Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шойгу Путинга қарши яширин фитна тайёрлаяптими?..

Шойгу Путинга қарши яширин фитна тайёрлаяптими?..

Фото: ТАСС

Яқинда “Важные истории”, СNN, Financial Times каби оммавий ахборот воситалари Европа мамлакатларидан бирининг разведка хизматига таянган ҳолда Россияда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрилаётгани ва президент Владимир Путин ҳаётига таҳдид мавжудлиги ҳақида маълум қилди.

Xabar.uz ҳам куни кеча эҳтимолий таҳдидларнинг ортиши фонида Путинни қўриқлашга қаратилган чоралар сезиларли даражада кучайтирилгани, Россия раҳбари асосий вақтини бункерда ўтказаётгани ҳақида ёзганди.

Разведка маълумотларига қараганда, 2024 йил май ойидан буён Россия Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида фаолият юритаётган ва ҳарбий қўмондонликда ўз нуфузини сақлаб қолган собиқ мудофаа вазири Сергей Шойгу “беқарорлик келтириб чиқарувчи омил” ўлароқ кўрилмоқда.

Шойгунинг собиқ биринчи ўринбосари Руслан Цаликовнинг жорий йил 5 март куни ҳибсга олиниши элита учун норасмий хавфсизлик кафолатининг бузилиши деб баҳоланмоқда. Ушбу ҳибс Шойгунинг нуфузини пасайтиради ва унга қарши жиноий иш очилиши эҳтимолини оширади, деб ҳисоблайди “Важные истории”.

Россияда чиндан ҳам Путинга қарши фитна ҳозирланмоқдами? Бу масалада экспертлар икки гуруҳга бўлинган. Биринчи тоифа Украина махсус хизмати Россия ҳудудида муваффақиятли амалиётлар ўтказаётганини қайд этиб, Путинга нисбатан таҳдид реал эканини айтмоқда. Иккинчи тоифа таҳлилчилар эса давлат тўнтариши эҳтимоли паст, шов-шувли маълумотлар Россия элитаси орасида ваҳима уйғотишга мўлжалланган деб ҳисоблайди.

Хўш, Владимир Путиннинг кўп йиллик сафдоши ва дўсти Сергей Шойгу ҳам унга қарши фитнага бош қўшганми?

“Шойгу узоқ йиллар мобайнида Воробьёв (сўз сенатор ва Шойгунинг ФВВдаги собиқ биринчи ўринбосари Юрий Воробьёв ёки унинг ўғли Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёв ҳақида кетмоқда – таҳр.), Тимченко

(Геннадий Тимченко – миллиардер, Путиннинг дўсти – таҳр.) каби шахслардан иборат қудратли кланга бошчилик қилган. У мудофаа вазири ва ФВВ раҳбари бўлган вақтда қўл остидаги кўп сонли кишиларни коррупция ришталари билан боғлаган эди”, – дейди “Важные истории” нашри асосчиси Роман Анин DW билан суҳбатда.

Жорий йил апрель ойида Телеграмдаги ВЧК-ОГПУ канали Кремль ички вазият билан боғлиқ таҳдидлардан хавотирда экани ҳақида хабар берганди.

Куни кеча Москвада 9 май – Ғалаба кунига атаб ўтказиладиган ҳарбий парад муносабати билан хавфсизлик чоралари янада кучайтирилгани, жумладан, пойтахтда 5-9 май кунлари мобил интернет ва СМС хизмати чекланиши маълум бўлди.

Сиёсатшунос Екатерина Шульман фикрича, Путин ҳақиқатан ҳам ўз хавфсизлигидан хавотирга тушиб қолган ва шу боис парад формати ўзгартирилди.

Украина махсус хизмат амалга ошираётгани тахмин қилинган россиялик генералларга қарши муваффақиятли суиқасдлар ҳам Путинни қўрқитиб қўйган деб ҳисоблайди сиёсатшунос Аббос Галлямов. Аммо катта ресурс ва дастакдан маҳрум қилинган Сергей Шойгу давлат тўнтариши қилишга қодир эмас, дейди у.

Шульман ҳам FT ва CNN чоп этган маълумотларнинг ҳаққонийлигига шубҳа билдирган.

Россия бўйича мутахассис Марк Галеотти эса Путинга қарши фитна ҳақидаги хабарларни элита орасида ғулғула уйғотишга қаратилган дезинформация деб атаган.

Аввал хабар берганимиздек, Сергей Шойгу роппа-роса икки йил аввал мудофаа вазири лавозимидан бўшатилиб, РФ Хавфсизлик кенгаши котиблигига ўтказилган эди.

Украинага қарши тажовузкор уруш бошланишидан бир неча ҳафта ўтиб, Россия Қуролли кучларининг Украинадаги йўқотишлари ҳақида Кремль раҳбарига айтилмагани важидан Путин ва Шойгу ўртасида кескинлик кучайгани хабар қилинганди.

Сўнгги бир неча йилда айрим таҳлилчилар Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий юриш ортидан Россияда ҳокимият алмашуви рўй бериши ҳақида ёзиб келмоқда.

Баъзи экспертлар Путин аллақачон мутлақ ҳокимиятни бой бера бошлагани ҳақидаги фаразни ҳам илгари сурган. Масалан, россиялик сиёсатшунос Аббас Галлямов Путин ва унинг хос аъёнлари Украина уруши муваффақиятсиз тугаса, хорижга қочишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Ўз даврида Путин командасида фаолият юритган А.Галлямовга кўра, қочиш операцияси “Нуҳ кемаси” деган рамзий ном билан аталган.

Россия собиқ бош вазири Михаил Касьянов Путинга хавфсизлик гарови эвазига ҳокимиятдан кетиш таклифи берилиши мумкинлиги ҳақида айтган эди. Собиқ бош вазир Хитой Путинни ўз ҳимоясига олиши ва унинг хавфсизлигини кафолатлаши мумкин бўлган ягона давлат эканини таъкидлаган.

Аммо Германия федерал разведка хизмати раҳбари Бруно Каль бу каби тахминларни рад этиб, Путиннинг ҳокимияти мустаҳкам эканини таъкидлаган. Унинг фикрича, Россиянинг Украина урушидаги нўноқликлари борасида жамоатчилик эътирозлар билдирмоқда, аммо бу Путиннинг курсиси лиқиллаб қолганидан далолат бермайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг