Хитойда «шакар солиғи» жорий этилиши мумкин
Хитойда «шакар солиғи» жорий этилиши мумкин, деб хабар берди Financial Times.
Мамлакат расмийлари таркибида шакар миқдори юқори бўлган ичимликлар учун алоҳида солиқ жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу чора нафақат бюджет тушумларини ошириш, балки аҳоли саломатлигига шакар истеъмоли туфайли етаётган зарарни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Хитой шакарли ичимликлар учун миллий солиқ жорий этилмаган кам сонли йирик мамлакатлардан биридир. Маълумот учун: дунёнинг 115 га яқин мамлакатида бундай чеклов киртилганига анча бўлган.
Пекин университети ва Хитой Ижтимоий фанлар академияси томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, 20 фоизлик «шакар солиғи» минглаб одамларнинг бевақт вафот этишининг олдини олиши мумкин. Бу чора семириш, диабет ва бошқа сурункали касалликлар хавфини сезиларли даражада камайтиради.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июл ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) барча давлатларни ширин ичимликлар чакана нархига камида 20 фоизлик солиқ солишга чақирган эди. Бундан кўзланган мақсад — 2035 йилга бориб бундай маҳсулотлар нархини 50 фоизга ошириш орқали истеъмолни камайтиришдир.
Хитойнинг 2025 йилда эълон қилинган овқатланиш бўйича янги тавсияларига кўра, 2030 йилгача бир киши учун кунлик шакар истеъмоли миқдорини 25 граммгача тушириш белгиланган. Ҳозирда бу кўрсаткич ўртача 30 граммни ташкил этади.
The Washington Post маълумотларига кўра, 2025 йилда Хитойда вояга етганларнинг ярмидан кўпи ортиқча вазнлилар экани қайд этилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter