Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россия иқтисодиёти қулаш арафасида – Дэвид О'Салливан

Россия иқтисодиёти қулаш арафасида – Дэвид О'Салливан

Россия иқтисодиёти қулаш арафасида ва мамлакат 1998 йилдаги каби молиявий бўҳрон билан юзма-юз турибди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О'Салливан маълум қилган.

“Биргина санкциялар Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтата олмайди. Аммо ўтган тўрт йил мобайнида санкциялар сезиларли таъсир кўрсатганига ишончим комил. Россия иқтисодиёти ҳалокатли вазиятга тушган. Барча иқтисодий мезонлар огоҳлантирувчи қизил чироқни кўрсатмоқда. Давлат молияси, инфляция ва ўта юқори фоиз ставкалари каби муаммолар сабаб мамлакат рецессия томон шўнғимоқда”, – деган ЕИ дипломати немис матбуотига берган интервьюсида.

Қайд этилишича, Россия саноати ҳарбий иқтисодиётни молиялаштириш учун кредит олишга мажбур бўлган, аммо эндиликда уларни қоплаш имконсиз қолмоқда.

“Россия 1998 йилги бўҳрон каби молиявий инқироз остонасида турибди. Урушни ҳар қандай вазиятда ҳам давом эттиришга аҳд қилган диктатор шундай йўл тутиши мумкин. Аммо эртами-кечми вазият буткул тоқат қилиб бўлмайдиган даражага етади”, – деган Дэвид О'Салливан.

Сиёсатчи Россия иқтисодиёти аввалига секин, кейин ўта тез қулашини таъкидлар экан, ҳозирча бунинг аниқ муддатини айтиш имконсизлигини айтган.

Маълумот ўрнида: ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О'Салливан 2023 йили Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказган ва Ўзбекистондан Россияга санкцияларни четлаб ўтиш учун ёрдам бермаслик кафолатини олган эди.

Россия Украинага қарши босқинчилик урушини бошлаган 2022 йил 24 февралдан кейин унга қарши мисли кўрилмаган иқтисодий санкциялар,

молиявий чекловлар жорий этилди. Жумладан, Россияга қарши 2014 йилдан буён жорий этилган санкциялар сони 31,5 мингтадан ошган. Чекловларнинг қарийб 92,5 фоизи 2022 йил февраль ойи охиридан бошлаб кучга кирган.

Аввал хабар берганимиздек, ЕИ Кенгаши 2027 йилдан Россиядан газ импортини тўлиқ тақиқлашни назарда тутувчи қонунни тасдиқлади.

Йил бошида эса ЕИ Россия Федерациясини ноқонуний равишда пул ювиш ва терроризмни молиялаштириш эҳтимоли юқори бўлган давлатлар қаторига киритди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг