Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Uzmobile»: мобиль алоқа хизматлари нархи оширилмайди

«Uzmobile»: мобиль алоқа хизматлари нархи оширилмайди

«Uzmobile»нинг абонентлар базаси 1,5 млн.дан ортиқ абонентни ташкил этади.

Фото: «Xabar.uz»

Аввал хабар берганимиздек, «Билайн» компанияси 2018 йил 1 февралдан тариф режаларининг кунлик абонент тўлови оширилиши, «UMS» ва «Uzmobile» вакиллари эса нархлар ўзгаришсиз қолиши ҳақида маълум қилишган эди.

«Ўзбектелеком» АКнинг «Uzmobile» филиали кўтарилган ушбу мавзу юзасидан ҳамда ўтган 2017 йилда эришилган натижалар ва истиқболли лойиҳалар бўйича батафсил маълумот берди.

Қайд этилишича, «Uzmobile»нинг икки алоқа стандарти бўйича абонентлар базаси 1,5 млн.дан ортиқ абонентни ташкил этади.

«Uzmobile»  GSM тармоғида 2G/3G ва 4G технологияларини жорий этган ҳолда қуриш ва кенгайтириш ишлари узлуксиз олиб борилмоқда. Ҳозир 4G тармоғига республикамизнинг барча вилоят ва туманларида уланиш мумкин.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастури доирасида «Uzmobile» биринчилардан бўлиб «Халқ билан мулоқот» хизматини тақдим этди. Мазкур сервис эвазига GSM тармоғи абонентлари давлат веб-сайтларига бепул уланиш имконига эга бўлдилар.

Вилоятлар ва туман марказларида салоҳиятли абонентлар билан учрашувлар ўтказилди. Иштирокчиларнинг таклифлари бўйича истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда миллий операторнинг барча ишлари самарадорлигини оширишга йўналтирилган қатор лойиҳалар амалга оширилди.

Ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар бериш мақсадида «Uzmobile» томонидан «Ёшлар» тариф режаси жорий этилган. Ундан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида арзон ва сифатли алоқани танлаган юзлаб ёшлар фойдаланиб келмоқда.

Ўтган йили Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи базасида ижтимоий АТ-дастурлар тақдимоти бўлиб ўтди. Ўқувчилар тайёргарлигининг тўлиқ циклини назорат қилиш тизимини яратиш мақсадида «Smart Education», «Educard», «Muloqot.tv» ва «Gap» каби лойиҳалар эълон қилинди.

Алоқа соҳаси мутахассислари ўртасида содиқлик ва корпоративлик руҳини ошириш доирасида «Uzmobile» GSM тармоғида янги махсус тариф режаси ишлаб чиқилди. Бу Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимига кирувчи 40 дан ортиқ корхона ходимларига янада қулай шартлар бўйича мулоқот қилиш имконини яратди.

«Ўзбектелеком» АКнинг «Uzmobile» филиали – Ўзбекистон миллий мобиль алоқа оператори ҳисобланади. Компания маълумотида таъкидланишича, унинг асосий ижтимоий фаолияти абонентларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, аҳолининг барча тоифалари учун тариф режалари ишлаб чиқиш ва жорий этишдан иборат. Шундан келиб чиқиб, миллий оператор ҳар бир абонентга ғамхўрлик ва содиқлик билан ёндашган ҳолда GSM ва CDMA стандартларидаги барча тариф режаларида абонент тўлови ўзгаришсиз қолдирилишини маълум қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг