Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Энди кунига 15 дақиқа китоб ўқиш эвазига пул берилади

Энди кунига 15 дақиқа китоб ўқиш эвазига пул берилади

Бугунги кунда ёшу қарини бирдек ўзига маҳлиё қилган телефонни титиш ўрнига китоб ўқишга ундаш учун Сингапурда ғайриоддий ташаббус йўлга қўйилди. Мамлакатда аҳоли ҳар куни камида 15 дақиқа мутолаа қилиб, буни махсус рақамли платформада қайд этса, виртуал тангалар билан рағбатлантирилади.

Ташаббус Сингапур Миллий кутубхона кенгаши томонидан ReadSG ҳаракати доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади китоб ўқишни кундалик одатга айлантириш, одамларни рақамли чалғитишлардан бироз узоқлаштириш ва мутолаага қизиқишни ошириш.

Қоида оддий, иштирокчи ҳар куни камида 15 дақиқа китоб ўқийди ва ўқиган вақтини махсус тизимда қайд этади. Бунинг учун унга виртуал тангалар берилади. 1000 виртуал танга 1 Сингапур долларига тенг.

Бир қарашда мукофот миқдори катта эмасдек туюлади. Бироқ ташаббуснинг мақсади катта даромад бериш эмас, балки инсонни ҳар куни китоб ўқишга одатлантиришдан иборат. Масалан, ҳар куни 15 дақиқадан мутолаа қилган иштирокчи бир йилда 7300 та виртуал танга тўплаши мумкин.

Сингапур расмийлари бу ташаббус орқали сўнгги йилларда кенг тарқалаётган «думскроллинг» — ижтимоий тармоқларда контентни мақсадсиз ва узлуксиз айлантириб кўриш одатига муқобил фаолиятни рағбатлантиришга уринмоқда.

Масала фақат телефондан узоқлашишда эмас. Мутахассислар узун матн ўқиш диққатни жамлаш, ахборотни чуқурроқ англаш ва танқидий фикрлаш билан боғлиқ эканини таъкидлайди. Шу сабабли Сингапурда мутолаани оддий кундалик одатга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қизиғи шундаки, Сингапурнинг 15 ёшли ўқувчилари китоб ўқиш ва матнни тушуниш бўйича дунёдаги энг юқори натижаларни қайд этаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади. OECDнинг PISA-2022 тадқиқотига кўра, Сингапурдаги 15 ёшли ўқувчиларнинг 89 фоизи ўқиш саводхонлиги бўйича камида иккинчи даражага эришган. Бу кўрсаткич OECD мамлакатлари ўртача натижасидан анча юқори.

Шу билан бирга, PISA натижалари Сингапурда ўқиш кўрсаткичлари 2018 йилга нисбатан 2022 йилда пасайганини ҳам кўрсатган. Демак, мамлакатда ўқиш саводхонлиги юқори бўлишига қарамай, мутолаа маданиятини янада мустаҳкамлаш зарурати долзарб бўлиб қолмоқда.

Сингапурнинг янги ташаббуси эса бу муаммога рақамли даврга мос усул билан ёндашмоқда. Инсонга «телефонни қўй ва китоб ўқи» дейиш ўрнига, мутолаа жараёнининг ўзи рақамли тизим орқали кузатилади ва кичик бўлса-да, молиявий рағбат берилади.

Энг муҳими, бу ташаббус китоб ўқишни мажбурият эмас, кундалик одатга айлантиришни кўзламоқда. Зеро, ҳар куни 15 дақиқадан бошланган мутолаа бир йил охирига келиб ўнлаб соатлик ўқишга айланиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг