Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Америка қайтди!»: Байденнинг кескин баёнотидан сўнг Европа енгил нафас олди, Россия ва Хитой эса ҳушёр тортди

«Америка қайтди!»: Байденнинг кескин баёнотидан сўнг Европа енгил нафас олди, Россия ва Хитой эса ҳушёр тортди

Байден ўз маърузасида Трамп номини тилга олмаган ҳолда, ташқи сиёсатда унинг меросидан буткул воз кечилишини очиқ билдирди.

Фото:«NYT»

АҚШ президенти Жо Байден хавфсизлик масалалари бўйича Мюнхен халқаро анжуманида онлайн тарзда иштирок этиб нутқ ирод қилди. Бу Байденнинг давлат раҳбари сифатида халқаро машваратдаги илк чиқишидир. Таҳлилчиларга кўра, Қўшма Штатлар етакчисининг маърузаси Европада умид, Россия ва Хитойда эса хавотир уйғотди.

Байден ўз маърузасида бирор марта собиқ президент Дональд Трамп номини тилга олмаган ҳолда, ташқи сиёсатда трампизмнинг барча тамойилларидан воз кечилишини очиқ-ошкор билдирди. Трамп АҚШнинг НАТОни тарк этиши тарафдори бўлгани маълум. Собиқ раҳбар Қўшма Штатлар НАТО аъзолари учун балогардон эмаслиги, Европа мамлакатлари эндиликда ўз аравасини ўзи тортиши кераклигини ҳам бир неча бор таъкидлаган. Трампнинг бу руҳдаги сиёсати Европада хавотир ва ҳадик билан қабул қилингани сир эмас.

Жо Байден эса Шимолий атлантика иттифоқи, яъни НАТО АҚШ ташқи сиёсатининг мустаҳкам пойдевори эканини таъкидлади. Айни чоқда, расмий Вашингтон иттифоқ низомининг 5-моддасига кўра зиммасига олган мажбуриятни бажаришга шай эканини билдириб, Европа давлатларини хотиржам бўлишга ундади. Гап шундаки, 5-моддада ҳужумга учраган НАТО аъзосига кўмак кўрсатиш мажбурияти белгиланган.

«Мен барча шубҳа-гумонлар йўқ бўлиши учун ишонтириб айтаманки, Қўшма Штатлар мавжуд муаммоларни ҳал этмоқ йўлида Европа иттифоқига аъзо ҳамкорларимиз ва Римдан Ригага қадар – бутун қитъа мамлакатлари билан бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилади», – деди Ж.Байден.

Ушбу қатъий ваъдадан кейин Трампнинг кутилмаган баёнотларидан юрак олдириб қўйган кўҳна қитъа вакиллари енгил тин олди дейиш мумкин.

Президент Байден ўз маърузасида Хитой ҳамда Россия билан рақобат хусусида ҳам очиқ мулоҳазаларини баён қилди.  Хусусан, Пекин ва Москва билан стратегик рақобатда АҚШ ва Европа биргаликда ҳаракат қилиши лозимлигини уқтирди.  

«Хитой билан рақобат омонсиз кечади. Мен Европа ва АҚШ Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги иттифоқчилари билан сўнгги 70 йил давомида яратган халқаро тизим иш беришига ишончим комил», – деди АҚШ етакчиси.

Байденга кўра, Россия демократик қадриятларга дахл қилмоқда, НАТО ва ЕИни заифлаштиришга уринмоқда. 

«Путин Европа лойиҳаси ва НАТОни кучсизлантиришга зўр бериб ҳаракат қилмоқда. У трансатлантик бирлик ва қатъиятимизга рахна солмоқчи. Негаки, Кремль учун кучли ва яхлит  трансатлантик ҳамжамият билан музокара олиб боришдан кўра алоҳида давлатларга пўписа қилиш, уларни қўрқитиш осонроқдир», – деди у.

Байден ўз нутқида Хитойдан ҳам кўра Россия таҳдидига кўпроқ эътибор қаратди. Кузатувчилар Байден В.Путин ҳақида сўз кетганда «президент» сифатини ишлатмагани ҳам муайян дипломатик ишора эканини таъкидламоқдалар. 

«Америка қайтди!» дея хитоб қилган Байден европалик ҳамкорларни таҳдидларга қарши биргаликда курашга даъват этди.

Д.Трамп ташқи сиёсатда ЕИ, НАТО билан анъанавий дўстлик муносабатларига у қадар аҳамият қаратмаган, шу важдан икки томонлама муносабатлар совуқлашган эди. Бу эса анъанавий рақиблар – Россия ва Хитойга  қўл келган эди. Янги президентнинг «Америка қайтди!» дея тагдор баёнот бериши рақибларга осон бўлмаслигидан далолат бермоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг