Улкан одамнинг оғир қисмати
У ниҳоятда баҳайбат эди. Шу боис одамларда кучли қизиқиш уйғотар, ҳамма кўришга ошиқарди. Бу гигантнинг ҳаёти ҳам ўзгача. У улканлиги билан диққат-эътибор қозонар, бироқ жисми ва ботинида ҳам улкан дард бор эди. Аммо бошқаларга нима фарқи бор, улар томоша кўрса бўлди-да! Шов-шувли «дев»нинг азиятлари, муаммолари ҳеч кимнинг парвойига келмасди.
Ғайриоддий ўсиш
Йохан Кристинн Петурссон 1913 йил 9 февралда Исландиянинг Акурейри шаҳри яқинидаги фермер оиласида дунёга келган. Қишнинг қоқ ўртасида туғилгани боис, унга «Қишки Йохан» деган лақаб берилди. Йохан оилада тўққизта фарзанднинг учинчиси бўлиб вояга етди. Ўша пайтларда Исландия Даниянинг бошқаруви остида бўлиб, оила камбағал, аммо меҳнаткаш фермерлардан иборат эди.
Йохан ҳали чақалоқ пайтида уларнинг оиласи Дальвикка, кейин эса Сварфадардалур водийсига кўчиб ўтди. Кейинчалик айнан шу музофот унга яна бир тахаллусни – Йохан Сварфдалингур номини берди.
Ўн беш ёшигача Йохан бошқалардан деярли фарқ қилмаган. Кейин эса бўйи ғайриоддий тезликда ўсишни бошлади. Қисқа фурсат ичида у икки метрдан ошиб кетди. Ўн етти ёшида эса ҳайратланарли куч соҳиби бўлди – айтишларича, Йохан юк машинасини даст кўтарган экан.
Йигирма ёшга бориб унинг бўйи 2 метр 15 сантиметрга, вазни эса 125 килограммга етди. Бироқ улкан жуссаси билан бирга оғир синовлар ҳам келган эди. Йоханни бўғимлардаги кучли оғриқлар қийнай бошлади. Ҳаракатланиши оғирлашди, ҳассага таянишга мажбур бўлди. Иш топиш эса деярли иложсиз эди.
Парда ортида
Ота-онасига оғирлиги тушмаслигини ўйлаган Йохан Исландияни тарк этиб, Копенгагенга йўл олди. У ерда ҳаётида биринчи марта саҳнага чиқди. Маҳаллий водевиль томошалари ва «ғаройиботлар цирки» деб аталган саҳналарда Йохан улкан қомати билан томошабинларни ҳайратда қолдирди. Шу билан бирга, у кемасозликда ҳам оғир меҳнат қилди.
Йохан саҳнада «Исландия викинги», «Шимолий дев», «Тирик тоғ» сифатида намоён бўларди. Бироқ парда ортида у бутунлай бошқа инсон эди – камгап, мулойим, самимий ва жуда меҳрибон. Айнан шу фазилатлари сабабли у «севгиси кўп викинг» деган номга сазовор бўлди. Аёллар Йоханнинг улкан қоматидан қўрқар, аммо яқиндан билганлар унинг қалби жуда нозик эканини англар эдилар.
Газеталарда шов-шув
Петурссон ҳаётининг кейинги босқичи уни шон-шуҳрат билан бирга оғир синовлар сари етаклади. Копенгагенда бошланган саҳна фаолияти Йоханнни тез орада Европа чегараларидан олиб чиқди. У Германия, Буюк Британия, кейин эса Америка Қўшма Штатларига гастрол сафарларига отланди. Газета сарлавҳаларида шов-шувли «Исландия викинги», «Тирик дев», «Шимолдан келган қаҳрамон» сифатида тилга олинди.
Бироқ саҳнада куч ва қудрат рамзи бўлган бу инсоннинг танаси ҳали-ҳануз оғир дард билан курашарди.
Шифокорлар кейинчалик Йоханда гигантизм (акромегалия билан боғлиқ ҳолат) мавжуд бўлганини таъкидлашган. Бу касаллик гипофиз безидаги ўсма сабабли ўсиш гормонларининг меъёрдан ортиқ ишлаб чиқарилиши натижасида пайдо бўлади. Айнан шу ҳолат Йоханнинг бўйи тўхтовсиз ўсишига, тананинг меъёрдан ортиқ вазн олишига сабаб бўлган.
Танасидаги оғриқлар туфайли Йохан доимий равишда азият чеккан, узоқ юришда қийналган, ҳассасиз ҳаракатлана олмаган. Уни тезда чарчаш ва кучли оғриқлар ҳам қийнар эди. Йохан саҳнада девдек кўринса-да, ҳаётда ҳар бир қадами азиятли кечарди.
Ханна билан муносабат: қўрқувдан меҳргача
Йохан Петурссон ҳаётида Ханна исмли аёл алоҳида ўрин тутган. Илк пайтларда Ханна унинг улкан қоматидан чўчир, дугоналари «бу одам сени янчиб юборади», дея ҳазил-чин аралаш огоҳлантирар эдилар. Аммо яқиндан танишгач, Ханна Йоханнинг мулойимлиги, эҳтиёткорлиги ва ички нозик дунёсига ошно бўлди.
Йохан уни илк бор ўзининг ғилдиракли уйига таклиф қилди. Бу кулба оддий эмас, махсус буюртма асосида тайёрланган, ақл бовар қилмас даражада катта эди. Уйдаги ҳар бир жиҳоз Йоханнинг бўйи ва вазнига мослаб ясалганди. Айниқса, каравот шунчалик улкан эдики, унда бир нечта оддий эркак бемалол ёта оларди.
Йохан ва Ханна ўртасидаги муносабат шиддатли севги бўлмай, балки аста-секин туғилган ишонч ва меҳрга асосланди. Ханна Йоханни саҳнадаги образи орқали эмас, оғриқ-азиятлар ичида ҳам ҳазил қилишга уринадиган инсон сифатида севди.
Бироқ Йоханнинг касаллиги ва доимий сафарлари бу муносабатни мустаҳкам оилага айлантиришга имкон бермади. Маълумотларга кўра, улар жимгина ўз йўлларидан кетишган. Ханна севгилисини тарк этмаган, аксинча Йохан уни ўзининг оғир тақдирига боғлаб қўйишни истамаган эди.
Шон-шуҳрат, ёлғизлик ва ўлим
Америкада Йохан катта машҳурликка эришди. У цирк саҳналари, кўргазмалар ва оммавий томошаларда иштирок этди. Одамлар бу баҳайбат одам билан суратга тушиш, қўлини ушлаш, уни «тирик афсона» сифатида кўриш учун навбатда туришарди.
Аммо саҳна ортида, меҳмонхона ҳужрасида Йохан кўпинча ёлғиз эди. Унинг узун бўйи ва саломатлиги оддий ҳаёт кечиришга имкон бермас, ишқ-муҳаббат эса ҳар доим ҳам сабрга тайёр бўлмасди.
Йохан Петурссон 1981 йилда 68 ёшида вафот этди. Қайд этилишча, унинг ўлими оғир касаллиги оқибатлари – юрак ва суяк тизимига тушган ортиқча юк билан боғлиқ бўлган. Йохан умрининг сўнгги йилларини нисбатан сокин ҳаёт кечириб, саҳнадан узоқда ўтказган эди.
Йохан Петурссон тарихда фақат улкан қомат эгаси сифатида эмас, балки оғир танасини кўтариб яшаган, меҳрга ташна инсон сифатида қолди. Унинг ҳаёти бир ҳақиқатни исботлади: инсонни девга айлантирувчи омил жисми эмас, балки жамиятнинг унга бўлган муносабатидир.
Йохан бутун умри давомида битта нарсани – ундан қўрқмасликларини, инсон сифатида қабул қилишларини астойдил истаган эди, холос.
Акбар Фатҳуллаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter