Ўзбекистон делегацияси Париждаги илк Халқаро космик саммитда иштирок этмоқда
Парижда илк бор ўтказилаётган Халқаро космик саммитда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Саммитда космик соҳанинг келажаги, халқаро ҳамкорлик, космик иқтисодиёт, илмий тадқиқотлар, замонавий технологиялар ва космик хавфсизлик масалалари муҳокама қилинмоқда.
Жорий йилнинг 9–10 сентябр кунлари Париждаги «Grand Palais» мажмуасида Франция Президенти Эммануэл Макрон ташаббуси билан биринчи Халқаро космик саммит бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича департаменти раҳбари Бобур Ходжаев ҳамда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этмоқда.
Саммитда 90 та давлат ва халқаро ташкилот вакиллари, 60 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда вазирлар, шунингдек, космик агентликлар, астронавтлар, экспертлар, стартаплар ва космик соҳада фаолият юритувчи мингдан ортиқ етакчи компания вакиллари жамланган. Тадбирнинг асосий мақсади — космик соҳани барқарор ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва замонавий чақириқларга биргаликда ечим топиш бўйича янги ташаббусларни илгари суришдан иборат.
Саммит доирасида «Тез ўзгараётган дунё учун янги космик макон», «Космик хавфсизлик: Европадан жавоблар» ва «Келажакдаги космик инфратузилма ҳақидаги қарашлар» мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, «Глобал космик иқтисодиёт», «Хавфсизлик ва ҳамкорлик», «Фан ва тадқиқотлар» йўналишларида панель муҳокамалари ташкил этилди.
Саммитнинг эътиборли жиҳатларидан бири — 14 та давлатдан 19 нафар таниқли астронавтнинг иштирок этаётганидир. Улар орасида Франциядан Тома Песке, Италиядан Саманта Кристофоретти ва Лука Пармитано, Германиядан Александр Герст ва Маттиас Маурер, Бирлашган Араб Амирликларидан Султон Ал-Нейяди, Туркиядан Алпер Гезеравжи каби машҳур астронавтлар бор. Тадбир доирасида космонавтларни қутлаш маросими ҳам ўтказилди. Унда Франция Республикаси Президенти Эммануэл Макрон иштирок этди.
Халқаро космик саммит космик соҳадаги янги имкониятларни муҳокама қилиш, илғор тажриба ва билим алмашиш, шунингдек, давлатлар, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор ўртасида истиқболли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
Ўзбекистон делегациясининг мазкур нуфузли халқаро тадбирдаги иштироки мамлакатнинг рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва юқори технологиялар билан бир қаторда космик соҳадаги глобал жараёнларга ҳам қизиқиши ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётганини кўрсатади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter