромовнинг фарзанди) Марказнинг Ўзбекистонда юргизган адолациз сиёсатини кеч бўлса-да англаб, танқидий муносабат билдирган зиёлилардан эди. Тўғри, адиб республиканинг марҳум раҳбари фаолиятини, унга яқин бўлган мулозимлар ишини кескин танқид қилиб, баъзи шахсларни гўёки адиб-арбоб ноҳақ четга суриб қўйгани ҳақида ҳам талай мақолалар битган. Жумладан, «Литературная газета»нинг 1987 йил 10 июн сонида босилган «Вақт-соати етди…» мақоласи бунга далил бўла олади. 

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси 1990 йил июнининг 22-кунги сонида К.Икромовнинг бир туркум мактуб ва мақоласини Маҳмуд Саъдий таржимасида эълон қилади. Қуйида «Гдлян билан Ивановнинг тергов гуруҳи тўғрисида» деб номланган мақоладан парча келтирамиз:

«Ўзбек бўлиб туғилганим ва республика билан узоқ йиллик алоқаларим туфайли аччиқ аламга тўлиб айтаманки, ҳозирги пайтда мамлакатда адолатнинг турли-туман шаклларда оёқ ости қилиниши ва оддий одамлар мангу ахлоқий қадриятларининг топталиши учун Ўзбекистондан қулайроқ бошқа бирор жой топилмаса керак.

Ўрта Осиёдаги ривожланган феодализм бировларни шу қадар тупроққа қориб ташлаб, бошқа бировларга шу қадар катта, чексиз-чегарасиз эрк-ихтиёр бериб қўйдики, натижада, юқоридан бўлган ҳар қандай тазйиқ-таҳдид Оллоҳнинг иродаси тарзида қабул қилина бошлади, бу ҳолат одатга айланди. Шу йиллари милиция ҳокимияти ҳар қандай хону амирлар ҳокимиятидан ҳам ўтиб тушди, у тобора юқори жойлар билан чатишиб кетди.

Ҳар қандай оддий одам ҳуқуқни ҳимоя қилиши лозим бўлган органларда ҳамма иш сохта гувоҳликлар асосида олиб борилиши, шунинг учун энг яхши йўл қилмаган гуноҳни бўйинга олиш эканини биларди. 

Ана шундай вазиятда Гдлян гуруҳи юқоридан қуйигача, кимнинг устидан бўлмасин, хоҳлаганча фош қилувчи материаллар тўплай олди. Албатта, қўшимчаси билан.

Мисоллар келтириб ўтирмайман, уларни менсиз ҳам гувоҳлар ва жабрланганлар келтирадилар. Мен бошқа нарса ҳақида гапирмоқчиман. Гдлян билан Иванов фаолияти атрофида энг обрўли оммавий ахборот воситалари муттасил равишда, изчиллик билан шишириб, жазавага берилиб кўтарган шов-шувлар тўғрисида гапирмоқчиман…

Терговчиларнинг қонунсиз ҳаракатларидан ва матбуотнинг андишасизлигидан топталган миллий туйғулар ҳақида эслатишга ҳар қандай уриниш жиноятчиларни ҳимоя этиш тарзида қабул қилинди. Маҳаллий сиёсатчилар, бир томондан, «кадрлар масаласи» бегоналар қўли билан ҳал қилинаётганидан қувондилар, бошқа томондан эса, Москвада уларни «нотўғри тушунишлари мумкинлиги»дан қўрқардилар. Бу қонунсизликлар халқнинг тақдирида қандай оқибатлар келтириб чиқариши, улар қайта қуришнинг реал душманлари томонидан қандай фойдаланилиши, кишилар онгида қандай қинғайишлар содир этиши тўғрисида ташвиш чекувчи кимса топилмади.

Аввал эсга олганимдек, ҳозирги ишлардан бир йил муқаддам, «Известия»га бир мақола таклиф қилгандим, унда Каракозов ва Гдлян танқид остига олинганди. Ундан ҳам илгарироқ журналистларнинг бир катта кенгашида бу ҳақда бир соатга яқин гапирган эдим. Таъсири эса – нул…»

Ўзбекистоннинг обрўсизлантирилгани, ўзбек халқининг туҳмат тоши остида қолгани ўша даврда Марказий матбуот саналган газеталарда ҳам эътироф этилган. «Литературная газета» 1988 йилда «Арслон сакради!» туркумида бир қанча мақола ва суҳбат уюштиради. Газетанинг 20 июл сонида таҳририят шарҳловчиси Юрий Щекочихин ва милиция подполковниги Александр Гуров мусоҳабаси ўрин олган. 

«Ю.Щекочихин: – Александр Иванович, мафия ҳақида гап кеца, негадир барча жозибали мисоллар жанубий ҳудудлардан олинади?

А.Гуров: – Менимча, бунинг сабабларини иқтисодий ҳаётдан излаш керак. Жануб – бу бизнинг Клондайк. (Клондайк – Канададаги олтинга бой ҳудуд. – О.Т.) Салбий ҳодисалар ҳақида гап очилса, негадир нуқул Ўзбекистон ҳақида сўзлайдилар. Бу ўринда гап қоғозда етиштирилган пахта учун миллиардлаб сўм пул ўғирланганида, раҳбарларнинг коррупсияга берилиб кетиши туфайли республика жар ёқасига келиб қолганида эмас, республика ҳаддан ташқари кавлаб текширилгани сабаб Ўзбекистон тилдан тушмай қолди. Гап шунда. Бошқа ҳудудларни текшириш учун эса қўлимиз калталик қиляпти». (Таржима бизники – О.Т.)

1991 йил сентябрининг 2-кунида СССР халқ депутатларининг навбатдан ташқари В съезди бўлиб ўтади. Сентябрнинг 3-куни СССР Бош прокурори Николай Трубин собиқ терговчилар – СССР халқ депутатлари Телман Гдлян ва Николай Иванов устидан очилган жиноий ишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади. Шунингдек, СССР Бош прокуратураси тергов бўлими собиқ бошлиғи Герман Каракозов ва бошқа кўплаб прокуратура ходимлари устидан очилган жиноий ишлар тўхтатилади. 

Халқимизнинг «Онангни қози сўраса додингни кимга айтасан…» деган мақоли бежиз эмас. Бу халқнинг бошида бу шўриш ҳам бор экан. Ушбу адолацизлик тантанасига оид «ТАСС» хабари «Правда» газетасининг 205-сонида чоп қилинган.

Хуллас, 1983 йилнинг сентябридан 1989 йилнинг май ойига қадар Ўзбекистонда фаолият юритган Гдлян – Иванов гуруҳи, юқорида кўрганимиздек, «ҳаракатларида жиноят состави йўқлиги сабабли» (Оқловни қаранг! – О.Т.) терговдан озод бўлади. Бу қарордан норози бўлган Ўзбекистонлик 83 нафар СССР халқ депутати съездга мактуб йўллайди. Шу билан бирга, ноиблар Ўзбекистон прокуроридан Гдлян ва Ивановга қарши жиноят иши қўзғаб, мустақил тергов ўтказишни талаб қилади.

Ўзбекистондан сайланган СССР халқ депутатлари ташаббуси билан Т.Гдлян бошлиқ тергов гуруҳининг фаолиятини текшириш учун парламент комиссияси тузилади. Комиссияга тарихчи олим ва публицист Рой Медведев раис этиб тайинланади. Матбуотчилар билан учрашган комиссия раиси Москва ва Ленинградда «Гдлян ва Ивановни ҳимоя қилиш учун» тузилган кўпдан-кўп фронтларнинг комиссияга қаттиқ тазйиқ ўтказишга уринаётгани, «терговчиларнинг адолатли ишини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги талабномалар келиб тургани, дағдағалар бўлаётганини айтиб ўтади.

Яна бир маълумот, Олий Советга Гдлянни СССР халқ депутати қилиб сайлаган Зеленоград шаҳри сайловчиларининг «Ўзбекистонлик депутатларни Съезд минбарига яқин йўлатманг» деган мактуби ҳам келиб тушади. 

Шундай қилиб, «қизил ўлат» янги шаклда намоён бўлган эди. Бу икки манфур ижрочи буюртмачи ҳомий томонидан тақдирланиб, аввалига Арманистон ССР Олий Совети депутати, кейинроқ СССР халқ депутати этиб сайланади. Бу билан ДХҚ ўз режасини тўла-тўкис амалга оширади. Қўқон Мухториятини яксон қилиб қўли қонга ботганлар орадан олтмиш олти йил ўтиб яна ўша зулмат тиғини очиққўл ва содда халқнинг юрагига санчади. Тарих такрорланди, зулм-зўрлик, қатағон ва хўрлик такрор бўлди. Адолат, ҳақиқат ахтарган бечора авом эса Каломуллоҳ ўқиб, Ҳақдан ўзга ҳақ йўқлигига яна бир бор имон келтирди…

Ўзбекда «Ҳам ғарлик, ҳам шарлик» деган мақол бор. Бу мақол ахлоқсизлигини тан олмай, бунинг устига, шаддодлик билан туҳмат қиладиган кишига нисбатан айтилган.

Гулистонлик М.Аҳмедовнинг «Бирнинг касри мингга урмасин-да!» мақоласи («ЎзАС»,1988 йил 20 май) миллат бошига ёғдирилган туҳмат тоши нақадар оғир эканлигига бир мисол бўла олади.

Кўчирма:

«Тошкент – Москва» поездида сафарга кетаётган эдим. Ресторанда хунук бир воқеа юз берди. Тўғрисини айцам, сафар ҳам татимади. Нима бўлди денг? Овқатланиб бўлгач, официантка ҳисоб-китоб қилди. «Олти сўм 60 тийин деганда қўлига битта ўн сўмлик бердим. «Майдам йўқ эди-я», деб қайтим беришни пайсалга солди. Айбим, «ҳа, майли, қўяверинг», дебман. Мен билан бирга овқатланган купедошим:

– Биродар, қайтим олиш бойваччаларга ярашмайди, деб қолди.

Жаҳлим чиқди.

– Мени бойвачча деб ўйлаётган бўлсангиз янглишасиз, – дедим ранжиб. – Мен оддий одамман, йигирма йилдан бери далада сувчилик қиламан…

– Муғомбирлик ҳам эви билан-да, - шеригим истеҳзосини яширмай қўя қолди. – Миллионларни босиб, хумга кўмиб ётибсизлар-ку. Нима, газета ўқимайди, деб ўйлайсизми? 

Нафасим ичимга тушиб кетди. Бироздан кейин ўзимга келдим, аммо индамадим. Тортишиб ўтириш бефойда, дедим-да, қайтимдан ҳам кечдим. 

Тортишиш кечқурун бошланди, тонггача давом этди. Москвалик инженер йигит экан шеригим. Эсли-ҳушли, бамаъни, аммо биз ҳақимиздаги фикри чатоқ. Гўё ҳаммамиз бойваччамиз. Ҳаёт эртаклардагидай: қозон тўла мой, қўйлар сўйилган, палов, кабоб деганингиз мўл! Совға-саломми, марҳамат, размерини айцангиз бас. Ҳаммаёқда ўйин-кулгу, аския…

Йўқ, бунақа эмас. Беш-ўнта ҳаромтовоқни деб юзимиз қора бўлмаслиги керак. Йигирма йилдан бери ғўзага сув тарайман, эрта баҳордан то кеч кузгача тиним билмайман. Аммо ошиб-тошиб кетган жойим йўқ. Фарзандларимнинг бўйи чўзилиб қолди. Сандиқда эса ҳеч вақо…»

Шоир Сулаймон Раҳмон қаламкаш дўстига қарата ёзган шеърида ноқисликларга исён қилиб:

«Ҳайқир, эй, сабрнинг косаси тўлди!

Гуноҳкор – бегуноҳ! Бегуноҳ – ўлди! 

Қор ёғди. Излар йўқ. Бу қандоқ бўлди?!

Наво қил, қорни ёқ, изни тирилтир», – деб ҳайқиради.

Шоир жафокаш халқнинг фарёдини баён этган. Келинг, шу ўринда республиканинг ўша йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётини бир эсга олайлик.»Пахта иши», «Ўзбек иши» деган машъум ҳужжатларда минг марталаб такрорланганидек, бу халқнинг туваги тилладан бўлиб кетганмиди? Балки, ростданам қишлоқлардаги ҳар бир ўзбек деҳқони амир Олимхондек ҳаёт кечиргандир? Бугунги ёшлар билиши учун бу саволларга тарихчи ва иқтисодчи мутахассислар тўғри ва холис жавоб беришлари лозим. Мен бу ўринда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси тахламларини варақлаб, кўзим тушган айрим мисолларни келтириб ўтаман. Ҳафталикнинг 1989 йилги 1 январ сонида академик Бекжон Тошмуҳамедов «Эл тўқ, мамлакат обод бўлсин» мақоласи орқали маъмурчилик ва ижтимоий фаровонлик йўлга қўйилмаган жойда энг аввало халқнинг тиббий аҳволи кескин ёмонлашиб, ўнглаб бўлмас вазият вужудга келишини далиллаб беради.Республика иқтисоди ва қишлоқ хўжалигининг ночор ҳолга тушиб қолгани аҳоли дастурхонида, емак-ичмагида акс этаётганини айтиб ўтади. Олим миллатдошлари қувватни гуруч ва хамир овқат, нон-чойдан олаётганини таъкидлайди.

Кўчирма:

«Бу кўнгилсиз ҳол расмий статистик маълумотларда ҳам ўз ифодасини топган. Агар гўшт, сут, тухум истеъмол қилиш мамлакат бўйича жон бошига ўртача 64 кг, 341 л ва 272 донани ташкил эца, бу миқдор Ўзбекистонда 29 килограмм гўшт, 186 литр сут ва 112 дона тухумга тўғри келади. Бу фарқлар – ҳатто мамлакат бўйича кўрсаткичларнинг ўзи ҳам илмий асосланган нормалардагидан анча пастлигини инобатга олмаган тақдирда ҳам – ҳазилакам эмас. Республикамиз аҳолиси картошкани ҳам Иттифоқ даражасидагига қараганда уч баравар камроқ истеъмол қилади. Бунинг устига, балиқ маҳсулотлари, қанд, ҳатто сабзавот ва мевалар истеъмол қилиш жиҳатидан ҳам биз мамлакат бўйича ўртача даражадагидан орқадамиз». 

Б.Тошмуҳамедов Ўзбекистон болалар ўлими кўплиги жиҳатидан Иттифоқда «пешқадам»лигини, бу нохуш манзара Японияга солиштирганда ўн баравар кўплигини таъкидлаб, фожиа илдизи ночор ва аянчли турмушда, деб уқтиради. Муаллиф келтирган статистик маълумотларга таянадиган бўлсак, Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси жон бошига бир йилда 8 килограмм гўшт тўғри келади. Бу эса Эстония қишлоқ аҳолисиникидан ўн баравар кам.

Иқтисодчи олим Нурислом Тўхлиевга кўра, «Мамлакат бўйича иқтисодий тараққиёт даражаси тўрт «минтақа»га бўлинади. Биринчи минтақага Болтиқбўйи жумҳуриятлари ва Белоруссия киради. Иккинчи минтақага РСФСР, Украина ва Молдова, учинчи минтақага Қозоғистон, Арманистон ва Гуржистон жумҳуриятлари, тўртинчи минтақага эса Озарбайжон ва Ўрта Осиё жумҳуриятлари киради. Тасаввур қилинг, биз ана шу охирги минтақанинг ҳам энг сўнгги ўринларидан бирида турамиз.

Яна бир даҳшатли мисол. Колхозчиларга жумҳуриятимиздаги (1988 йилда) тўланадиган меҳнат ҳақи мамлакат бўйича колхозчиларга тўланадиган ўртача меҳнат ҳақидан 21,5 фоизга камдир. РСФСРдагидан 34,0, Белоруссиядагидан 33,2, Литвадагидан 49,6, Латвиядагидан 62,5 фоизга, Эстониядагидан эса 2 мартадан ҳам кам бўлди».

Поёнсиз пахтазорларда чигирткадай чирқиллаб юрган гўдак-болалар меҳнати қадим замонда эмас, совет Ўзбекистонида завқ-шавқ билан мадҳ этилган. Бундай ҳаёт деярли ҳар бир ўзбек боласининг тақдирига эш эди, десак тўғри бўлади. Эрта баҳордан то қишгача далада кўкарган авлод учун мактаб ҳам, муаллим ҳам пахтазор бўлгани айни ҳақиқат. Чин дунёга кетган шоир Чори Авазнинг 1989 йилда эълон қилинган бир туркумида шундай сатрлар бор: 

«Мактаб – ўн йил.

Ярмидан кўпи

Пахтазорда кечган –

Ягана, ўтоқ, терим.

Нимжон ғўзаларни юлиб бир пайтлар,

Пахтакорга шараф келтирган бўлсам,

Бугун мактабдаги нимжон йилларим

Ягана қилмоққа турибман маҳкум.

Қайси бир йилимдан кечайин, айтинг?»

Ўша йилларда айрим ютдошларимиз юрак ютиб муаммодан сўз очади. Фарғоналик Тоҳир Тўхтасинов «Деҳқон фақат оғизда ёки қоғозда эмас, амалда ернинг ҳақиқий эгаси бўлиши керак. Инсон ўз меҳнатининг самарасидан тўла баҳраманд бўлмаса, яхши еб-ичмаса, дам олмаса, фақат оғир иш қилаверса, яшашдан нима маъно қолади?» дея савол қўйган бўлса, бекободлик мактаб ўқувчиси Абдуваҳоб Болтабоев катталар қўёлмаган масалани қўрқмасдан ўртага ташлайди.

Кўчирма: 

«Менинг ёшлигим далада ўтаяпти. Қишлоғимизнинг ҳамма томони пахтазор. Ота-онамга ёрдам бўлсин, деб саратон жазирамасида бўйим тенги кетмон кўтариб далада ишлайман. Кузда пахта тераман. Иш ҳақимиз эса маълум. Ҳозир кўплаб хўжаликларда оила ва ижара пудрати жорий этиляпти. Шу кетишда бир неча йилдан кейин қишлоқларда ишсизлар сони кўпайиши тайин. Зеро, колхоз-совхозларда пахтани қайта ишлашга мўлжалланган корхоналар қурилса, айни муддао бўларди. Шунингдек, қишлоқларда маданий-маиший хизмат кўрсатиш тармоқларини кўпайтириш лозим. Бизнинг қишлоқда эса на клуб, на ҳаммом, на сартарошхона, на болалар боғчаси бор. Қолганини ўзингиз тушуниб олаверинг».

Қизилтепалик И.Бердиевнинг мактубини ҳам шунчаки ўқиб бўлмайди.

Кўчирма:

«Қишлоқларимиз ҳаёти анча мураккаб. Баъзи оилалар беш-олти кишилашиб далада ишлайди. Аммо ҳафтада икки килограмм гўштни ҳам осонликча тополмайди. Қишни ғўзапоя билан ўтказаётганлар, болаларини дурустроқ кийинтириш учун пул топа олмаётганлар қанча? Қишлоқ болаларининг аксарияти ноябрдан то тут пишиғигача олма, узум, анор, қовун каби сервитамин ноз-неъматларни деяри тановул қилмайди. Асосий овқатлари нон ва чой. Устига-устак уйда мол боқиш учун ем-хашак йўқ. Томорқаларнинг асосий қисми чорва экинлари билан банд. Бу ҳоллар партия ва ҳукуматимизнинг кейинги пайтларда қабул қилинган қарорларида кескин танқид қилинди, шароитни яхшилаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Лекин натижа қани? Деҳқон томорқасини ривожлантиришга, шахсий хўжаликларда чорва маҳсулотлари, мева ва сабзавотлари етиштиришни кўпайтиришга қачон амалий ёрдам кўрсатилади?»

Бу ўтли хитоблар дунёга «ўғри», «муттаҳам», «порахўр», «боқиманда», деган қатор туҳмат ёрлиқлари билан таништирилган меҳнаткаш, мард, очиққўл ва танти халқнинг мустабид тузумга қарата айтган сўрови эди. 

Маърифатпарвар Ҳамза 1914 йилда ёзган «Ватандошларима хитоба» (заҳматкаш олим Бойбўта Дўстқораев маълумоти – О.Т.) шеърида шундай бонг урган экан:

«Эй, аҳли ватан? Босди сени мунча ғафлат,

Ғарқ айлади мунча сени дарёи жаҳолат?

Тушди сенинг бошинг уза ҳар зиллау разолат,

Боқ! Ҳолингга нелар бўла гар бўлса басорат?»

Жадид шоирнинг мазлум элдошларига хитоби ҳақ сўз бўлиб, зулмга нисбатан исён эди. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Агар умматим золимни кўриб, сен золим экансан, деб айтишдан қўрқсалар, улар фойда бермайдиган кишиларга айланади», деган эканлар. 

Олим Тошбоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, филология фанлари номзоди.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг