Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қирол Чарлз вафоти ҳақида янглиш ахборот тарқатган Британия радиоси узр сўраб чиқди

Қирол Чарлз вафоти ҳақида янглиш ахборот тарқатган Британия радиоси узр сўраб чиқди

Британиядаги Radio Caroline радиостанцияси техник хатолик сабабли Қирол Чарлз III вафот этгани ҳақида нотўғри хабар бериб юборганидан кейин тингловчилардан узр сўради.

Маълум қилинишича, 19 май куни тушдан кейин асосий студиядаги компьютер хатоси туфайли мамлакат радиостанцияларида фавқулодда ҳолат учун тайёр ҳолда сақланадиган «монарх вафоти» протоколи тасодифан ишга тушган.

Радиостанция раҳбари Питер Мур Facebook’даги баёнотида бу воқеа техник носозлик оқибатида юз берганини айтди. Унинг сўзларига кўра, эфирда Қирол Чарлз вафот этгани ҳақида хабар берилганидан сўнг радио эфири ҳам вақтинча тўхтаб қолган.

«Биз дастурларни зудлик билан тикладик ва эфир орқали узр сўрадик», – деди у.

Радиостанция қанча вақт давомида эфир тўхтаб қолганига аниқлик киритмаган. Бироқ станция сайтида 19 май куни соат 13:58 дан 17:00 гача бўлган эфир ёзувлари мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Ҳодиса Қирол Чарлз ва қиролича Камилла Шимолий Ирландияга ташриф буюрган кунга тўғри келди. Улар ўша вақтда Белфастда халқ ансамбли чиқишини томоша қилиб турган бўлган.

Маълумот учун, 1964 йилда ташкил этилган Radio Caroline радиоси илгари Британия соҳиллари яқинидаги кемалардан эфир узатган машҳур норасмий радиостанция ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг