Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон миллий университетида исроиллик профессорлар дарс ўтмоқда

Ўзбекистон миллий университетида исроиллик профессорлар дарс ўтмоқда

2017 йил октябрь ойида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган «Математика ва физиканинг долзарб масалалари» мавзусидаги халқаро илмий анжуман Ўзбекистон–Исроил давлатлари олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун муҳим пойдевор бўлган эди. Ана шу халқаро илмий алоқаларни изчил давом эттириш мақсадида 2018 йил 13-20 февраль кунлари Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов бошчилигидаги бир гуруҳ академик ва профессор-ўқитувчилар Исроил давлатининг қатор олий таълим муассасаларида бўлиб, ҳамкорликда илмий-амалий анжуманлар ўтказган эдилар.

Ташриф давомида икки томонлама қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олинди. Жумладан, Ўзбекистон миллий университети ҳамда Холон технология институти ўртасида замонавий инновацион ўқув дастурлар ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, изланишлар соҳасида академик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича режалар ишлаб чиқиш, мультидисциплинар дастурларни йўлга қўйиш, ЎзМУ негизида Холон технология университети факультетини ташкил этиш юзасидан меморандум имзоланган эди.

Ана шу ҳамкорлик доирасида Исроил давлатининг Холон технология институти профессор-ўқитувчиларидан бир гуруҳи Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди. Улар физика, математика, биология ва кимё факультетларида докторантура ва магистратура талабаларига маърузалар ўқийдилар, шунингдек, ЎзМУ профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманлар ўтказадилар.

Амалий машғулотлар давомида физика факультети лабораториялари ва юқори технологиялари маркази исроиллик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Исроиллик профессор-ўқитувчиларнинг ҳамкорликдаги машғулотлари шу йил 10 апрелгача давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг