Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бразилияда президент сайлови: қатнашмаганлар 1 доллардан жаримага тортилади

Бразилияда президент сайлови: қатнашмаганлар 1 доллардан жаримага тортилади

Фото: «РИА Новости»

Бугун, 28 октябрь куни Бразилияда минглаб сайлов участкалари президентлик сайловининг иккинчи турини ўтказиш учун очилди.

Сайлов маъмуриятининг хабар беришича, овоз бериш жараёни маҳаллий вақт билан соат 8:00 (Тошкент вақти билан 15:00) да бошланган. Сайловнинг дастлабки маълумотлари маҳаллий вақт билан саот 19:00 да эълон қилинади.

Мамлакатда 147,3 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга. 18-70 ёш ўртасидаги фуқаролар учун сайлаш мажбурий ҳисобланади. Овоз бермаган фуқаро 1 доллар жарима тўлаши керак. 16-17 ҳамда 70 ёшдан юқори бўлган кишилар ҳам ўз хоҳишига кўра овоз бериши мумкин.

Сайловнинг 1-тури шу йилнинг 7 октябрь куни ўтказилган, ўшанда ғолибни аниқлаш имкони бўлмаган эди.

Овозлар сонига кўра, Социал-либерал партиясидан номзод Жаир Болсонару ва Сўл меҳнат партиясидан Фернанду Аддад иккинчи турда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлишди. Биринчи номзод 46 фоиз, иккинчиси эса 29,3 фоиз овоз олган эди.

Сайловда Болсонарунинг қўли баланд келиши таҳмин қилинмоқда. «Datafolha» компанияси ўтказган ижтимоий сўров натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 56 фоизи Болсонаруга, 44 фоизи эса Аддадга овоз беришга тайёр эканини айтган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг