Дунё олтинлари қаерда сақланади?
Англия банки тўққизта омборда 430 000 га яқин олтин қуймасини сақлайди.
Марказий банклар олтинга «ёпишиб» олган ҳозирги пайтда бир муҳим савол туғилади: шунча хазинани қаерда сақлаш керак? Олтин шунчаки омборда туриши эмас, балки ҳар қандай инқирозда «ёнғин ўчиргич»дек тез ва хавфсиз ишлаши зарур.
Дунё таҳликада қолганда олтиннинг қадри янада ошди, лекин бир нозик жиҳат ҳам юзага чиқди: бу қимматбаҳо металлнинг фойдаси унинг вазнида эмас, балки қаерда турганида. Агар олтин тўғри жойда сақланмаса, энг оғир дамда у шунчаки «ўлик юк»ка айланиб қолиши мумкин.
Жаҳондаги энг йирик иккита олтин омбори Ню-Йорк ва Лондонда жойлашган: у ерда Ню-Йорк Федерал захира банки ва Англия банки хорижий марказий банклар ва бошқа муассасаларнинг захираларини сақлайди. Бу икки шаҳар олтин савдоси бўйича дунёдаги энг йирик хаблар ҳисобланади; ҳар иккиси ҳам бир асрдан ошувчи ишончли ва хавфсиз сақлаш тарихига эга.
Ню-Йорк Федерал захира банкида 500 000 дан ортиқ олтин қуймаси мавжуд — 2024 йил якунларига кўра, бу дунёдаги энг йирик ягона монетар олтин омбори эди. Энг юқори кўрсаткич 1973 йилда, АҚШ долларнинг олтин билан таъминланишидан воз кечганидан кўп ўтмай қайд этилган. Бу қадам аслида олтинни жаҳон молия тизимидаги марказий ўрнидан маҳрум қилди.
1970 йилдан бери кўплаб ривожланган Европа давлатлари ва АҚШ марказий банклари сотиб олгандан кўра кўпроқ олтин сотишди. Шунга қарамай, Brookings Institution таҳлилий маркази маълумотларига кўра, 2024 йил охирига келиб, жаҳон олтин захираларининг 57 фоизи айнан шу марказий банклар ҳиссасига тўғри келган. Энг йирик захиралар АҚШда, ундан кейин Германия, Италия ва Франция туради. Бугунги кунда асосий харидорлар — иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатларнинг марказий банкларидир.
Одатда, Ню-Йорк ёки Лондонда олтин сақлаш борасида фақат санкциялар хавфи остида бўлган давлатларгина хавотир олишарди. Бунга энг ёрқин мисол — Венесуэла. Ушбу мамлакат Англия банки омборларида музлатиб қўйилган ўз олтинларини қайтариш учун узоқ йиллардан буён умидсиз судма-суд юрибди. Бу воқеа бошқа давлатлар учун ҳам жиддий сабоқ бўлди: хазинанинг калити ўз қўлингизда эмас экан, у ҳар қандай дақиқада сиёсий ўйинлар қурбонига айланиши мумкин.
Хавотир — юқумли касаллик. Президент Трампнинг Европага нисбатан бот-бот танқид ва босимлари айрим ҳукуматлар раҳбарларини олтинни ўзимизда сақлаган маъқулмикин, деб ўйлантириб қўйди. Ҳозирча олтинни репатриация қилиш (ортга қайтариш) чақириқлари Европада онда-сонда бўлиб, асосан Германия ва Италиядаги айрим қонун чиқарувчилар ва иқтисодчилардан чиқмоқда.
Германия ўз олтинининг бир қисмини ўн йил аввал репатриация қилган эди, ҳозирда захираларининг учдан бир қисмини Ню-Йоркда, қолганини Лондонда ва тахминан ярмини мамлакат ичида сақлайди. Италия олтин захирасининг қарийб 44 фоизи мамлакат ичида, шунча қисми Ню-Йоркда, қолгани эса Буюк Британия ва Швейцарияда сақланади. Германия ва Италия марказий банклари ўз олтинларини уйга қайтариш ниятида эмасликларини маълум қилишган.
Олтинни Ню-Йорк ва Лондонда сақлашнинг сабабларидан бири — бу марказий банкларнинг хавфсизлик масаласидаги бенуқсон обрўсидир. Уларнинг омборларидан ҳеч қачон, ҳатто ташиш пайтида ҳам олтин ўғирланмаган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида Лондон олтини хавфсизлик мақсадида бир неча йилга махфий равишда Канадага кўчирилган эди.
Фото: Эшли Гилбертсон / The New York Times
Яна бир сабаб — ликвидлик. «Улар олтинни эҳтимолий битимлар амалга ошириладиган жойларга яқинроқ сақлашни хоҳлашади», — деб тушунтирди Жаҳон олтин кенгашининг катта таҳлилчиси Кришан Гопаул.
Англия банки бошқарувчиси Эндрю Бейли яқинда Sky News телеканалига берган интервюсида 60 дан ортиқ марказий банк ўз олтинини Англия банкида сақлашини айтди. Англия банки тўққизта омборда 430 000 га яқин олтин қуймасини сақлайди — бу марказий банкларга олтинни банк васийлигидан чиқармасдан бир-бирларига сотиш ва сотиб олиш имконини беради.
Фото: Жозеф Ҳортон / The New York Times
Сақлаш масаласи захираларини кўпайтираётган давлатлар учун айниқса долзарбдир. Ҳиндистон умумий олтин захираларини ошириш билан бирга, Англия банкида сақланадиган олтин улушини камайтирди.
Туркия мамлакат ичидаги олтин ҳажмини ошириб, 2017 йилда Ню-Йорк Федерал захира банкидан, бир йилдан сўнг эса Швейцариядан барча олтинларини олиб чиқиб кетди. Шунингдек, турклар Англия банкидаги захираларини ҳам камайтиришганди, бироқ кейинчалик Лондондаги бу захиралар қайта тикланди, чунки у ерда олтиндан битимлар учун фойдаланиш қулайроқ.
Фото: Адем Алтан / Agence FrancePresse — Getty Images
Полша марказий банки олтин захираларининг фақат 20 фоизи мамлакат ичида сақланади, қолгани Ню-Йорк Федерал захира банки ва Англия банкида. Аммо келажакда мамлакатимиз Ню-Йорк ва Лондон ўртасида тенг тақсимотга эришишни режалаштирган, дейди Полша миллий банки раҳбари Адам Глапинский.
Олтинни мамлакат ичида сақлаш — географик диверсификациянинг асосидир. Бунинг сабаби оддий: миллий барқарорлик ва стратегик муқобиллик, — деди у. — Янада аниқроқ айтадиган бўлсам: мен яқин келажакда бирон бир экстремал сценарийни кўрмаяпман, лекин менинг вазифам — улар юз беражак эҳтимолий ҳолатлар учун олдиндан режа тузишдир.
Қўшнисидан фарқли ўлароқ, Чехия марказий банки деярли барча олтинларини Лондонда қолдиришга қарор қилди. У ерда олтинни бошқа марказий банкларга ижарага бериш ва даромад олиш мумкин. «Лондон — бу Европадаги олтин бозори. Биз Англия банки омборларидан фойдаланиб, транзакция харажатларини тежаймиз», — деди Чехия марказий банки бошқарув кенгаши аъзоси Ян Кубичек.
Тушунарли сабабларга кўра, кўплаб марказий банклар олтин захираларининг қаерда жойлашганини қаттиқ сир тутишади. Масалан, Хитой марказий банки сўнгги йилларда энг йирик харидорлардан бири бўлиб, кетма-кет 17 ой давомида олтин сотиб олди, аммо унинг захиралари қаердалиги ҳақида маълумотлар жуда оз. Бразилия марказий банки ўтган йил охирида тўрт йил ичида илк бор олтин захираларини кўпайтирди, лекин уларни қаерга жойлаштирганини очиқламади.
Гарчи ўн йиллар давомида Ню-Йорк ва Лондон олтин бозорининг мутлақ ҳукмдори бўлиб келган бўлса-да, энди уларнинг тахтига Ҳонконг даъвогарлик қилмоқда. Ғарбдан мустақил муқобил излаётганлар учун Ҳонконг янги ва қудратли «хазинахона»га айланишга интиляпти.
Жаҳон олтин кенгашининг прогнози эса аниқ: марказий банкларнинг олтинга иштиёқи пасаймайди. Демак, олтинни нафақат сотиб олиш, балки уни сиёсий бўронлардан холи, хавфсиз паноҳда сақлаш масаласи дунё кун тартибидаги энг қайноқ мавзулардан бўлиб қолаверади.
Манба: The New York Times


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter