Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Трамп сиёсати қимматга тушди: Ford 900 миллион доллар йўқотди

Трамп сиёсати қимматга тушди: Ford 900 миллион доллар йўқотди

Ford Motor Co. компанияси АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг тариф сиёсатидаги ўзгаришлар туфайли қўшимча равишда қарийб 900 миллион доллар зарар кўради.

Бу ҳақда Bloomberg агентлиги компаниянинг молия директори Шерри Хаус баёнотига таяниб маълум қилган.

2025 йил 23 декабрда Ford компаниясига етказилган янги кўрсатмага мувофиқ, импорт қилинадиган эҳтиёт қисмлар учун имтиёзли тариф шартларини компания дастлаб режалаштирилганидек май ойидан эмас, балки фақат ноябр ойидан қўллаши мумкин бўлган. Бу қарор натижасида автогигантнинг 2025 йилдаги умумий божхона харажатлари 2 миллиард долларга етди ва бу аввалги кутилмалардан икки баробар кўпни ташкил этди. Жорий йилда ҳам тариф харажатлари шунга яқин миқдорда бўлиши кутилмоқда.

Фискал босим ошганига қарамасдан, Ford юқори маржали пикап ва йўлтанламас автомобилларига бўлган талаб ўсиши ҳисобига 2026 йилга бориб 10 миллиард долларгача амалий фойдага эришишни режалаштирмоқда.

Бундан аввал, декабрь ойида Ford электромобил бизнесини кенг кўламли қайта тузишни эълон қилган эди. Бу жараён 19,5 миллиард доллар миқдоридаги активларни ҳисобдан чиқаришга олиб келди. Шу билан бирга, электромобил бўлинмасининг йил якуни бўйича зарари ўтган йилдаги 5,1 миллиард долларга нисбатан 4,8 миллиард долларгача қисқарган.

2025 йил март ойида Трамп АҚШда ишлаб чиқарилмайдиган барча автомобиллар ва эҳтиёт қисмларига 25 фоизлик импорт божлари жорий этган эди. Президент маъмурияти йиллик тариф тушумлари тахминан 100 миллиард долларни ташкил этиши кутилганини билдирган. Ушбу қарор ортидан General Motors Co. ва Ford Motor Co. акциялари 5 фоиздан ортиққа пасайган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг