Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Визасиз режим жорий этилгач, июнгача бўлган авиачипталар 2 кунда сотиб тугатилган

Визасиз режим жорий этилгач, июнгача бўлган авиачипталар 2 кунда сотиб тугатилган

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 22 февраль куни видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, 30 кунгача виза олиш бекор қилинганидан кейин икки кун ичида Исроилдан Ўзбекистонга келиш учун июнь ойигача бўлган авиачипталар сотиб тугатилган. Шу боис виза режими бекор бўлган давлатлардан қатновлар сони оширилади, Тошкент шаҳридан ташқари Бухоро, Самарқанд, Урганч, Навоий ва Қарши шаҳарларига ҳам тўғридан-тўғри рейслар очилади.

Шунингдек, туризмда мавсумий даврни узайтириш, кўрсатиладиган хизмат турларини кўпайтириш ва туризм инфратузилмасини яхшилаш масалалари муҳокама қилинар экан, меҳмонхоналарнинг асосий қисми Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида экани, туристлар оқими ошган даврда уларда ҳам жой етишмаслиги қайд этилди. Меҳмонхоналарни кўпайтириш, шу билан бирга, бу йўналишда хусусий жойлаштириш объектлари ва меҳмон уйлари ташкил этиш, тадбиркорларга ер ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Сайёҳлар ташриф буюрадиган масканлар ва автомагистрал йўллар бўйида санитария-гигиена шохобчаларини кўпайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Маданий мерос объектларига кириш тизимини такомиллаштириш, турникетлар, видеокамералар ва йўл кўрсаткичлари ўрнатиш, ахборот марказлари ташкил этиб, уларда туристларни қизиқтирувчи барча хизматларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда янги хизмат ва савдолар ташкил этиш орқали валюта тушумини кўпайтириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Хусусан, сувенирлар ишлаб чиқариш ва уларни махсус киоскларда сотиш, аэропортларда фаолият юритадиган «Duty Free», «Tax Free» тизимидаги савдо шохобчаларини туристик шаҳарларда ҳам очиш, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда автомобиль ижараси марказлари ва Wi-Fi зоналар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Қадимий шаҳарларда туну кун ишлайдиган сайёҳлик ҳудудлари, «Қадимий Бухоро» ва «Самарқанд сити» туристик зоналари ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг