Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия Президенти Ўзбекистонга келади

Туркия Президенти Ўзбекистонга келади

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 февраль куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Президент Режеп Таййип Эрдоғанни туғилган куни билан самимий қутлаб, унинг Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги қардошлик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган катта эътибори ва саъй-ҳаракатларини ҳамда қўшаётган улкан ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Президент Режеп Таййип Эрдоған Президентимиз Шавкат Мирзиёевга табрик ва эзгу тилаклар учун самимий миннатдорлик билдирди.

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистон Республикасига бўлғуси олий даражадаги ташрифига тайёргарлик кўриш ҳамда муқаддам эришилган келишувларни бажарилиши масалалари юзасидан Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ташкил этилади.

Суҳбат чоғида икки мамлакат раҳбарлари ўзбек-турк ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилди, минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича фикр алмашди.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик алоқалари ҳамда анъанавий яқин ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканларини яна бир бор тасдиқладилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг