Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Камила Мухамедханова: «Мақсадимиз тарихни ўзгартириб, Ўзбекистон хотин-қизларини рағбатлантиришдир»

Камила Мухамедханова: «Мақсадимиз тарихни ўзгартириб, Ўзбекистон хотин-қизларини рағбатлантиришдир»

«Women Techmakers IWD» тадбири.

Фото: «Inha.uz»

110 нафарга яқин қизлар ва аёллар «Women Techmakers 2018 International Women’s Day Celebration (IWD)» тадбири доирасида ўзларининг ахборот технологиялари ва инновациялари соҳасидаги билим ва кўникмаларини яхшилаш имкониятига эга бўлишди.

«Women Techmakers» – бу «Google»нинг бренди бўлиб, юқори технологиялар соҳасидаги аёллар учун глобал дастур ҳисобланади. «Women Techmakers» инновацияларни рағбатлантириш ҳамда аёлларни жалб этишга мўлжалланган ресурс ва ҳамжамиятдир.

«Women Techmakers» тадбири аёлларни юқори технологиялар соҳасида иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган. 

«Women Techmakers IWD» 2018 йилнинг февраль ойида ташкил этилган «GDG Tashkent» ишлаб чиқарувчилар ҳамжамиятининг биринчи тадбиридир. Мазкур ҳамжамиятнинг ташкил этилишига Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари ташаббус кўрсатишди. Тадбир Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилди.

2018 йилнинг 11 март куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлиб ўтган тадбир икки қисмдан иборат бўлди.

«Women Techmakers IWD» тадбирининг очилишида «Google» компаниясининг вакили Бариш Йесугей иштирок этди.

Фото: «Inha.uz»

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг профессори Кирти Сет аёлларнинг компьютер фанидаги роли тўғрисида маъруза ўқиди.

Тадбир давомида «Women Techmakers IWD» қатнашчилари UZTELECOM, «MyTaxi» ва шу каби компанияларда ишлаётган дастурчи қизларнинг тажрибаси билан танишишди.

«Women Techmakers IWD» доирасида қатнашчилар «Java», «Telegram-бот» тилида дастур яратиш, алгоритмлар, дастурий таъминотларни синовдан ўтказиш ва бошқалар бўйича билим олдилар.

— «Биз «Women Techmakers IWD» тадбирини ўтказганимиздан хурсандмиз. — IUT Ректори Сарвар Бабаходжаев қайд этди, — Биз турли тадбирлар ўтказиш орқали қизлар ва аёлларнинг АКТ соҳасидаги ролини оширишга катта эътибор қаратмоқдамиз. Қизларнинг салоҳиятини ошириб, технологиялардаги гендер тафовутга чек қўямиз. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети мазкур йўналишдаги бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлайди».

Фото: «Inha.uz»

Камила Мухамедханова, БМТТД Ўзбекистондаги ваколатхонасининг самарали бошқарув, сиёсат ва коммуникациялар кластери раҳбари: «Бутун дунёдаги аёллар илмий-техник жараёнда ўзларининг етакчилик иқтидорларини намойиш қилмоқдалар. Бизнинг мақсадимиз тарихни ўзгартириб, Ўзбекистон хотин-қизларини рағбатлантиришдир. Ўз олдимизга қўйган мақсадларга эришиш учун биз қизларни ёшликларидан бошлаб юқори технологиялар соҳага жалб қилишимиз керак».

«Women Techmakers IWD» тадбирига Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда БМТТДнинг «Самарали Давлат Бошқарувини ривожлантириш ва Рақамли Трансформацияга кўмак» қўшма лойиҳаси ҳамда «Super Dispatch», «Eskiz»  ва «Tudor» компаниялари қўллаб-қувватлаши ёрдамида «Google Developer Groups (GDG) Tashkent» ташкилотчилик қилишмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг