Испания Исроил ғазабига учраган Ламин Ямални ёлғизлатиб қўймади
Футбол юлдузи, «Барселона» жамоаси ҳужумчиси Ламин Ямал Исроил расмийларининг босимига учради. Испания раҳбарияти ёш футболчининг ёнини олди.
11 май куни «Барселона» жамоаси Испания чемпионатидаги ғолибликни мухлислар билан биргаликда оммавий равишда нишонлади. Футболчилар Барселона кўчалари бўйлаб автобусда ўтар экан, Ламин Ямал Фаластин байроғини ҳилпиратгани дунё аҳлининг эътиборини тортди.
Фаластиннинг мазлум халқига хайрихоҳ бўлган миллионлаб одамлар Ямалнинг бу ҳаракатини олқишлади.
Исроил мулозимлари эса кутилганидек бундан дарғазаб бўлди. Хусусан, яҳудий давлати мудофаа вазири испан юлдузини «нафрат тарқатиш» да айблади.
«Мен «Барселона»дек буюк ва ҳурматли клуб бу баёнотлардан ўзини узоқ тутади ҳамда терроризмга ундаш ва уни қўллаб-қувватлашга жой йўқлигини аниқ-равшан билдиради деб умид қиламан», – деб ёзган Исроил мудофаа вазири.
Исроил вазири БМТ резолюцияларига мувофиқ суверен давлат мақомига эга ҳамда дунёнинг 160 га яқин мамлакати тан олган Фаластин байроғини ҳилпиратиш нега терроризмни қўллаш деб ҳисобланиши кераклигига ойдинлик киритмаган.
Ушбу ҳолатга муносабати билдирган Испания бош вазири Педро Санчес тўлақонли равишда Ламин Ямални қўллаб-қувватлади.
«Давлат байроғини ҳилпиратишни нафрат тарқатиш деб даъво қилаётганлар ё ақлдан озган, ё шармандали ишлари сабаб кўриш қобилиятидан мосуво бўлган. Ламин миллионлаб испанлар хайрихоҳ бўлган Фаластин билан бирдамлик изҳор қилди. У билан фахрланишимиз учун яна бир сабаб бу!» – деб ёзди Педро Санчес X платформасидаги расмий каналида.
Маълумот ўрнида: дунё футболининг янги порлаётган юлдузи деб таърифланаётган Ламин Ямал 2007 йилда Испанияда Марокаш ва Экваториал Гвинея вакиллари хонадонида туғилган.
Ямалнинг айни пайтда оғир аҳволда қолган Фаластинни қўллаб-қувватлаши Ғазо аҳлини тўлқинлантириб юборгани айтилмоқда. Жумладан, Ғазодаги қочқинлар лагерида вайрон бўлган бино деворига Ямалнинг Фаластин байроғини ҳилпиратаётгани акс этган сурати чизилган.
2024 йил май ойида Фаластин давлатини тан олган Испания ҳукумати халқаро майдонда Исроилнинг халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларини кескин танқид қилиб келмоқда.
Ўзаро зиддият ортидан Испания ҳукумати Тель-Авивдаги ваколатхонаси мақомини элчиликдан муваққат вакилликка туширди.
Мамлакат бош вазири Педро Санчес Исроилнинг Ғазо секторида ўн минглаб тинч аҳоли вакилларини ўлдирганини қоралаб, худди Россия каби Исроил ҳам «Евровидение» танловида қатнашмаслигини талаб қилган.
Мадрид яҳудий давлатининг Ғазодаги урушига норозилик сифатида Исроил компаниясидан кўп миллионлик ўқ-дори буюртмасини ҳам бекор қилган.
Педро Санчес Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Ливанда ҳам Ғазога ўхшаш вайронагарчиликни келтириб чиқарувчи ҳаракатларини қоралаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter