Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

NASA Ойга парвозни кечиктирди

NASA Ойга парвозни кечиктирди

Фото: NASA

NASA ўзининг «Артемида» (Artemis) Ой дастури жадвалига жиддий ўзгартиришлар киритди. NBC ёзишича, фазогирларнинг Ой юзасига қўниши 2028 йилда, «Артемида-4» миссияси доирасида амалга оширилиши кутилмоқда.

Эски режага кўра, инсоннинг Ойга қўниши 2027 йилги «Артемида-3» миссиясида амалга оширилиши керак эди. Бироқ, режа ўзгарди ва «Артемида-3» миссияси фақат Ер қуйи орбитасида технологик синовлар билан чекланади.

NASA агентлиги Space Launch System (SLS) ракета-ташувчисини ишлаб чиқаришни тизимлаштирмоқчи. Бу парвозлар орасидаги вақтни ҳозирги 3 йилдан 10 ойгача қисқартириш имконини беради. NASA маъмури Жаред Айзекман бу қарорни дастурнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш учун «курсни тўғрилаш», дея таърифлади.

Ойга қўниш кечиктирилган бўлса-да, яқин кунларда тарихий воқеа юз бериши кутилмоқда. 50 йилдан ортиқ танаффусдан сўнг илк бор инсон иштирокидаги Ой атрофини айланиб чиқиш (фазогирлар Ойга қўнмасдан қайтади) — «Артемида-2» миссиясига тайёргарлик якунланди. Агар ёнилғи қуйиш ва бошқа якуний синовлар муваффақиятли ўтса, 6 март куни Ой томон учадиган фазовий кемага старт берилиши кутилмоқда.

Инсон охирги марта Ой юзасига 1972 йилнинг декабрида («Аполлон-17») қадам қўйган. Ўшанда фазогирлар — Южин Сернан ва Ҳаррисон Шмитт Ойда 3 суткадан кўпроқ вақт давомида илмий тадқиқотлар олиб боришган. 2028 йилги миссия инсониятнинг ярим асрлик танаффусдан кейинги илк қайтиши бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг