Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Омад чангалидаги одам – ғайриоддий Фране Селак

Омад чангалидаги одам –  ғайриоддий Фране Селак

Инсон ҳаётида тасодиф, омад ва тақдир ҳақида кўп гапирилади. Аммо шундай одамлар борки, уларнинг қисмати ҳатто илмий эҳтимол қонунларига ҳам зид кўринади. Хорватиялик мусиқа ўқитувчиси Фране Селак фикримизнинг далилидир. У кетма-кет фалокатлардан омон қолгани, ўлим билан бир неча бор юзма-юз келгани ва кейинчалик миллионерга айлангани билан дунёга машҳур бўлди. Селак ҳаёти – фожиа, тасодиф ва ғайриоддий омад қоришган ҳақиқий ҳаётий триллердир.

Оддий ҳаётдан бошланган тақдир

Фране Селак 1929 йилда Хорватияда туғилган. У оддий оилада ўсди. Қандайдир машҳурлик ёки бойликка интилиб яшамади. Ҳаётининг катта қисмида Селак мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлади. У тинч ва камтарона ҳаёт кечирди.

Аниқроғи, фалокатлар бошлангунга қадар мутлақо оддий инсон эди. Аммо 30 ёшидан кейин Селакнинг ҳаёти кескин ўзгариб кетди.

1-фалокат: поезд ҳалокати

1962 йилда Селак поездда кетаётганида ушбу транспорт релсдан чиқиб, муздек дарёга қулаб тушди. Натижада 17 йўловчи ҳалок бўлди. Селак қўли синган ва гипотермия ҳолатида тирик қолди. У қандайдир куч билан сувдан чиқиб кетганини айтди.

Поезд ҳалокати Селакнинг ўлим билан биринчи жиддий учрашуви эди.

2-фалокат: самолётдан қулаш

Бир йил ўтиб, яна фожиа рўй берди. Парвоз вақтида самолёт эшиги очилиб кетиши натижасида бошқа йўловчилар қатори Селак ҳам тушиб кетди. Самолёт ҳалокатга учради.

Селак баландликдан қулади. Қарангки, у тасодифан қор босган пичан устига тушди. Ушбу фалокатдан тирик қолган ягона одам Фране Селак эди.

Мазкур воқеа уни Европа оммавий ахборот воситаларида машҳур қилиб юборди.

3-фалокат: автобуснинг ағдарилиши

1966 йили Селак кетаётган автобус музлаган йўл туфайли дарёга тушиб кетди. 4 киши ҳалок бўлди.

Селак сувдан сузиб чиқди. У фақат енгил жароҳатлар олган эди.

4-фалокат: машина ёниб кетиши

1970 йил эди. Селакнинг шахсий автомобили йўлда тўсатдан ёниб кетди. У машина портлашидан бир неча сония олдин автоуловдан тушиб қочишга муваффақ бўлди.

5-фалокат: яна автоуловда...

Бензин насосидаги носозлик сабабли яна бир автомобилда портлаш юз берди. Селакнинг сочлари ёниб кетди, аммо қарангки, у яна тирик қолди.

1993 йил эди ўшанда.

6-фалокат: кўчада бирдан...

1995 йил. Селакни автобус уриб юборди. У яна енгил жароҳат билан қутулиб кетди.

7-фалокат: жарлик қаърида

Орадан бир йил ўтгач, 1996 йилда энг драматик ва даҳшатли воқеалардан бири юз берди. Тоғ йўлида Селакнинг машинаси бошқарувдан чиқиб кетди. У машинадан сакраб, дарахтга илиниб қолди. Автоулов эса 100 метр пастга қулаб тушиб портлади.

Фране Селак тағин тирик қолди.

Кутилмаган бурилиш – миллион долларлик ютуқ!

Юқоридаги бир талай фалокатлардан сўнг ҳаёт унга бутунлай бошқа “совға” берди. 2003 йили Селак миллий лотереядан тахминан 1 миллион доллар пул ютди.

Селак катта уй сотиб олди, тўй қилди. Кейин эса бой-бадавлат ҳаёт кечира бошлади. Аммо бундай яшаш узоқ давом этмади.

«Воз кечаман...»

Кейинчалик Фране Селак кутилмаган қарор қабул қилди. У бойлик инсонни бахтли қила олмаслигини айтди. Пулларининг катта қисмини қариндошлари ва дўстларига улашди. Сўнг улкан уйини сотиб юбориб, оддий ҳаётга қайтди.

«Ҳа, пуллар ҳеч қачон ҳақиқий бахтни бермайди», – деб таъкидлади у.

Селак ҳақида баҳслар: у афсонами ё ҳақиқат?

Журналистлар ва тадқиқотчилар Фране Селакнинг ҳаёти борасда турлича фикр билдиришади. Юқорида келтирилган баъзи воқеалар расмий ҳужжатлар билан тасдиқланган, айримлари журналистик ривоят сифатида баҳоланади. Айрим олимлар эса эҳтимоллар нуқтаи назаридан бу ҳолатни деярли имконсиз деб ҳисоблашади.

Шунга қарамай, Селак омма учун “ўлимни алдаган одам” сифатида қолган.

Барибир ўлим ҳақ

Фране Селак ҳаётининг сўнгги йилларини Хорватияда тинч ҳаёт кечириб ўтказган. У оммадан узоқ яшашни афзал кўрган. Журналистларга камдан-кам интервью берган.

Сўнгги ишончли маълумотларга кўра, Фране Селак 2016 йил 30 ноябрда вафот этган. У 87 ёшда эди.

Селак табиий сабаблар билан ҳаётдан кўз юмган. Яъни, у кўплаб ҳалокатлардан омон қолган ва ниҳоят табиий ўлим билан вафот этган.

Акбар Фатҳуллаев

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг