Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бокс нега пайсалга солинмоқда? Андижонда яна бир «ҳангома»

Бокс нега пайсалга солинмоқда? Андижонда яна бир «ҳангома»

Фото: «Спутник»

Жорий йилнинг 6 март куни Асака туманида профессионал бокс кечаси ўтказилиши керак эди. Табиийки, ташкилотчилар томонидан мусобақа ўтказилиши учун барча шарт-шароитлар бекаму-кўст бажарилган бўлиб, кеча иштирокчиларининг аксарияти ҳам бир кун муқаддам Андижон вилоятида ҳозир бўлишган эди. Халқаро меъёрларга мувофиқ вазн ўлчаш маросими ўтказилаётган бир вақтда ҳақиқий «ҳангома» бошланди. Бу ҳақда сайтимизга Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Асакада ўтказилиши керак бўлган бокс кечасига рухсат берилмади. Ваҳоланки, мазкур кеча борасида «афиша»лар бир неча кун муқаддам туманнинг энг кўзга кўринган жойларига илиб чиқилган, иштирокчилар орасида бир неча нафар маҳаллий боксчилар борлиги боис ишқибозларнинг ҳам қизиқиши юқори эди.

Табиий савол туғилади: нега бундай бўлди?

Биздаги маълумотларга қараганда, Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг масъул ходимлари ҳамда ташкилотчилар 27 февраль куни (!) 12:31 да мусобақа низомини Андижон вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига юборганди. У ерда Шерзод исмли ходим тақдимномани қабул қилиб олганди.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун Андижон вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси раҳбари ўринбосари Элёр Ғуломов билан боғландик. Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, Э.Ғуломов боксга бегона эмас, ўз вақтида ҳаваскор боксда эътиборли натижаларга эришган. Бироқ унинг  ўтказилаётган мусобақа ҳақида ҳеч нарсадан хабари йўқ экани ва мусобақа бўлаётганини ўша куни эшитганини таъкидлаб ўтди.

Ваҳоланки, мусобақа ташкилотчилари (хусусан, мураббий Абдуманноп Аҳмадалиев) бу ҳақда бошқарма масъулларини хабардор қилишганини таъкидлаб ўтишди. Ким ҳақ, ким ноҳақ — бу уларнинг виждонига ҳавола.

Масъулиятсизликми, беэътиборлик ёки шахсий адоват туфайли байрам арафаси асакалик бокс ихлосмандларини хурсанд қилиши кўзда тутилган ушбу мусобақа, афсуски, ўтказилмади. Бундан ким ютди-ю, ким эса ютқазди.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг