Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Nipah вирусининг хавфи ва уни эртароқ аниқлаш йўли айтилди

Nipah вирусининг хавфи ва уни эртароқ аниқлаш йўли айтилди

Nipah вирусининг инкубация даври 45 кунгача давом этиши мумкин. Бу эса шундан далолат берадики, Ҳиндистонда вирусни юқтирган сайёҳ ватанига қайтиб, касалликни ўзи билан олиб келиши эҳтимоли бор.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, вирус илк бор аниқланган дарё номи билан аталган бўлиб, унинг табиий ташувчилари — кўршапалаклар ва улар орқали зарарланадиган уй ҳайвонлари, айниқса чўчқалар ҳисобланади. Шу сабабли Жануби-Шарқий Осиёнинг қишлоқ ҳудудларидаги чўчқа фермаларида ишловчилар юқори хавф гуруҳига киради.

Таъкидланишича, вирус оғир асоратлар ва ўлим ҳолатларининг юқори улуши билан ажралиб турадиган ўта хавфли инфекциялар тоифасига киради. Шу билан бирга, айрим зарарланганларда касаллик аломатсиз ёки енгил шаклда кечиши ҳам мумкин.

Вируснинг дастлабки белгилари ноаниқ бўлиб, оддий грипп ёки ЎРВИни эслатади: юқори ҳарорат, ҳолсизлик, бош оғриғи. Бу эса, айниқса вирус одамдан одамга юқиши мумкинлигини ҳисобга олганда, эрта ташхис қўйишни қийинлаштиради. Шифокорларнинг таъкидлашича, Nipah вирусига шубҳа туғилганда, шифокорга эндемик ҳудудларга қилинган яқин сафарлар ҳақида албатта хабар бериш жуда муҳим, шунда мақсадли текширувлар тайинланади.

Вирус нафас олиш тизими ва марказий асаб тизимини зарарлаб, энцефалитга олиб келади. Касалликни бошдан кечирганларнинг тахминан 20 фоизида неврологик асоратлар сақланиб қолади: сурункали бош оғриқлари, онг бузилишлари, кўриш муаммолари, мушаклар кучсизлиги ёки тутқаноқлар.

Иммунолог-шифокорлар Nipah вирусини ташхислаш жуда қийинлигини, унинг ўлим даражаси юқори эканини ва у Марбург ҳамда Эбола вирусларидан ҳам хавфлироқ бўлиши мумкинлигини қайд этишди. Касаллик кўршапалаклар ёки чўчқалар билан бевосита алоқа, уларнинг ажратмалари билан ифлосланган озиқ-овқат ёки ичимликлар орқали, шунингдек, одамдан одамга яқин мулоқот пайтида юқиши мумкин.

Касалликнинг илк босқичида симптомлар оддий ЎРВИга мос келади, бу эса ўз вақтида ташхис қўйишни янада қийинлаштиради. Кейинчалик эса вирус мия ва нафас олиш тизимини зарарлаб, эпилептик хуружлар, руҳий ўзгаришлар, нутқ ва ҳаракат функцияларининг бузилиши, фалажлик, кўриш муаммолари ва тутқаноқларга сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санэпидқўмита Нипах вируси Ўзбекистонда қайд этилмаганини маълум қилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг