Касбий таълим агентлиги ташкил этилди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–190-сон фармони билан касбий таълим тизимини 2030 йилга қадар ислоҳ қилишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди.
Унга кўра:
- халқаро ва қўшма таълим дастурлари жорий этилган техникумлар сонини камида 250 тага;
- 9-синф битирувчиларининг касбий таълим билан қамровини амалдаги 29 фоиздан 50 фоизга;
- касбий таълим тизимида дуал таълим улушини амалдаги 9 фоиздан 40 фоизга;
- касбий сертификатга эга ишлаб чиқариш таълими усталари улушини 30 фоизга;
- хорижда малака ошириш ва стажировка ўташ дастурларида иштирок этган педагоглар сонини 100 нафардан 2 500 нафарга етказилади.
Шунингдек, фармонга кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида Касбий таълим агентлиги ташкил этилди.
Агентлик марказий аппарати бошқарув ходимларининг чекланган штатлар сони 70 та этиб белгиланди. Ушбу штат бирликлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидан 30 та, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан 25 та, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Касбий кўникмалар марказининг 15 та штат бирлиги ҳисобидан шакллантирилади.
Агентлик:
- техникумлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва касбий таълим соҳасини бошқаришга масъул бўлади;
- касбий таълим дастурлари мазмуни, малака даражалари, ўқитишнинг минимал муддатлари, битирувчилар билимини баҳолаш мезонлари ҳамда ўқув-методик таъминотга талабларни белгилайди;
- Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан «ваучер» тизими билан қамраб олинмаган шахсларни касбга ўқитади;
- Миграция агентлигининг хорижий иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб берган буюртмалари асосида фуқароларни касбга ва хорижий тилларга ўқитади.
Бундан ташқари, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга махсус платформа орқали стипендия тўлаш йўлга қўйилади. Ҳар ойлик стипендия БҲМ бир баравари миқдорида тўланади.
Техникумлар Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан юритиладиган миллий рейтинг натижалари асосида рағбатлантирилади. Миллий рейтинг 2026 йилдан бошлаб ҳар ўқув йили якуни бўйича юритилади ҳамда унда энг юқори ўринни эгаллаган 50 та техникумнинг ҳар бири БҲМ 3 000 баравари миқдорида рағбатлантирилади. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили техникумлар ўқувчилари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Касбий маҳорат миллий танлови» ўтказилади.
Шунингдек, Президентнинг «Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2030 йилга қадар техникумлар фаолиятини тугатиш, уларга тегишли ер участкалари, бино ва иншоотлар ҳамда бошқа кўчмас мулк обектларини хусусийлаштиришга мораторий жорий этилди.
Иккала ҳужжатдаги ўзгариш, янгиликларни битта постда жамлаш имконсиз. Ҳурматли тизим ходимлари, соҳа вакиллари ҳужжатлар билан батафсил танишиб чиқинг, тушуниб-ўзлаштириб олинг. Вазирликлар сайтлари, ижтимоий тармоқларида ҳам батафсил маълумотлар доимий тарзда эълон қилиб борилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter