Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ФВВ огоҳлантириш билан чиқди

ФВВ огоҳлантириш билан чиқди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мамлакат бўйлаб савдо марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектларида ёнғин хавфсизлиги бўйича кенг кўламли текширувлар бошланганини маълум қилди. Вазирлик огоҳлантиришича, ёнғин хавфсизлиги талаблари жиддий бузилган тақдирда объектлар фаолияти вақтинча тўхтатилиши мумкин.

Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, объект ҳудуди ҳамда бино-иншоотларида ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш маскан раҳбарлари зиммасига юклатилган.

ФВВ томонидан қуйидаги асосий талабларга эътибор қаратиш сўралмоқда: биноларнинг эвакуация чиқиш йўллари доимий равишда очиқ ва шай ҳолатда бўлиши, объектлар ёнғин сигнализацияси ҳамда бошқа ёнғинга қарши техник ҳимоя воситалари билан жиҳозланиши ва уларнинг ишчи ҳолати мунтазам назорат қилиб борилиши, шунингдек, бинолар ҳудуди ва қаватлари ёнғин ўчиришнинг бирламчи воситалари билан етарли миқдорда таъминланиши лозим.

Шу билан бирга, объект ҳудуди ёки биноларни ижарага бериш жараёнида ижарага олувчи томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этилиши шартнома шартларида аниқ белгилаб қўйилиши зарурлиги таъкидланган.

Вазирлик ахборотида қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги “Aviator” савдо марказида содир бўлган ёнғин каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида республика миқёсида ишчи гуруҳлар тузилиб, жойларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Текширувлар давомида ёнғин хавфсизлиги талабларининг кўплаб бузилиши аниқланган ҳолатларда, камчиликлар бартараф этилгунга қадар объектлар фаолияти вақтинча тўхтатилмоқда.

Шунингдек, қонунчиликка мувофиқ, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмаслиги оқибатида келиб чиққан ёнғин ҳолатлари учун объект раҳбарлари ва бошқа масъул шахсларга нисбатан маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгилангани эслатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 январь куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган “Aviator” савдо-кўнгилочар марказида ёнғин содир бўлиб, оқибатда 3 ёшли қизалоқ вафот этганди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси ва 259-моддаси билан жиноят иши қўзғатилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг