Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бобур Наби

Фиқрачилар фирқасиданман!

Аслида ким айбдор?

Аслида ким айбдор?

Фото: «Спутник»

У чорраҳаларни ёмон кўрарди ёки қўрқарди. Умуман, йўлни кесиб ўтишни ёқтирмасди. Светофорнинг кўрсатмаларига доим амал қиларди. Лекин бир куни ўзи қўрққан воқеа содир бўлди. Йўлдан ўтаётганда машина уриб юборди...

Йўқ, аввал йўлчироққа қаради: пиёдалар учун яшил ранг порлаб турарди. Ундан сўнг қадам босди, катта йўлнинг ярмига етганда чап тарафдан уввос солиб келаётган автоуловнинг узундан-узоқ би-биплаган товуши эшитилди. Бироқ у тўхташни ҳам, қарашни ҳам истамади, аниқ биларди, йўл уники. Қараса бўларкан...

Машина зарбидан бир-икки метр нарироққа бориб тушди. Бошқа автомобиллар ҳам тўхтади, оломон йиғила бошлади. У эса асфальтда қонга беланиб ётарди. Оломон ичра ғала-ғовур авж олди. Одамлар айбдорни қидиришга тушиб кетишди.

Кимдир айбни унга тўнкади. Йўлга қарамасдан ўтганмиш, сигнални эшитиб ҳам тўхтамаганмиш.

Бошқа биров учар ҳайдовчини айблади: қизил чироқдан ўтгани етмагандек, шаҳар марказида бундай тезликда ҳайдашни аҳмоқгарчиликка йўйди.

Костюм-шимли бир йигит айбни умуман бошқа одамдан қидирди: паналарга яшириниб турадиган мелисалар беркинмасдан, йўлларни назорат қилганда бу каби кўргиликлар юз бермасди.

Қорин қўйган қирқ ёшлардаги эркак эса кузатув камералари ҳамма жойда ҳам йўқлигидан нолиди. Агар видеокамералар ўрнатилганда ҳайдовчилар қоида бузмасди, натижада ҳалокатлар кузатилмасди. «Чет элда шунақа-да», — деб қўйди билармонлигини кўз-кўз қилгандек.

Ёши етмишларга бориб қолган бир рус кампир эса автомобилларнинг ҳаддан зиёд кўплигидан астойдил норози бўлди. Унинг айтишича, кўчаларда юриш анча хавфли, йўлни кесиб ўтиш умуман имконсиз экан.

Қорачадан келган озғин бир аёл негадир «тез ёрдам» машиналарининг вақтида етиб келмаслигидан ёзғирди. Шу баҳонада ўзининг ташвишини ҳам айтиб олди: бир кун олдин уйига «тез ёрдам» чақирганида у нақд қирқ дақиқада келибди. Вақтни эринмасдан ҳисоблаганини ҳам таъкидлади...

Галстук таққан ўрта ёшлардаги эркак эса орган ходимларини айблади: улар учар ҳайдовчига жазо қўллашни кечиктириши ёки у умуман жазосиз қолиб кетиши мумкинлигига ҳам ишора қилди.

Хуллас, азага келган ўз дардини айтиб йиғлади...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг