Бухородаги ноқонуний қурилишлар: прокурор ахборот берди (видео)
Бухоро вилояти прокуратураси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов 2025 йил давомида қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш, коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.
- 2025 йилда вилоятда 2800 га яқин назорат тадбири ўтказилди. Натижада 6700 дан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Хусусан, 3145 та қонунга зид ҳуқуқий ҳужжатларга протест келтирилди, қонун бузилишлари ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш юзасидан 1269 та тақдимнома киритилди. Кўрилган чоралар натижасида 1466 нафар масъул шахс интизомий, 517 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилди, — деди Бухоро прокурори.
Маълумот берилишича, ҳудудларга етказилган 1,1 млрд сўмлик зарарни ундириш мақсадида 62 та даъво аризаси киритилган. Жиддий қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 287 та жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, бевосита прокурорлар кўмаги билан 112 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган, 420 та субъект фаолияти қайта тикланган. Бунинг натижасида 789 та иш ўрни сақлаб қолинган.
Матбуот анжуманида хуфёна иқтисодиётни камайтириш, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, айниқса, гиёҳвандлик ва кибержиноятларнинг олдини олиш бўйича вазифалар ижросига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шу билан бирга, вилоятда қатор соҳалардаги муаммолар танқидий муҳокама қилинди. Жумладан, кадастр идораларининг мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари, қурилиш бошқармаси ҳамда қурилиш соҳасидаги назорат инспекциясининг уй-жой қурилиши устидан назоратни таъминлаш фаолияти, соғлиқни сақлаш тизимида бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, ушбу йўналишларда соҳани рақамлаштириш орқали коррупциянинг олдини олиш бугунги куннинг долзарб ва масъулиятли вазифасига айланган.
Мулоқот давомида Бухорода, айниқса, Бухоро шаҳрида қурилиш соҳасига оид долзарб ва оғриқли муаммолар кўп кузатилаётгани, бу борада ечимини кутаётган масалалар талай экани юзасидан баҳс-мунозаралар кучайди.
- Ўрганувларимизга кўра, Бухоро вилоятида 2018 йилдан буён 59 та кўп қаватли уй бузилиб, улар ўрнида жами 845 та хонадонли 89 та уй-жой қурилиши ҳамда турли манзилларда 164 та нотурар объект барпо этиш ишлари бошланган. Бироқ, объектларнинг аксариятида қурилиш ишлари якунига етмаган, айрим ҳолатларда эса қурилиш қонуний ҳужжатларсиз амалга оширилган. Қурилиш ташкилотлари ёки фирибгарлик жиноятини содир этган шахсларга нисбатан 20 дан ортиқ жиноят ишлари қўзғатилиб, ўндан зиёд мансабдор шахсларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди ва уларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди, — деди Улуғбек Ҳамдамов.
Кўрилган чоралар натижасида 1251 нафар фуқаронинг ўз хонадонларига кириши таъминланган. Шу билан бирга, ҳали-ҳануз якунига етмаган қурилишлар мавжудлиги қайд этилди.
- Қонунни билмаслик, уни менсимаслик ёки унга итоат қилмаслик, нафақат, тадбиркорга, балки фуқаро, давлат ва жамиятга ҳам зарар етказади. Ўзбекистонда қабул қилинаётган барча қонун, қарор ва фармонлар фуқаролар манфаати учун чиқарилади. Қонунларни билиш ҳар бир шахснинг бурчи. У оддий фуқароми ёки мансабдор - фарқи йўқ. Қонунни билмаслик жазо ва жавобгарликдан озод қилмайди, - деди вилоят прокурори журналистлар билан мулоқотни давом эттирар экан.
Унинг айтишича, уй-жойга эгалик қилишда жабр кўрган фуқаролар манфаатини таъминлаш мақсадида барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Асосий мақсад фуқароларга етказилган зарарни тўлақонли қоплаш.
- Айрим қурилиш ташкилотлари томонидан янги фирибгарлик ҳолатлари ҳам фош этилмоқда. Хусусан, 2020–2021 йиллардаги нархларда эгаларига топширилиши лозим бўлган кўп қаватли уйлар қурилиши якунига етказилмай, пайсалга солинган. Айрим ҳолатларда қурилиш ташкилотлари ўша давр нархи билан ҳозирги бозор нархи ўртасидаги фарқни инобатга олмасдан, шартномани бекор қилиб, фуқароларга фақат аввал тўланган маблағни қайтариш орқали масъулиятдан қочишга уринишган. Бугун эса қурувчи фақатгина аввалги пулни қайтариш билан етказилган зарардан қутулиб қолмайди. Одамларга узоқ йиллар давомида етказилган маънавий зарар, ижара харажатлари, банк молия ставкалари қайта ҳисобланиб, ҳозирги бозор қиймати қанча бўлса, ўшанча миқдорда тўлақонли ундириб берилади. «Ноқонуний йўлга ўтаман», деган қурувчилар бундай фирибгарликни амалга ошира олмайди. Зарарни қоплаш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича ишлар охиригача олиб борилади, - деди вилоят прокурори.
Матбуот анжуманида «Дилимнурстрой» МЧЖ, «Абсолют Элит Билдинг», «СК Лидер» МЧЖ, «Мир Гулмир», «Алис Аниви», «Бунёдкор стройсервис», «Бунёдкор экострой сервис», «Бунёдкор шаҳарсозлик”, «Рамзишандир», «Нурафшон», «Шамс Нур», «Ҳумоева Шаҳодат», «Ҳумо Азия», «Инпала», «Муҳаббат қурилиш» ва бошқа қатор қурилиш ташкилотлари раҳбарларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилгани ҳамда уларнинг жавобгарлик масаласи ҳал қилингани очиқланди.
Маълум қилинишича, мазкур қурилиш ташкилотлари раҳбарларининг аксарияти айни пайтда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ муассасаларида жазо муддатини ўтамоқда.
- Ҳар бир ҳаракатимиз қонунчиликда белгилаб қўйилган тартиб асосида амалга оширилади, -деди Улуғбек Ҳамдамов.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Бухорода қонун устуворлигини таъминлаш, айниқса, қурилиш соҳасидаги тартибсизликларга барҳам бериш ва коррупция хавфини камайтириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter