Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сирли булутлар: ўтмиш ва келажакка парвоз

Сирли булутлар: ўтмиш ва келажакка парвоз

фото: https://ru.pngtree.com/

1975 йили 127 нафар йўловчиcи бор самолёт Майами аэропортига яқинлашган чоғи қўққисдан ҳавода йўқолиб қолди. Ўн дақиқа давомида локатор экранида умуман кўринмади, радиотўлқинда овози ҳам эшитилмади. Пировардида айнан аввалги – йўқолган жойида пайдо бўлди-ю, белгиланган вақтдан ўн дақиқа кечикиб ерга қўнди.

Ушбу фавқулодда ҳодиса Швейцарияда чиқадиган «Велтвохе» газетасида батафсил ёритилди. Аммо ҳеч ким «Ўша жойдан олдинлари ҳам талай самолёт учиб ўтган, бирон марта ҳам бунақа ҳолат кузатилмаган. Бу қанақаси?» деган саволга аниқ жавоб беролмади.

Бундай самовий воқеа-ҳодисалар муқаддам бошқа ҳудудларда ҳам кузатилгани фанда кўп бор қайд этилган. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши даврида жанговар топшириқни бажариб қайтаётган рус бомбардимончи самолёти аэродром тепасига етганида оппоқ булутлар қаърига шўнғигану, кўздан ғойиб бўлган. Шу заҳотиёқ ер билан алоқаси узилган. Ярим соат ичида қандайдир мавҳум муҳитда бир ярим минг чақиримлик масофани учиб ўтган. Булутлар орасини ёриб чиққач, Ўрол тоғлари ортида кўзга чалинган.

Янада қизиқарли бошқа далил. 1934 йили Виктор Гуддарт исм-шарифли шотландиялик учувчи, хоҳ ишонинг-хоҳ ишонманг, ўз самолётида келажакка «сайр» қилади. «Оғиркарвон» булутлар оғушида парвоз қилиб бораётиб, самолёти қанотлари остида қуёш шуъласидан чароғон нотаниш ер бўлагини кўради. Унда қўналға ҳам бўлиб, кўзни қамаштирадиган даражада равшан ёруғликка чулғанганди. Бир четда самолётлар турадиган ғайритабиий шаклли бинолар қад ростлаган, сал беридаги ҳаво лайнерлари эса сариқ тусда товланарди.

Гуддарт узоқ йиллар учувчилик қилиб, бунақа қўналға борлигини эшитмаган ва кўрмаган эди. Афсуски, у «янги аэродром»га қўниш бахтига муяссар бўлолмади. Самолёт боягидан-да бошқачароқ кўринишдаги булутлар бағрига шўнғиди-ю, лаҳза ўтмай учган жойига келиб қўнди.

Тўрт йилдан кейинги парвозларидан бирида Гуддарт ўша аэродромни иккинчи бор кўрди. Ҳамма-ҳаммаси ўтган сафаргидек эди. Ўша сариқ иморатлар, уларнинг атрофида сариқ рангга бўялган самолётлар турарди.

Вақти-соати етиб, Гуддарт авиация маршали даражасига кўтарилди. Лекин мудом ўз фикрида собит қолди. «Менинг кўрганим келажакда барпо этилажак аэродромлар эди!» деган хулосасидан ҳеч қачон воз кечмади.

Самолёт билан боғлиқ тилсимларга бағоят қизиқадиган даниялик физик Покс Хеглунд бу янглиғ ноёб ҳолатлардан 274 тасини қоғозга туширган. У тўплаган маълумотлар, асосан, собиқ иттифоқ ва Америка учувчилари кўрган воқеалар баёнидан иборат эди.

Мана, айрим мисоллар:

1976 йил. «МиГ-25» самолёти учувчиси Виктор Орлов кутилмаганда ерга ғалати хабар беради. Пастда қизғин жанг бораётганини, душманлар бир-бирига XIX аср тўпларидан снаряд, пилта милтиқлардан ўқ отишаётганини кўраётганини айтади.

1984 йил. Флорида штати устидан учиб ўтган америкалик учувчи Р.Уитмен ерга қадам қўяр-қўймас, ҳаяжон аралаш шундай дейди: «Биласизларми, мен ҳозиргина қаерда бўлдим – ўрта асрларга хос Европада! Юқоридан туриб улкан гулханни, унинг ён-верида уюм-уюм бўлиб ётган инсон лошларини кўрдим». Демак, Р.Уитмен ўзи билмаган ҳолда қитъада вабо авжига чиққан даврларга «сайр» қилган бўлиши мумкин. Нато Қуролли кучларининг бошқа бир учувчиси эса кўҳна Римга «ташриф» буюради. Нигоҳи шаҳар кўчаларида юрган икки ғилдиракли жанг араваларига, афтидан, яқиндагина қуриб битказилган коллизейга тушади.

1985 йил. Худди шу Қуролли кучларнинг бошқа учувчиси Шимолий Европада жойлашган базадан самога кўтарилади. Зум ўтмай, ёзма тарих пайдо бўлмасидан олдинги Африка осмонига бориб қолади. Учиш жараёнида пастда ёйилиб ўтлаб юрган динозаврларни ҳам кўради.

1988 йил. Учувчи Александр Устинов бурчини ўтаётиб, илкис ҳушёр тортади. Заминда эндигина тикланган битта эҳром бўлиб, бошқаларининг пойдеворини қуриш жадал суръатларда олиб бориларди. Бунёдкорлик майдонида одамлар ғимирларди...

Юқоридаги битикларни ўқиб, эҳтимол, сиз ҳам ҳайратга тушгандирсиз. Эҳтимол, «аравани қуруқ олиб қочиш эви билан-да» дея лаб бургандирсиз. Шубҳага бормаслигингиз учун битта гапни эслатиб ўтай: юқорида тилга олинган воқеалар шоҳиди бўлган учувчиларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилган. Шифокорлар «Уларнинг тани-жонлари соғ, асаблари ва руҳий ҳолатлари рисоладагидек», деган ижобий хулоса беришган.

Хўш, у ҳолда учувчилар самода бўлган пайтлари уларга кўринган манзаралар нима эди: мозий ва келажакнинг инсон хаёлида шунчаки жонланишими ёки борлиқ дунёнинг ҳамиша танҳо осмон остида жамланишими?

Буниси энди ҳозирча инсоннинг ақли етмаган росмана жумбоқ!

А.Ҳайдаров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг