Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инҳанигина эмас, Оксфордни ҳам кўзлашяпти

Инҳанигина эмас, Оксфордни ҳам кўзлашяпти

Фото: «Xabar.uz»

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослаштирилган мактабнинг бир гуруҳ ўқувчилари мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Маъфура Расулова бошчилигида таҳририятимизда меҳмон бўлишди. Мухбиримиз улар билан суҳбатлашди.

Фото: «Xabar.uz»

Абдулазиз Рихсибоев, 7-синф ўқувчиси:

— Отам Акмалжон Тожибоев тадбиркорлик билан шуғулланади, онам эса тикувчи. 5-синфгача Учтепа туманидаги 193-мактабда ўқиганман. Бир куни отам мени бошқа мактабга ўтказмоқчи эканлигини айтди. Шунда онам қаршилик қилиб, шундай деди:

— Нима қиласиз иссиқ жойини совутиб, синфдошларидан ажратиб. Бунинг устига айтган мактабингиз уйимиздан анча узоқ экан.

Шунда отам мактабда математика, физика фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўтилиши, бу фанларни яхши билган ўқувчи истаган олий таълим муассасасига кира олиши, яхши ҳисобчи ҳар бир корхонага кераклиги ҳақида гапирди. Шу тариқа мен мактабимни ўзгартирдим.

Ўтган йили эса мактабимиз АКТга ихтисослаштирилди ва бу мен учун айни муддао бўлди. Яқинда мактабимизда ўтказилган физика фани бўйича билимлар беллашувида 1-ўринни эгалладим. Энди туман, сўнгра шаҳар босқичида қатнашаман. Ўқитувчимиз Ҳожибой Матчоновнинг фикрича, республикада ғолиб бўлишга кучим етар экан.

Тўғрисини айтсам, барча фанни бирдек ўзлаштиришга ҳаракат қиламан. Айниқса, адабиётдан доимо беш баҳо оламан. Шеърлар ёзаман. Илк шеърий тўпламимни «Юртимнинг эрка фарзандиман» дея номладим. Отамнинг гапларига қараганда, ҳар бир касб эгаси, биринчи навбатда, она тили ва адабиётни яхши билмоғи керак.

Келгусидаги мақсадим ИНҲАда ўқиш. Бу даргоҳда бемалол ўқий оламан, деб ўйлайман. Чунки инглиз тилини алоҳида иштиёқ билан ўрганяпман.

Фото: «Xabar.uz»

Элнур Мавлонов, 5-синф ўқувчиси:

— Сирдарё вилоятида туғилганман. Ота-онам мени бувим ва бобомга қолдириб, ўзлари пойтахтга ишга келишди. Тўрт йил Сирдарёдаги мактабда ўқидим. Сўнгра мен ҳам ота-онам олдига келиб, онам Зулфия Маматова инглиз тили фанидан дарс бераётган мактабда ўқий бошладим. Онам менинг инглиз тилини пухта ўрганишим учун уйда ҳам шуғуллантира бошлади. Математикани эса ўзим қизиққаним учун яхши билардим.

Бир куни кечқурун отам ноутбукда интернет хабарлари билан таниша туриб, бир муҳим хабарни товуш чиқариб ўқиб берди. Унда Тошкентда янги ташкил этилган АКТга ихтисослаштирилган мактабга қабул эълон қилингани, имтиҳонлар Жанубий Кореянинг Тошкентдаги ИНҲА университетида ўтказилиши, имтиҳон вақти ҳақида маълумот берилган эди. Ота-онам бараварига менга қарашди:

— Имтиҳонга олиб борсак, кучинг етармикин?

Мен дадил туриб: — Ҳа, — дедим. Ўзимга ишонганим ёрдам берди – бу ерда ўқиш учун ҳужжат топширган 190 нафардан ортиқ ўқувчидан 60 нафари ўқишга кирди ва мен улар қаторида бўлдим.

Бизнинг бу ерда яхши билим олишимиз учун ҳамма шароит яратилган. Ўар биримизда алоҳида компютер. Тўғри, ўқитувчиларимиз қаттиқ талаб қилишади. Лекин, ўргатишади ҳам.

Бу ерда ўқиш менга ёқади. Мен келажакда ИНҲАга ўқишга кирмоқчиман. Мақсадим яхши мутахассис бўлиб, одамлар хизматини қилиш.

Фото: «Xabar.uz»

Сарварбек  Сайфитдинов, 5-синф ўқувчиси:

— Отам эсимни таниганимдан буюк боболаримизнинг жасорати, ёзган китоблари, уларнинг ҳозиргача ҳурмату эъзозда эканликлари сабаби ҳақида гапириб беради ва буни унутмаслигим, улардай бўлишим лозимлигини уқтиради. Бугина эмас, саводим чиққач, улар ҳақидаги китобчаларни ҳам олиб келди. Мен бу китобларни қизиқиш билан ўқиб чиқдим ва улуғ бобомиз Мирзо Улуғбек каби астроном бўлишга қарор қилдим.

Бунинг учун Мирзо Улуғбек бобомдай жуда кўп китоб ўқишим, билим олишим кераклигини биламан. Шунинг учун ҳам фанларни тўлиқ ўзлаштиришга ҳаракат қиламан.

Мирзо Улуғбек туманидаги 71-мактабда ўқиб юрган пайтимда синфдошларим АКТга ихтисослаштирилган мактаб очилгани ҳақида гапиришди. Улар бу мактабда математика ва инглиз тили чуқур ўргатилиши, қаттиққўл ва талабчан домлалар дарс ўтишини айтишди. Суриштириб кўрсам, мактаб бизга яқин жойлашган экан.

Отамга айтдим, агар хоҳласанг, имтиҳонлардан ўта олсанг, албатта, олиб бораман, деди. Мен эса имтиҳонлардан юқори балл билан ўтдим. Ҳақиқатан ҳам бу ерда барча фанлардан ўта билимли устозлар дарс беришади. Улар бизга вақтнинг қадрига етиш кераклиги, мактаб даври касб эгаллашда катта аҳамиятга эга эканлиги ҳақида уқтиришади. Шунинг учун нафақат мактабда, уйда ҳам шуғулланаман. Отам совға қилган ноутбукда ёзма ишларимни бажараман, расм чизаман, манба қидириб топиб, ўқиб-ўрганаман.

Келгусида Оксфорд университетида ўқиш ниятидаман.

«Xabar» мухбири Муборак Миркамолова ёзиб олди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг