Навоийда 7 яшар бола «КаМАЗ» ҳайдади
Навоийда 7 яшар бола «КаМАЗ» бошқарди. Унинг хоҳиши фожеага айланиши мумкин эди.
«Акам менга катта КамАЗ машинасини берди. Мен уни бошқардим. Энди қайтиб бу ишни қилмайман...» деган сўзларни айтган Р.Ш. исмли боланинг ёши бор-йўғи, 8 да. Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Р.Ш. рулга ўтирган вақтида, атиги, 7 ёшда бўлган.
Маълум бўлишича, воқеа 2025 йилнинг сентябрь ойида Навоий вилояти, Кармана туманида содир бўлган бўлган. Унинг видеоси эса жорий йилнинг июнь ойида ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган. Хусусан, Instagram орқали тарқалиб, кенг жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлган видео юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан зудлик билан суриштирув ишлари олиб борилган. Аниқланишича, Р.Ш.га юк автомашинасини бошқаришга унинг аммасининг ўғли Қ.Х. рухсат берган.
Жарима майдонига вақтинчалик сақлаш учун жойлаштирилган улкан юк автомашинаси - «КамАЗ»ни айнан, шу ёш бола бошқарган бўлган.
«Машина ҳайдашни ўргатаман, деб нотўғри қарор қабул қилганимдан афсусдаман. Ўша вақтда бунинг оқибати шунчалик жиддий бўлишини англамаган эканман», — дейди Қ.Х. қилмишидан пушаймонлигини билдириб.
Мазкур ҳолат юзасидан Кармана туманида яшовчи фуқаронинг хатти-ҳаракати, шунингдек, ота-онанинг фарзандини етарли даражада назорат қилмагани бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Уларга қонун талаблари, йўл қоидаларининг аҳамияти ҳамда бундай бепарволикнинг аянчли оқибатлари ҳақида батафсил тушунтириш берилган ва профилактик видеоролик намойиш этилган.
«Бир қарашда оддий ҳазил ёки боланинг хоҳишини бажаришдек туюлган бу ҳаракат, аслида, юзлаб инсонларнинг ҳаётига хавф туғдириши мумкин эди. Тасаввур қилинг, бир неча тонна оғирликка эга юк автомашинаси рулга ўтирган, ҳатто, тормоз педалига ҳам зўрға етадиган бола учун ўйинчоқ эмас. Афсуски, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган тарғибот ишлари мунтазам олиб борилаётганига қарамасдан, ҳали-ҳамон айрим катталар болаларнинг эркалиги ёки қизиқишини, деб уларни автомобил бошқаришга қўйиб юбормоқда. Ҳар бир ота-она, ҳар бир ҳайдовчи шуни унутмаслиги керак: боланинг орзу-ҳавасини амалга оширишнинг ўрни бор. Аммо, бу орзу бошқаларнинг ҳаёти эвазига рўёбга чиқмаслиги шарт»,—дейди Фаёзжон Қосимов.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter