Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эртаклардаги «яхши бола»лар ёхуд Қимматни нега ёмон кўрамиз?

Эртаклардаги «яхши бола»лар ёхуд Қимматни нега ёмон кўрамиз?

foto: Xabar.uz

Саккиз ёки ўн ёшда эдимми, аниқ эсимда йўқ, бошланғич синфда ўқирдим. Мактаб кутубхонасидан илк олиб ўқиганим устида қуёнчанинг сурати бор, ўртаси титилиб, йиртилиб кетгани учун катакли оқ қоғоз билан елимланган эртак китоб эди.

фото:https://livejournal.com

Уни кўрсатилган муддатда етказиб бериш керак эди, аммо китобни сира қайтаргим келмаганди. Эртак қуён қўрқоқлиги учун ўзини айбдор ҳис қилиши ҳақида эди. Бу китобни яхши кўриб қолишимга эса...

Уйимизга қариндошимизнинг мен тенги ўғли меҳмонга келган ва биз иккаламиз янги сандиқ катаклари ичига мих билан суратлар чизган кунимиз сабаб бўлган...

– Мана бу сандиқни ким тирнаб ташлади?

Отамнинг қаттиқ овозидан қўрқиб кетдим.

– Қани бу ерга кел-чи, сенам кел, деди меҳмон болага отам. Қўлида пашша ургич бор эди. «Қурол»ни ҳавога сермаганча отам яна ўша саволни қайтарди:

– Ким қилди буни, тан олинглар бўлмаса хафалашиб қоламиз.

Мен отамнинг жаҳлидан қўрқиб индамадим, меҳмон бола эса секин овозда «биз» деди. Отам кескин оҳангда: – Сен қиз шунақа иш қилишга уялмасдан яна унинг устига қўрқоқ ҳам экансан-ку, неча марта айтганман бошингга қилич келсаям тўғри гапир деб...

Отам бизни урмадию... Аммо қаттиқ-қаттиқ гапирди. Очиғи ўша куни роса хафа бўлганман. Ахир доимо менга яхши қиз бўлиш кераклиги уқтирилганда. Ўзимни айблаганман... отам энди мени ёмон кўришини, «қизим» демай қўйишидан қўрққанман. Яна қўрқоқлигим, ёлғончилигим учун ўзимни айблаганман. Шундай кунларнинг бирида қўлимга шу китоб тушиб қолган. Яъни қўрқоқ қуён, у қўрқоқлиги учун ўзини ёмон кўради ва айблайди... Балки ўзим билмаган ҳолда бола онгим билан қалбимдаги оғриққа даво излагандирман. Эсимда қолган мазмуни эртак охирида қуёнчага онаси: «менинг довюрагим, қўрқмасвойимсан, қандай бўлсанг ҳам энг яхши боламсан», дейди...

Ўшанда қуёнча ўрнига ўзимни қўйиб кўрганман. Қўрқоқ ва ёлғончи бўлсам ҳам ота-онам мени ёмон кўрмаслигига ишонгим келгандир балки...

Болалар адабиёти бизнинг энг оғриқли муаммомиз. Чунки болалар ҳақидаги китобларнинг кўпчилиги панд-насиҳатларга бой. Аммо бугун мутахассислар насиҳатли китоблар болалар учун фойдали эмаслигини исботламоқда.

«Болани ахлоққа чақириш эмас, рамз орқали қўрқувини енгишни кўрсатиш керак», деб ҳисоблайди америкалик психолог Бруно Беттелхайм. Олимнинг фикрига кўра, бола панд-насиҳатли матнни қалбдан қабул қилмайди, фақат «катталар тили», деб ҳисоблайди.

Жак Зипес (Breaking the Magic Spell) «Сеҳрли афсунни бузиш: халқ эртакларининг радикал назариялари» китобида эса бундай эртакларни болаларга руҳий босим ўтказиш деб таъкидлайди.

Ҳақиқий болалар адабиёти ҳақида гап кетганда Ричард Аматонинг сўзларига кўра, тасаввур ва ижодкорликни ривожлантириш орқали болалар янги ғояларни кашф этишлари, ўз мақсадларига эришиш учун шахсий мотивацияни оширишлари мумкинлигига эътибор қаратади.

Кейинги пайтларда бизнинг адабиётшунослар ҳам болалар асарлари қандай бўлиши кераклиги ҳақида бонг уришмоқда.

Болалар адабиёти қандай бўлиши керак?

Бу ҳақида «Мутолаа» лойиҳаси бадиий муҳаррири Саъдулло Қуронов facebook саҳифасида шундай деб ёзади: «Замонавий болалар адабиёти нафақат чўпчак айтиши, балки боланинг руҳий қувват манбаига айланиши, уни жамиятга мослаштириши, мустақил фикрлаш ва ижтимоий кўникмаларини шакллантириши керак. Айниқса, унда илмий методларга таянган таълимий ёндашув бўлиши зарур.

Шу маънода, биз кўпинча ўзбек болалар адабиётида ҳануз анъанавий дидактика ҳукмрон деб айтиб келяпмиз. Яъни асарларимизда яхши қаҳрамон туғилгандан яхши, ёмонлар эса ўзи шундай… Ечим ҳам жўнгина,  ёмонларнинг «боши танасидан жудо этилади». Креативроқ ҳолатларда икки бошли аждаҳога ем бўлади. Аслида бу болага ҳаётнинг мураккаблигини эмас, фақат соддалаштирилган ахлоқий формулани ўргатади, холос.

Масалан, ҳамон биз унинг анъаналаридан чиқиб кетмаган «Зумрад ва Қиммат» эртагини олинг.

фото:Skids uz https://www.youtube.com/

Унда мураккаб характерлар йўқ: бири буткул «оқ», бири «қора». Эртакдаги зиддиятлар замонавий ижтимоий муносабатлар ва бола руҳиятига мос тарзда талқин қилинмайди. Яъни реал ҳаётда шу каби оилада яшайдиган болага ёрдам бермайди. Қайтага, жазолаш бола учун муҳим мотивга айланади. Унинг тасаввурида «яхши одамлар бор ва улар доим яхши, ёмонлар ҳам бўлади ва улар доим ёмон» деган ибтидоий адабиётга хос тушунча мустаҳкам шаклланади.

Йўқ, анъанавий эртаклар керак эмас, деганим йўқ, бу муҳим! Фақат улар музей экспонатлари каби. Яъни ўзлигимизни, адабиётимизни тушуниш учун маълум даражада керак. Лекин замонавий болани тарбиялаш, унга нималарнидир ўргатишга деярли ярамайди. Буни фарқлаб олишимиз шарт.

Агар биз «Зумрад ва Қиммат» каби эртакларни романтизация қилишни, бола ўқиши зарур бирламчи адабиёт сифатида тақдим қилишни бас қилмас эканмиз, замонавий адабиёт ҳам ривожланмайди. Шунча эртагимиз бор, олдин шуларни ўқиб олсин ёки шуларни қайта-қайта нашр этайлик деб юраверамиз. Эски анъаналарга содиқлигимиз сабаб, болалар адабиёти – бу фақат тарбия воситаси деган гегемон тасаввурдан ҳам қутила олмаймиз...»

«Менимча бу постни болалар адабиётига алоқадор ҳар ким ўқиб чиқиши керак», деб ёзади ўз саҳифасида Динара Мўминова.

Ёзувчи муаллифнинг фикрларини тўлдириш асносида болалар адабиётига қандай мавзулар етишмаяптганини ҳам таъкидлаб ўтади:

«Бола камчилиги билан жамиятда қабул қилиниши, ижтимоий муносабатларга қийналадиган болаларнинг ички кечинмалари, отасининг бошқа оиласи ва болалари ҳақида билиб қолган, ота-онаси мусофирчиликда пул топаётган боланинг кечинмалари ҳақида китоблар керак. Бизда яна биринчи севги, ўзини камситиш, отаси доим камситган ўғил бола, онаси доим силтаб, меҳрсиз ўсаётган қизлар ҳақидаги асарларга эҳтиёж бор. Уйида доим жанжалга гувоҳ фарзандлар, жисмоний муаммоси (аллергия, қанд касаллиги, аутизмнинг дастлаб кўриниши, махсус эҳтиёжларга эгалик...) бор болалар билан мактабдаги муносабат ҳақида, кутилмаган ўлимга гувоҳ бўлган болаларнинг қалб кечинмалари ва уйга боришга қўрқадиган болалар, ота-онанинг совуқ муносабатида қийналаётган, ўзида куч топа олмайдиган, онаси руҳий муаммолардан азият чекаётган, яхши бўлишни истаб, бўла олмаётган болалар йўқми, улар ўз муаммосига қаердан жавоб топиши керак? Бу мавзуларнинг чеки йўқ. Улар ҳақидаги китоблар фантастика, фентези, ҳикоя, комикс жанрида бўлиши мумкин. Қаҳрамонлар ўзга сайёраликларми ёки  атрофимиздаги болалар бўладими фарқи йўқ.

Динара Мўминова фикрини давом эттириб шундай дейди: «Бундай китоблар болаларни улар дунёда ёлғиз эмасликларини, кечинмаларини ҳеч бўлмаса мана шу муаллиф тушунаётганини, ёрдам сўрашга ҳақли эканликларини англашлари, уларнинг муаммолари ҳақида суҳбат қуриши ва улардан чиқиб олиш учун йўл кўрсатиши керак.»

Муаллифнинг фикрига кўра, ёрдамга муҳтож болаларга фақат одобли қаҳрамонларга эга китоблар тутқазилганда ўзига бўлган ишончи янада пасаяди, ўзига бўлган нафрат янада ошади. Ўзидан нафратланадиган инсондан хавфлироқ инсон йўқ жамиятда.

Тарбия ва  чегаралар болаларга керак...

«Буни педагог сифатида, она сифатида ҳам таъкидлайман. Чегаралар ва тарбия кўрмай ўсган болалар жамиятда жуда қийналадилар»,  — дейди Динара Мўминова «Болалар ёзувчиси» телеграм каналида баҳс-мунозараларга ўз муносабатиини билдириш асносида. «Аммо дидактикадан ҳеч воз кеча олмаётганимиз ҳам ҳақиқат. Мисол учун қадимги эртагимизда Қимматни аждарҳо ейди, лекин Қиммат айбдор эмаску.... Ахир муаллиф унга ёрдам бериши, нега Қиммат бундай бўлиб қолгани ҳақида фикр юритиб кўриши керак эмасми?

Қанча муаммоси бор болалар ўсмирлик пайтидан ёмон йўлга кирадилар, ёмон ишлар қиладилар.... кўпчилиги бундай ёмон бўлишларига ҳаёт эмас, балки ота-оналарнинг эътиборсизлиги сабаб. Бу болажонларга муаллиф яхши бўл, деса улар шу китобни ўқийдиларми? Балки муаллиф «сени тушунаман», «сенга қийин», «лекин сен кучлисан», «сенинг олдингда мана бундай йўл ҳам бор», деса бола таскин топар, тўғри йўлни кўрар? Ахир ёмон йўлда юрган бола яхши бўлишига кучи ҳам,билими ҳам етмайдику. Лекин ҳар бир бола ич-ичида доим яхши бўлишни истайди. Ота-онаси томонидан яхши кўрилишни истайди, лекин унда тажриба йўқ, қандай қилиб яхши бўлсин? Унга ота-онаси ўргатмаган, вақтини, меҳрини ажратмаган ёки қўрқитиб тарбиялаган бўлса... Бугунги болаларни қўрқитиб тарбиялаб бўлармикин? Ёки болага «ундай бўл, бундай бўл» дейишнинг бирон педагогик самараси борми?..

Эътиборсиз қолган болаларни одобга чорлашдан фойда йўқ, самара йўқ, уларга ёзувчилар ёрдам бера олиши мумкин. Бу эса фақат суҳбат орқали бўлади. Бола, айниқса ўсмир муаллиф унга юқоридан қараётганини сезса, унинг китобини ўқимайди, у билан суҳбатлашмайди. Асарларни фақат эътибор ва меҳрда ўсган болалар ўқиса бошқа гап, лекин жамиятда турли хил оилалар бор ва уларда ўсаётган ҳар бир бола китоб ўқиши ва ёрдам олиши керак, деб ўйлайман. Кореяда миллиондан ортиқ адад билан сотилган, кўплаб тилларга таржима қилинган «Бодом» номли китоб  ҳақида интернет орқали ўқиб кўринг, балки кўзингизга ёш келади...»

Ушбу муҳокама ва мулоҳазаларни кузатиш асносида «Бодом» китобини ўқишга киришдим...

«Бодом» нима ҳақида?

Кореялик ёзувчи Сон Вон Пхённинг илк романи «Бодом» асари тўрт қисмдан иборат бўлиб, ҳар бири бош қаҳрамон ҳаётининг муайян босқичини акс эттиради. Биринчи қисм қаҳрамон билан танишув, унинг болалик хотиралари билан бошланади. Асар қаҳрамони 18 ёшли Юн Чжэ ҳикояни бошлар экан, унинг охири бахтлими ёки қайғулими ўзи ҳам аниқ билмаслигини таъкидлайди. Олти ёшида унга «алекситимия» (инсоннинг миясида ҳис-туйғуларга жавоб берадиган бодомча) ташхиси қўйилади – бу инсон ҳис-туйғуларни ҳис қилиш ва таниб олишда қийналадиган руҳий ҳолат.

 

фото: https://www.aladin.co.kr/events/ 

Юн Чжэнинг оиласи уни жамиятга мослаштириш учун бор кучини ишга солади. Уй бўйлаб стикер-эслатмалар ёпиштирилган: қайси ҳолатда қандай эмоционал реакция қилиш кераклигини ўргатиш учун. Чунки корейс жамиятида яхши яшаш учун энг муҳими – ҳеч кимдан фарқ қилмаслик, «нормал» бўлиш, «фақат ажралиб турмасанг бўлди», деган қараш бор.

Иккинчи қисмда Юн Чжэ катталар ҳаётининг оғир ҳақиқатлари билан юзма-юз келади, уни доим қўллаб-қувватлаган, эртак ўқиб бериб, қўлидан ушлаб юрган яқинларидан айрилади. Энди унинг асосий маскани китоблар дўкони бўлиб қолади.

Катта синфга ўтганида у илк бор дўст орттиради. Гон — тақдири оғир, ҳиссиётли, ўз ички «мен»ига қарши курашаётган йигит билан. Улар муносабатининг парадокси шундаки, иккаласи бир-бирига мутлақо ўхшамайди, аммо ҳар бири ўзида йўқ нарсани орзу қилади. Гон ҳис-туйғусиз бўлишни орзу қилади, чунки у ҳис туйғуларини бошқара олмайди. Юн Чжэга эса қўрқув нотаниш ҳис. Аммо айнан қўрқувнинг йўқлиги унинг кўплаб таваккалчилигига сабаб бўлади.

Учинчи қисм энг таъсирлиси. Чунки ҳисларни таний олмайдиган бола учун ҳам шундай он келадики, у оқибатини ўйламай кимгадир ишонмоқчи бўлади яъни гўёки севиб қолади.

«Бодом» фасллар билан уйғун тарзда ривожланадиган асар. Қаҳрамоннинг энг ёқимли ҳолатлари қуёшли ёз кунлари билан боғлиқ. Қорли декабрда эса унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборган фожеа рўй беради. Баҳор Юн Чжэ учун ўзининг бошқалардан фарқини энг қаттиқ ҳис қиладиган давр. Кеч куз эса, аксинча, унинг тамоман янги қиёфада намоён бўлишига сабаб бўлади –   у илк бор чиндан йиғлай олади ва чиндан кулгандай бўлади.

Яхши бола бўлиш қийинми?

Болалар учун ёзилган китобларимиз «ота-онани ҳурмат қил», «ёлғон гапирма», «яхши бола бўл», «катталарга қулоқ сол»ишга ундайди, яъни аввалида хулоса, кейин шунга мослаб ҳаётдан мисол келтирилади. Кўпинча болага қандай гапириш, қандай юриш, қандай ўйлаш кераклиги ўргатилади. Лекин замонавий бола шу қадар оддий ўйлайдими? Уни панд-насиҳат ёки қоралаш, мақташ билан тарбиялаб бўладими? Қаҳрамонлар жуда аниқ иккига бўлинади – бу яхши, бу ёмон. Яхши бола ҳеч қачон адашмайди, ёмон бола ҳеч қачон тузалмайди. Ҳолбуки, ҳаётда инсон ҳамиша икки оралиқда яшайди.

«Бодом китобида» аксинча аввалида ҳаёт, охирида хулоса. Бу ерда ҳеч ким сенга: «Сев, лекин меъёр билан сев» демайди. «Қўрқув яхши ёки ёмон», деб ҳам тушунтирмайди. Ва айнан шу болалар адабиётининг замонавий тамойили. Асар болага «қандай яшашни» эмас, «қандай ҳис қилишни» ўргатади, ҳис қилмаслик қандай оғир эканини, севги қандай туғилишини, қўрқув нега кераклигини ичидан кўрсатади. Бу мутахассислар тили билан айтганда эмпатия орқали тарбия.

Юн Чжэни шунчаки яхши бола деб тан олмайсиз, у шунчаки ҳис қилмайдиган бола. Гон ёмон бола эмас, у ички оғриқлар билан яшайдиган, ҳиссиётларини яширмайдиган бола. Улар бир-бирига қарши қўйилмаган, балки бир-бирини тўлдириб турадиган икки инсон сифатида берилган. Бола бу ерда шундай хулосага келади: инсонни «яхши» ва «ёмон»га ажратиб бўлмас экан-да.... Бу эса болани ҳаётга сохта қарашдан сақлайди.

Асар давомида тайёр хулоса йўқ. Лекин китоб тугагач, ўқувчи қалбида оғир-оғир саволлар қолади: Ҳис қилмаслик бахтми ёки фожеа? Қўрқув ҳақиқатан ҳам кераксизми? Севги инсонни қутқарадими ёки уни орқага тортадими? Айнан шу саволлар болада эмпатияни пайдо қилади, яъни бошқаларни ва ўзини тушунишни ўргатади. Айнан шу тарбия усули орқали бола фақат қоидаларни бажарадиган итоаткор эмас, балки бошқани тушунишга қодир инсон бўлиб шаклланади.

***

Ёшлигимда ўқиган ўша қуёнлар ҳақидаги илк китобдан кейин қанчадан- қанча эртаклар, асарлар ўқидим. Аммо ҳали-ҳануз ўша титилиб кетган китоб муқовасидаги сурат — шалпангқулоқ қуённинг мунгли қараб турган кўзларини унутолмайман...

                                                                                     Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг