Тошкент ва Самарқанд «FAO»нинг Яшил шаҳарлар тармоғига қўшилди
Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) Яшил шаҳарлар тармоғига аъзо бўлди.
FAO'нинг Римдаги бош қароргоҳи ҳузуридаги Яшил шаҳарлар ташаббуси котибияти томонидан 2026 йил 20 августда берилган сертификатларда Тошкент ва Самарқанд FAO Яшил шаҳарлар тармоғига аъзо шаҳарлар сифатида расман қайд этилган.
Тармоққа қўшилиш орқали бу икки шаҳар яшилроқ, соғломроқ, бардошли ва инклюзив шаҳар муҳитини ривожлантириш йўлида ҳамкорлик қилаётган глобал шаҳарлар ҳамжамиятига кирди. Мазкур тармоқ комплекс шаҳар кўкаламзорлаштириш ёндашувлари орқали барқарор шаҳар ривожланишини илгари суриш ҳамда аъзо шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ушбу тармоқ учта асосий йўналиш бўйича ечимлар ва стратегияларни илгари суради: шаҳар ва шаҳар атрофи ўрмон хўжалиги, шаҳар ва шаҳар атрофи қишлоқ хўжалиги ҳамда барқарор биоиктисодиёт.
FAO Яшил шаҳарлар тармоғига аъзолик Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига техник кўмак олиш ва салоҳиятни ривожлантириш, билим ва тажриба алмашиш, шаҳарлараро ҳамкорлик платформаларида иштирок этиш, тегишли глобал асослар ва экологик кун тартибларига мувофиқликни таъминлаш бўйича кўмак олиш, шериклик алоқаларини ривожлантириш, ресурсларни сафарбар этиш ва инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, барқарор шаҳар ечимларини илгари сураётган етакчи шаҳарлар сифатида халқаро мақомини ошириш имконини беради.
2020 йилда бошланган GCI (Яшил шаҳарлар ташаббуси) лойиҳасининг мақсади 2030 йилга келиб 1000 та шаҳарда истиқомат қилувчи аҳолининг саломатлиги ва фаровонлиги, шунингдек, атроф-муҳит ҳолатини сезиларли даражада яхшилашга кўмаклашишдан иборат. Тармоқ доирасидаги ҳамкорлик FAO Яшил шаҳарлар коммюникеси ҳамда FAOнинг Яшил шаҳар тамойиллари ва мезонларига асосланади.
2025 йилда бўлиб ўтган Биринчи халқаро Яшил шаҳарлар конференциясида тақдим этилган Яшил шаҳарлар коммюникеси яшил шаҳарлар глобал ҳаракатини ривожлантириш бўйича умумий қарашлар ва жамоавий мажбуриятларни ифодалайди. FAOнинг Яшил шаҳар тамойиллари ва мезонлари эса Яшил шаҳарлар ташаббусининг концептуал асослари ва йўналтирувчи тамойилларини белгилайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter