Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вячеслав Голишев қаерда?

Вячеслав Голишев қаерда?

Вячеслав Голишев Оқсарой фонида. Сурат 1997 йилда олинган.

Фотоколлаж: «Xabar.uz»

Шу йилнинг феврали бошида Ўзбекистон Президентининг ижтимоий-иқтисодий сиёсат масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси хизмати бутунлай тугатилиб, шўъба шаклида Президентнинг Ижро этувчи аппарати таркибига қўшилган эди. Аммо бу ҳақда ҳеч қаерда маълумот тарқатилмади.

Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган Вячеслав Аркадевич ҳали компартия ҳукмронлик қилган даврлардаёқ Ўзбекистон коммунистик партияси марказий қўмитаси ижтимоий-иқтисодий бўлими бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган. 1994 йилдан Давлат прогнозлаштириш ва статистика қўмитаси раисининг, кейинчалик Макроиқтисодиёт ва статистика вазирининг биринчи ўринбосари, 1996 — 2003-йилларда Президентнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсат масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси, 2003 йилнинг июнидан 2005 йилнинг июлига қадар давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. 1999 — 2005-йилларда Олий Мажлис депутати сифатида ҳам фаолият кўрсатган.

2005 йилнинг июлидан то 2006 йилнинг апрелигача Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт вазири, иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича комплекс раҳбари лавозимида ишлади. 2006 йил 11 апрелдан буён яна Ўзбекистон Президентининг ижтимоий-иқтисодий сиёсат масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келаётган эди.

Биринчи Президент даврида иқтисодиёт соҳасидаги ҳар қандай ғоя ва ташаббуслар у орқали давлат раҳбарига етказилар, барча жимжимадор ва бўрттириб ёзилган кўрсаткичлар у ва собиқ молия вазири Рустам Азимов томонидан маъқулланганидан сўнггина давлат раҳбарининг маърузаларига киритилар эди.

Бозор иқтисодиёти қуриш йўлидаги жаҳоннинг ҳеч қаерида учрамайдиган «ўзига хос ва ўзига мос ўзбек модели» ижодкорларидан бири ҳам айнан шу шахс эди. Бу ислоҳотлар оқибатида аҳолининг иқтисодий аҳволи қандай ҳолатга тушгани бугун ҳаммамизга аён.

Россияга қатнайдиган миллионлаб мигрантлар оқими пайдо бўлгани, фаолият кўрсатган юзлаб корхоналар касодга учрагани, халқаро молиявий муассасалар билан алоқалар минимал ҳолатга тушиб қолгани, иқтисодиётга давлат аралашуви ҳаддан ортиқ ўсгани, халқнинг турмуш даражаси кескин пасайганини бугун ҳеч ким инкор қилолмайди.

У ўз хизматига кадрларни Вазирлар Маҳкамасидан, асосан собиқ Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов комплексидан ва собиқ Марказий банк раҳбари Файзулла Муллажонов муассасасидан олиши билан ҳам танилган эди. Шунингдек, Голишев Президент девони Ишлар бошқармаси раҳбари сифатида фаолият юритган, Девонни ёзилмаган қоидага кўра амалда бошқарган ва инсоний фазилатлари билан яхши танилган Зелимхон Ҳайдаровнинг ҳам катта ҳурматини қозонган шахс эди.

Голишевни айрим экспертлар Рустам Азимовнинг «чўқинтирган отаси» ҳам деб аташади. У Ислом Каримовга собиқ молия вазири ҳақида доимо ижобий фикр билдириб, энг қалтис ва хато қилган пайтларида ҳам буюк сиёсатчининг ғазаб қамчисидан асраб келгани борасида юқори доираларда кўп гап-сўзлар юради.

Вячеслав Голишев Ислом Каримов билан Давлат план қўмитасида бирга ишлаган. У Биринчи Президентнинг ишончини қозонган ва ҳукмрон оилага яқин киши сифатида узоқ йиллар сиёсий элита тепасидаги йирик амалдорлик мавқеини маҳкам сақлаб келди.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Вячеслав Голишев мамлакат иқтисодий комплексини бошқарган амалдор сифатида бирор маротаба тармоқ ислоҳотлари ҳақида очиқ баёнот билан чиққан эмас, доимо саҳна ортида қолган. У ўзбек халқи иқтисодиёти ҳақида ҳашаматли кабинетида миллий дастур ва қарорлар қабул қилар экан, оддий одамларнинг қишлоқларда қандай яшаётгани, қийналиб рўзғор тебратаётгани, оиласини боқиш учун дуч келган қора ишларни ҳам бажараётгани, кун бўйи ишласа-да, топган пулига қорни тўйиб овқат емаётганидан мутлақо бехабар бўлгани айтилади.

Шу билан бирга у гарчи ўзбек тилида эркин сўзлашмаган бўлса-да, ишда ва кўча-кўйда ўта камтарлиги билан ажралиб турган. Бундан ташқари, ҳокимиятдаги турли гуруҳлар ўйинларига доимо нейтрал позициядан туриб ёндашган.

Унинг рафиқаси Ирина Голишева узоқ йиллар Молия вазирлиги Солиқ ва божхона-тариф сиёсати бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб, амалда Рустам Азимовнинг бу икки тармоқ бўйича бош маслаҳатчиси, доимий равишда «иқтисодий бошқарувчилар тандемининг соат милларини тўғрилаб турувчи» воситачи вазифасини ўтаб келган.

Яқинда собиқ молия вазири ва унинг «командаси» Президент Шавкат Мирзиёевнинг жиддий танқидига учрагач, 2017 йил 26 декабрда Голишева хоним ишдан ҳайдалган эди. Давлат бюджети бош бошқармаси собиқ бошлиғи Элла Острогожская ҳам айнан унинг шафелигида Молия вазирлигида қудратли кучга айлангани тахмин қилинади.

67 ёшли собиқ амалдор Вячеслав Голишевнинг ҳозирги тақдири номаълум. Айрим маълумотларга кўра у пенсияга чиққан. Айни пайтда Ўзбекистондами ёки хориждами, бу ҳақда ҳам аниқ маълумот йўқ.

Мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев бу каби қатъий ўзгаришлар билан республикадаги энг олий даргоҳ — Президент девонини масъул ходимларнинг маъмурий буйруқбозликка асосланган тизимидан халқчил ижро этувчи тузилмага айлантириш ниятини яна бир бор тасдиқламоқда. «Ответработник»лар (масъул ходимлар) сонини қисқартириш орқали иш унумини оширишни кўзламоқда, узоқ йиллар мамлакатда иқтисодий ислоҳотлар тепасида турган, шу билан бирга кутилган натижага эриша олмаган ва замонавий талабларга мослаша олмаётган, ғайрат ва шижоат кўрсатмаётган маслаҳатчилардан бирма-бир воз кечишдек оқилона сиёсат юритаётгани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.

Бу фактлар Президентнинг Олий Мажлисга мурожаати чоғида юқори бошқарув идоралари ходимларининг сонини кескин камайтириш ҳақида билдирган баёнотига ҳам тўла мос келади.

Саид Иброҳимов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг