Эроннинг жавоби ва сўнгги ўзгаришларга назар: Қонуний мудофаадан минтақавий масъулиятгача
Замонавий халқаро тартиб бир нечта асосий тамойилларга таянади: давлатлар суверенитетини сақлаш, ҳарбий тажовузни тақиқлаш ҳамда низоларни ҳуқуқий ва дипломатик механизмлар ёрдамида ҳал қилиш. Шу билан бирга, амалда шундай ҳолатлар юз берадики, мазкур тамойиллар бузилади ва бирор давлат ҳарбий ҳаракат хавфи остида қолади. Бундай шароитда халқаро ҳуқуқ фақат битта қонуний жавоб йўлини назарда тутади: қонуний мудофаа ҳуқуқи.
Форс кўрфаз ва Эрон атрофидаги сўнгги ўзгаришларни ҳам айнан мана шу доирада таҳлил қилиш лозим. Яъни дастлаб Эронга қарши ҳарбий ҳаракат амалга оширилган ва кейин Эроннинг жавоби ўзини ҳимоя қилиш шаклида бўлган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг энг муҳим тамойилларидан бири – халқаро муносабатларда куч ишлатишни тақиқлаш тамойилидир. БМТ Низомининг 2-моддасига кўра, ҳеч бир давлат бошқа давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатиш ҳуқуқига эга эмас. Эрон томонидан билдирилган расмий позицияга кўра, бу мамлакатга қарши амалга оширилган ҳужум ушбу асосий тамойилнинг очиқ-ойдин бузилиши ҳисобланади. Халқаро ҳуқуқда бундай ҳаракатлар қонунга зид равишда куч ишлатиш сифатида баҳоланади ва бу минтақавий ва глобал хавфсизликка жиддий таҳдид солиши мумкин.
Тажовузни тақиқлаш тамойили билан бир қаторда, БМТ Низоми муҳим бир истиснони ҳам назарда тутади – бу қонуний мудофаа ҳуқуқидир. БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ, агар бирор давлат қуролли ҳужумга учраса, у ўзини ҳимоя қилиш учун чора кўриши мумкин.
Эрон мамлакатнинг ҳарбий жавоби АҚШ ва сионистик режим томонидан амалга оширилган дастлабки тажовузга жавоб сифатида ва айнан шу ҳуқуқий тамойил доирасида амалга оширилганлигини маълум қилди. Халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан, қонуний мудофаа қуйидаги асосий шартлар бажарилганда қонуний ҳисобланади: зарурат, мутаносиблик ва таҳдид ўчоқларини нишонга олиш.
Замонавий можароларнинг энг мураккаб жиҳатларидан бири – ҳарбий амалиётларни амалга ошириш учун учинчи давлатлар ҳудуди ёки инфратузилмасидан фойдаланишдир. Кўплаб замонавий урушларда ҳарбий кучлар операцияларни амалга ошириш учун бошқа мамлакатларда жойлашган базалар, аэропортлар ёки иншоотлардан фойдаланишади.
Бундай ҳолатларда шундай савол туғилади: агар бир давлатга қарши ҳарбий амалиёт бошқа бир давлат ҳудудидан амалга оширилса, бунинг масъулияти қандай белгиланади? Кўплаб ҳуқуқий таҳлилларга кўра, агар бир давлатнинг ҳудуди ёки инфратузилмасидан бошқа давлатга қарши ҳарбий амалиётда бевосита фойдаланилса, у ҳолда бундай инфратузилмалар ҳарбий нуқтаи назардан операциянинг бир қисми ёки қонуний мудофаа нишони сифатида баҳоланиши мумкин.
Эрон олдинроқ бошқа давлатлар ҳудуди, осмони ёки имкониятларидан Эронга қарши ҳужум учун фойдаланилса, бу тажовузда иштирок сифатида баҳоланади деб огоҳлантирганди. Бу огоҳлантириш аслида инқирознинг кенгайиб кетишини ва минтақадаги давлатларнинг можарога тортилишини олдини олишга қаратилган ҳаракат эди.
Мазкур огоҳлантиришларга қарамай, эълон қилинган баъзи маълумотларга кўра, Эронга қарши айрим амалиётлар минтақанинг баъзи давлатларида жойлашган ҳарбий базалар ёки инфратузилмалардан фойдаланган ҳолда режалаштирилган ёки амалга оширилган.
Бундай шароитда Эрон минтақадаги айрим нишонларга нисбатан амалга оширилган жавоб чоралари бу давлатлар ёки уларнинг халқларига қаратилмаган, балки фақат Эронга қарши ҳарбий амалиётларда фойдаланилган инфратузилмаларга қаратилганлини маълум қилди.
Кўплаб таҳлилчилар томонидан бундай ёндашув можаро доирасини чеклаш ва уни минтақавий урушга айланиб кетишининг олдини олишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳоланади.
Яна бир муҳим жиҳат – Эроннинг Форс кўрфазидаги қўшни давлатлар билан муносабатларининг моҳиятидир. Мазкур давлатлар асрлар давомида бир-бирлари билан ёнма-ён яшаб келган ва улар ўртасида кенг иқтисодий, маданий ва ижтимоий алоқалар мавжуд.
Эрон бир неча бор минтақадаги қўшни давлатлар, уларнинг халқлари ва ҳукуматлари билан ҳеч қандай ихтилофга эга эмаслиги ва Форс кўрфази хавфсизлиги минтақа давлатларининг ўзи томонидан таъминланиши кераклигини таъкидлаган.
Сўнгги йилларда ҳам Эрон ва Форс кўрфази араб давлатлари ўртасидаги мулоқотларни мустаҳкамлаш ва тарангликни юмшатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар амалга оширилган.
Кўплаб таҳлилчиларнинг фикрича, минтақадаги баъзи бир кескинликларнинг асосий омилларидан бири – Форс кўрфазида АҚШ ҳарбий кучларининг кенг миқёсдаги иштирокидир. Кўплаб ҳарбий базаларнинг мавжудлиги ва айрим мамлакатларда хорижий ҳарбий кучлар ҳамда техникаларнинг жойлашуви баъзи ҳолатларда мезбон давлатларни ўзлари истамаган ҳолда минтақавий инқирозларга тортиб кетиши мумкин.
Минтақа жамоатчилиги ҳам ҳарбий можароларнинг кенгайишига нисбатан жуда эътиборли ва кўп ҳолларда хорижий ҳарбий кучларнинг жойлаштирилишига қарши эканини билдириб келади. Кўплаб сўровномаларда Яқин Шарқ аҳолиси ўз мамлакатлари катта давлатлар рақобатининг майдонига айланиб қолишидан хавотирда эканини билдирган.
Форс кўрфази дунёнинг энг муҳим стратегик ҳудудларидан бири ҳисобланади ва жаҳон энергия савдосининг катта қисми айнан шу ҳудуд орқали амалга оширилади. Бу минтақадаги ҳар қандай ҳарбий таранглик бутун дунё учун катта иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Кўплаб мутахассисларнинг фикрича, бундай инқирозларнинг яна такрорланишини олдини олишнинг энг барқарор йўли – минтақавий мулоқотларни кучайтириш, давлатлар суверенитетини ҳурмат қилиш ва минтақа давлатлари ҳудудидан ҳарбий можаролар учун фойдаланишга йўл қўймасликдир.
Форс кўрфази минтақаси давлатларининг аҳолиси, ҳукуматлари ва давлат ҳокимиятлари Эрон учун ҳурматга сазовордир ва бу яхши қўшничилик муносабатлари бундан кейин ҳам давом этади.
Муҳаммадали Искандарий, Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекситон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси
(Мазкур материалдаги қарашлар таҳририят позициясини англатмаслиги мумкин)


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter