Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қудратли жосуслик хизмати раҳбари ўзгарди. Махфий идоранинг янги бошлиғи ҳақида нималар маълум?

Қудратли жосуслик хизмати раҳбари ўзгарди. Махфий идоранинг янги бошлиғи ҳақида нималар маълум?

Фото: FCA/PA

Буюк Британия махфий разведка хизматига (MI6) янги раҳбар тайинланди. Ҳукумат расмий сайтида берилган ахборотга кўра, 2014 йилдан буён махфий идорага раҳбарлик қилиб келган Алекс Янгер ўрнига Ричард Мур тайинланмоқда. Янги бошлиқ кузда ўз вазифасини бажаришга киришади.

Хўш, дунёдаги энг қудратли махсус хизматлардан бири дея эътироф этилган MI6нинг янги етакчиси ҳақида нималар маълум?

Ричард Мур – разведкачи, дипломат. 57 ёшли арбоб Ливияда туғилган. Оксфорд ва Ҳарвард университетларида фалсафа, сиёсатшунослик ва иқтисодиёт йўналишларида таҳсил олган. Жосуслик идорасида 1987 йилдан, 24 ёшида иш бошлаган. Ўшандан буён у разведкачи ҳамда дипломат вазифаларини уйғун равишда олиб бормоқда. Британиянинг Туркия, Покистон, Вьетнам, Малайзиядаги ваколатхоналарида ишлаган. Сўнгги йилларда ташқи ишлар вазирлигининг сиёсий масалалар бошқармасига раҳбарлик қилган.

Охирги йилларда инглиз махфий разведка хизмати бор куч-имкониятларини асосан терроризмга қарши курашга сафарбар қилди. Инглиз матбуотига кўра, жосуслик идорасининг янги раҳбари сифатида Р.Мур олдига Хитой ва Россия таҳдидига қарши курашиш вазифаси қўйилган. Айни чоқда, унга ташкилотнинг технологик имкониятларини такомиллаштириш ҳам юкланган.

Хабарларга кўра, махфий идора раҳбарлигига Р.Мурдан ташқари бир неча таниқли номзод кўрилган. Аммо разведкачи сифатида MI6, дипломат сифатида ҳукумат фаолиятидан воқиф номзод сифатида Р.Мур номзоди тасдиқланган.

2014-2017 йилларда қиролича зоти олияларнинг Туркиядаги элчиси вазифасида фаолият юритган Р.Мур турк тилини мукаммал билишини ҳам қайд этиш жоиз. Сир эмас, сўнгги пайтларда Туркия йирик геосиёсий куч сифатида Яқин ва Ўрта Шарқдаги жараёнларда фаол иштирок этмоқда. Таҳлилчиларга кўра, Туркия билан дўстона алоқаларга эга Р.Мур расмий Лондон ва Анқара ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга ҳам ҳисса қўшиши кутилмоқда. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг