Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги тугатилди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда рақамли бошқарув тизимини кенг кўламли қайта қуриш тўғрисидаги Фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Рақамли ривожланиш вазирлиги қайта ташкил этилади ва барча функциялари, ходимлари ҳамда ресурслари билан бирга Президент Иш бошқармаси тасарруфига ўтади.
Энди айнан Иш бошқармаси давлат хизматлари ва электрон имзодан тортиб, телекоммуникациялар, сунъий интеллект ва рақамли инфратузилмагача бўлган рақамли трансформацияни мувофиқлаштирувчи асосий марказга айланади.
Фармонда қайд этилишича, эришилган ютуқларга қарамай, рақамлаштириш ҳозирча бюрократия муаммосини, айниқса, бизнес ва ҳудудлар учун ҳал эта олмади. Янги ёндашув ушбу тўсиқларни бартараф этиш ва ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган.
Шунингдек:
- давлат органларидаги рақамли ривожланиш бўйича раҳбар ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилади;
- рақамлаштириш, алоқа ва архивлар бўйича янги департаментлар ташкил этилади;
- республика бўйлаб IT-паркларни ривожлантириш режалаштирилган.
Вазирлар Маҳкамасига яқин вақт ичида қонунчиликни фармонга мувофиқлаштириш ва Рақамли кодексга ўзгартиришлар киритиш топширилди.
Ислоҳот мамлакатни «тўлиқ рақамлаштириш» ва давлат бошқарувига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш йўлидаги асосий қадамлардан бири бўлиши кутилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter