Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Компьютер ва ахборот технологияларини нолдан ўрганиш имконияти мавжуд (видео)

Компьютер ва ахборот технологияларини нолдан ўрганиш имконияти мавжуд (видео)

«IT-master» дастури ёшларга соҳа бўйича тушунча беришга мўлжалланган.

Фото: «Xabar.uz»

Дунё аҳолисининг учдан бир қисмигина ахборот технологиялари(АТ)дан тўғри фойдалана олади. Бугунги ахборот технологиялари асрида ҳар бир соҳа вакили IT бўйича керакли кўникмаларга эга бўлиш керак, чунки ҳар қандай давлат ва компания ривожланишида бу соҳанинг ўрни беқиёс.

Ҳозирги кунда юртимизда ахборот технологияларига бўлган талаб ёшлар ва аҳоли ўртасида компьютер саводхонлигини оширишни бирламчи вазифа қилиб қўйди. Уларда аниқ фанларни ўзлаштиришда Хоразмий, Беруний, Мирзо Улуғбек каби дунё тан олган алломаларимизнинг гени бор. Аммо қобилиятнинг ўзи етарли эмас. Уни юзага чиқариш керак. Бунинг учун эса болаларда ёшлигиданоқ ахборот технологияларига оид билим ва кўникмаларни шакллантириш, фарзандларига тўғри йўл кўрсатувчи катта ёшлиларнинг эса компьютер саводхонлигини ошириш зарур. Бунда ўзбек тилидаги қўлланма ва видеодарсликларнинг ўрни беқиёс.

Шу мақсадда бир гуруҳ ёш мутахассислар «IT-master» номли АКТ билимларини тез ва осон ўргатувчи ўқув дастурлари мажмуасини яратишни режа қилиб қўйдилар.

Ушбу ўқув комплекси 200 дан ошиқ видеодарс ҳамда махсус интернет порталдан ташкил топади ва қуйидаги мавзуларни қамраб олади:

  • ахборот технологиялари ва уларнинг аҳамияти;
  • компютер ва унинг қурилмалари;
  • компютерда ишлаш асослари;
  • офис дастурлари;
  • интернет, электрон почта, ижтимоий тармоқлар, интернет сервислар;
  • ахборот хавфсизлиги ва интернетда хавфсиз ишлаш асослари;
  • электрон ҳукумат ва давлат интерактив хизматларидан фойдаланиш;
  • мобиль қурилмалар, мобиль иловалар, улардан самарали фойдаланиш;
  • махсус амалий дастурларда бошланғич ишлаш; 
  • илғор ахборот технологияларига кириш;
  • дастурлаш асослари.

«IT-master» дастури ёшларга соҳа бўйича тушунча бериш билан бир қаторда, уларнинг бошланғич компьютер саводхонлиги бўйича билимларини оширади. Интернетда кенг тарқалган, ижтимоий-ахлоқий меъёрларга зид бўлган негатив ахборотларни фарқлаш, улардан сақланиш, интернетдан хавфсиз ва унумли фойдаланиш кўникмаларини беради. 

Бундан ташқари ушбу лойиҳада дастурлаш асослари ҳамда компьютер графикаси бўйича бошланғич видеодарслар яратиш кўзда тутилган. Ушбу дарсларни ўзлаштирганлар профессионал AТ-мутахассис бўлиш учун бошланғич кўникмаларга эга бўлишади. Кейинги босқичда эса веб-дастурлаш, мобиль иловалар яратиш, 3D графика ва дизайн, компьютер анимацияси, FX ва motion графика каби аниқ йўналишлар бўйича мустақил билим олишлари мумкин бўлади.

Лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳақида ушбу ролик орқали батафсил маълумот олиш мумкин.

Тажриба тариқасида тайёрланган «Микропроцессорлар» мавзусидаги видеодарсни ҳам кўриб чиқишингиз мумкин.

Бу лойиҳани амалга ошириш ва видеодарсликларни яратишда ўнга яқин мутахассис, видео/аудио ёзиш қурилмалари, график-монтаж компьютерлари талаб қилинади. Лойиҳани қўллаб-қувватловчилар ҳамкорликка таклиф этилади (info@activemedia.uz; +99890 997 91 14), лойиҳа бўйича фикр-мулоҳаза, саволларингиз бўлса, қуйида изоҳ қолдиришингиз мумкин. 

 

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг