Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сурия: урушнинг етти йили

Сурия: урушнинг етти йили

Фото: «MagSpace.ru»

Бу йил март ойида Сурияда қуролли можаролар бошланганига, Палмира атрофидаги қишлоқларнинг биридан бўлган Муҳаммад оиласининг бошидан кечирган даҳшатларига етти йил тўлади.

Муҳаммад уруш фарзанди. Сурияда фуқаролар уруши бошланганида у бор-йўғи икки ойлик чақалоқ эди.

Муҳаммад туғилган оиланинг турмуш тарзи бирдан ўзгариб қолгани йўқ. Дастлаб озиқ-овқат тақчиллиги бошланди. Кейин эса қуролланган нотаниш кимсалар маҳаллий аҳолига таҳдид қила бошлашди. Бир куни қишлоқ тўпдан ўққа тутилди. Бир неча киши жойида вафот этди, болакайнинг қўлига эса снаряд бўлаги келиб тушди.

«Бомбардимон туфайли биз уни шифохонага олиб бора олмадик. Бир амаллаб етиб олганимизда эса шифокорлар бармоғини кесиб ташлаш кераклигини айтишди», — дейди Муҳаммаднинг отаси Ҳусайн Иброҳим.

Шундан сўнг оила ўз уйини ташлаб қўшни Ливанга кетди. Улар уруш туфайли ўз уйидан айрилган суриялик 5 миллион қочқиндан бирига айланишди.

Қўлидаги жароҳатидан ташқари Муҳаммаднинг эшитиш билан боғлиқ муаммоси ҳам бор. Байрутда у карлар ва заиф эшитувчилар мактабига қабул қилинди. Омади бор экан.

«Биз суриялик қочқинларнинг болаларини кўпроқ қабул қилишни хоҳлаймиз. Аммо бунинг учун шароитимиз йўқ», — дейди мактаб ўқитувчиларидан бири Ядис Шауиш.

БМТ қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармасининг маълумотларига қараганда, Муҳаммадга ўхшаган болалар сони миллиондан ошади. Уларнинг Сурия ҳақида эслайдиган ягона нарсаси — уруш.

Ўқитувчиларининг айтишича, Муҳаммад бир қатор муваффақиятларга эришмоқда. Бошидан кечирган воқеаларга қарамасдан, болакай янги шароитга тезда мослашаяпти.

Муҳаммаднинг ота-онаси бир кун келиб ватанга қайтишдан умидвор. Аммо энг муҳими болаларини тинч ва фаровон ватанда тарбиялаб вояга етказишдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг